Ҳуқуқий ахборот портали

Мактабгача таълим ташкилотларида ўқув йили 2 сентябридан кейинги йилнинг 31 майигача бўлган даврни, ёзги соғломлаштириш даври 1 июнидан 31 августигача бўлган даврни ўз ичига олади.

Мактабгача таълим ташкилотларининг иш режими

Мактабгача таълим ташкилотларидаги гуруҳлар уларда болаларнинг бўлиши давомийлигига қараб:

  • болалар қисқа вақт бўладиган гуруҳлар (кунига 3-4 соат);
  • тўлиқ кунли гуруҳлар (кунига 9, 10,5 ва 12 соат);
  • болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳлар бўлиши мумкин.

Мактабгача таълим ташкилотларининг:

  • болалар 3-4 соат бўладиган гуруҳларида — кундузги уйқу ташкил этилмайди ва бир марталик овқатлантириш ташкил этилиши мумкин;
  • болалар 9 — 10,5 соат бўладиган гуруҳларида — 3 марталик овқатлантириш ташкил этилиши ва кундузги уйқу учун шароитлар яратилган бўлиши керак;
  • болалар 12 соат бўладиган гуруҳларида — 4 марталик овқатлантириш ташкил этилиши ва кундузги уйқу учун шароитлар яратилган бўлиши керак.

Мактабгача таълим ташкилотларининг болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳларида кундузги ва тунги уйқу ҳамда 5 марталик овқатлантириш ташкил этилиши учун шароитлар яратилган бўлиши керак.

3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар узлуксиз ухламайдиган муддатнинг тавсия этиладиган максимал давомийлиги 5,5 — 6 соатни ташкил этади.

3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун суткалик уйқунинг тавсия этиладиган умумий давомийлиги муддати 12 — 12,5 соатни ташкил этади, шундан 2 — 2,5 соатни кундузги уйқу учун ажратиш тавсия қилинади.

Мактабгача таълим ташкилотининг иш режими ва болаларнинг унда бўлиши давомийлиги унинг уставида белгиланади.

Боғчада гуруҳдаги болалар сони

Боғчада ҳар бир гуруҳдаги бола сони меъёри камида 20 нафар бўлиши, бироқ 25 нафардан ортиқ бўлмаслиги лозим. Гуруҳларни бошқа ёшдаги гуруҳдан ўтган болалар билан тўлдириш ўқув йили охиридан янги ўқув йилига қадар (июнь, июль, август ойида), янги қабул қилинаётганлар билан тўлдирилиши ўринлар бўшашига қараб амалга оширилади.

Боғчада ташкил этиладиган қисқа муддатли гуруҳлар

Боғчада қуйидаги қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилади:

  • Ривожлантириш гуруҳи — сони 20 нафардан кам, бироқ 25 нафардан ортиқ бўлмаган 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун уларни ҳар томонлама ривожлантириш, тенгдошлар ва катта ёшли болалар жамоасига мослаштириш мақсадида ташкил этилади;
  • “Келажакдаги ўқувчи” гуруҳи — сони 20 нафардан кам, бироқ 25 нафардан ортиқ бўлмаган 5 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун уларни мактабга тайёрлаш мақсадида ташкил этилади;
  • Интеграллашган гуруҳ — сони 15 нафардан кам, бироқ 20 нафардан ортиқ бўлмаган 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун болаларни жамиятга мослаштириш, ривожланишида руҳий нуқсони бўлган болаларга мунтазам равишда психологик-тиббий-педагогик ёрдам кўрсатиш, уларга таълим-тарбия бериш, ота-оналарни консультатив-методик қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилади. Ушбу гуруҳда соғлом болалар билан биргаликда уч нафардан ортиқ бўлмаган “руҳий ривожланиши суст” ташхисли болалар ҳам якка тартибдаги режа бўйича таълим олади;
  • “Муаммоли бола” гуруҳи — сони 15 нафардан кам, бироқ 20 нафардан ортиқ бўлмаган 4 ёшдан 7 ёшгача бўлган ногирон болалар учун уларга мунтазам равишда психологик-тиббий-педагогик ёрдам кўрсатиш, таълим жараёнига жалб этиш, ижтимоий мослаштириш, болаларни тарбиялаш ва ўқитишни ташкил этишда ота-оналарга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилади. Ушбу гуруҳда ногирон болалар билан биргаликда соғлом болалар ҳам бўлиши мумкин, ногирон болалар (ақлий етуклиги сақланган) сони 3 нафардан кам бўлмаслиги лозим.

Боғчаларда ота-оналар ҳоҳишига асосан бошқа гуруҳлар (тўгараклар) ҳам ташкил этилиши мумкин.

Қисқа муддатли гуруҳларда тўлов боғча ва ота-оналар билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Боғчада тарбияланувчиларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш

Гуруҳ тарбиячиси эрталаб болаларни қабул қилиб олгандан кейин, тарбияланувчиларнинг соғлиги гуруҳ тарбиячилари томонидан ҳамшира назоратида кўрикдан ўтказилади.

Бола боғчада бўлган вақтда соғлиғининг ёмонлашуви, шунингдек бошқа нохуш ҳолатлар кузатилган ҳолларда боғча ходимлари томонидан зудлик билан тиббиёт ҳамширасига, шунингдек унинг ота-онасига хабар берилади. Бунда тарбияланувчининг ота-онаси етиб келгунга қадар тиббиёт ходими томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши лозим.

Бола боғчада бўлган вақтда уларни ёлғиз ва назоратсиз қолдириш тақиқланади.

Болаларни боғча ҳудудидан ташқарига сайр ёки экскурсияларга олиб чиқиш ички ишлар органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Боғчаларга ҳудудига кириш эшигига қўнғироқ ўрнатилиши ва гуруҳда мавжуд бўлган жавон, илгак, портретлар, шунингдек гул тувакларини жойлаштиришга мўлжалланган махсус мосламалар девор ёки полга маҳкамлаб қўйилиши лозим.

Боғчада овқатланишни ташкил қилиш

Боғчада овқатланишни ташкил этиш ушбу муассаса зиммасига юклатилади ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ амалга оширилади.
Бунда кунлик овқатлар – нонушта, иккинчи нонушта, тушлик ва кечки овқат бўлади.
Бунда боғчада:

  • тарбияланувчилар учун ўн кунлик тахминий таомномалар олдиндан тузилади;
  • таомнома кейинги иш куни учун соат 16.00 га қадар ҳамшира томонидан боғча ошпази ва омборчи иштирокида тузилади;
  • таомнома асосида кейинги кун учун озиқ-овқат маҳсулотлари омборчи томонидан ҳамшира ёки навбатчи тарбиячи иштирокида иш куни тамом бўлгунига қадар ошхонага берилади;
  • таомнома санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари асосида тўғри тузилганлиги ҳамшира ва боғча раҳбари томонидан имзо билан тасдиқланади;
  • таомноманинг битта нусхаси ҳамширага, иккинчи нусхаси ошхонага фойдаланиш учун берилади;
  • кунлик тайёрланадиган таом турлари ва бир тарбияланувчи учун таом миқдори махсус овқат тарқатиш жойига ёзиб қўйилади;
  • тарбияланувчилар учун таомлар овқатланиш технологияси қоидаларига амал қилган ҳолда тайёрланади, сақланади ва тарқатилади;
  • таомнома озиқ-овқат маҳсулотлари турларини кетма-кетликда ёзиш орқали шакллантирилади, бунда озиқ-овқат маҳсулотлари турлари нон билан бошланиб, туз билан тугатилади.

Болаларни овқатлантиришда фойдаланиш бутунлай тақиқланган маҳсулотлар рўйхати:
  • Қўзиқоринлар;
  • қайнатилмаган сут;
  • термитик ишлов берилмаган творог ва сметана;
  • сувда яшовчи қушларнинг тухуми ва гўшти;
  • ветеринар кўригидан ўтказилмаган гўшт ва балиқ;
  • уйда тайёрланган яшил нўхат, консерва маҳсулотлари;
  • қопқоғида герметик бузилиш аломати бўлган банкалардаги консерва маҳсулотлари;
  • ифлосланиш ва турли паразитлар билан зарарланиш аломати бўлган ун, крупа, қуруқ мевалар;
  • бузилиш аломати бўлган сабзавотлар;
  • aччиқ овқатлар, зираворлар, овқатга сунъий қўшимчалар;
  • таркибида синтетик ароматизаторлар, сунъий ранг берувчи воситалар қўшилган маҳсулотлар, хусусан газланган ичимликлар, кондитерлик маҳсулотлари, сақич чипс ва бошқалар;
  • тузланган сабзавот ва мевалар;
  • кулинар ёғлар;
  • ёғ массаси 72 фоиздан кам бўлган сариёғ;
  • турли хил колбаса, сосиска ва сарделкалар;
  • майонез, мурч, горчица, хрен, уксус, табиий кофе.

Бундан ташқари, боғчаларда токсик инфекциялар пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида қуйидаги овқат маҳсулотларини ҳам тайёрлаш ёки болаларга бериш тақиқланади:

  • қолиб кетган овқатлар;
  • квас;
  • гўштли ёки творогли блинчик;
  • тухум аралаштирилган макарон;
  • флотча макарон;
  • қовурилган тухум;
  • кремли кондитерлик маҳсулотлари;
  • кремлар; морс; паштет.

Боғчада болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари

Боғчада боланинг ривожланиши қўйидаги соҳалар бўйича белгиланади:

  • жисмоний ривожланиш ва соғлом турмуш тарзининг шаклланиши;
  • ижтимоий-ҳиссий ривожланиш;
  • нутқ, мулоқот, ўқиш ва ёзиш малакалари;
  • билиш жараёнини ривожланиши;
  • ижодий ривожланиш.

Болани ривожланиши Давлат талаблари соҳаларининг йўналишлари бўйича бажарилиш индикаторлари билан ушбу ҳавола рқали танишиш мумкин.

Боғчаларни ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель, жиҳозлар ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш меъёрлари билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

 

Норматив ҳужжатлар

Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 528-сон қарори

Chat