Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга қонун ҳужжатларида қўшимча кафолатлар берилган

Ҳомиладор аёлларни бошқа ишга ўтказиш

Ҳомиладор аёллар учун ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар енгилроқ ёхуд қулай иш шароитлари мавжуд бўлган ишга ўтказилади.

Ҳомиладор аёлга унга мос келадиган шароит қилиш масаласи ҳал этилгунга қадар у ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим.

Ҳомиладор аёлларни уларнинг розилигисиз хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди

Ҳомиладор аёллар қўшимча имтиёзларни олиш учун тиббий хулоса тақдим этишлари лозим.

Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни бошқа ишга ўтказиш

2 ёшга тўлмаган боласи бор ишлаётган аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, боласи 2 ёшга тўлгунга қадар енгилроқ ёки қулай шароитга эга бўлган ишга ўтказилади. Бунда аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланиши лозим.

Тунги ишларда аёллар меҳнатини чеклаш

Ҳомиладор ва 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга фақат уларнинг розилиги бўлганда йўл қўйилади.

Ҳомиладор ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тиббий хулосага асосан тунги ишларга жалб қилиш мумкин.

Аёлларга тўлиқсиз иш вақти

Ҳомиладор, 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлнинг, шу жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёлнинг илтимосига кўра унга тўлиқсиз иш вақти белгиланади (ҳар кун 1 соатга қисқартирилади).

Ногирон боласи бор аёлларга қўшимча дам олиш куни

Ногирон боласи 16 ёшга тўлгунга қадар ота-онанинг бирига (васийга, ҳомийга) ҳақ тўланадиган ойига бир дам олиш куни берилади.

Аёллар меҳнати тақиқланадиган ишлар

Меҳнат шароити ноқулай ва ер ости ишларида аёллар меҳнати тақиқланади (жисмоний бўлмаган ишлар ёки санитария ва маиший хизмат кўрсатиш бундан мустасно).

Аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилади.

Аёллар меҳнати тақиқланадиган ишлар рўйхати ҳамда улар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган юк нормаларининг чегараси қонун ҳужжати билан тасдиқланган.

Аёлларга йиллик таътилларни бериш

Ҳомиладор аёлларга ва бола туққан аёлларга йиллик таътиллар ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ёхуд болани парваришлаш таътилидан кейин берилади.

14 ёшга тўлмаган битта ва ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига йиллик таътиллар улар учун қулай бўлган вақтда берилади.

Аёллар учун қўшимча таътиллар

12 ёшга тўлмаган 2 ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 3 иш кунидан кам бўлмаган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

12 ёшга тўлмаган 2 ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 14 календарь кундан кам бўлмаган иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилади.

Chat