Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Меҳнат ҳақига оид умумий қоидалар

Меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи ва ходимнинг ўзаро келишуви бўйича белгиланади.

Меҳнат ҳақи ходимнинг ишлаган даври ва бажарган иши учун берилади.

Меҳнат ҳақининг энг кам миқдори

Энг кам ойлик иш ҳақи 223 000,00 сўмдан, тўлиқ бир ставка эса 634 881,00 сўмдан кам бўлиши мумкин эмас.

Қўшимча маълумотга эга бўлиш учун https://mehnat.uz/cyrl/as/salary ҳаволасидан фойдаланиш мумкин.

Меҳнат ҳақига район коэффициентлари ва устамалар

Меҳнат ҳақига район коэффициентлари ва устамалар табиий-иқлим ва турмуш шароитлари ноқулай бўлган жойларда белгиланади.

Қонун ҳужжатларида белгиланган район коэффициентлари билан қуйидаги ҳаволар орқали танишингиз мумкин: http://lex.uz/docs/462031#475320, http://lex.uz/docs/413695, http://lex.uz/docs/536800#536810.

Меҳнат ҳақининг шакли (натура ва пул кўринишида) 

Меҳнат ҳақи пул кўринишида тўланади. Қишлоқ хўжалиги вакиллари ходимларга меҳнат ҳақини ўзлари етиштирган ва қайта ишланган маҳсулотлар билан (натура) тўлаши мумкин.

Иш ҳақини тақиқланган шаклларда тўлаганлик учун мансабдор шахсларга маъмурий жарима белгиланган.

Ортиқча тўланган иш ҳақини қайтариш

Иш ҳақи ҳисоб-китобдаги хато натижасида ортиқча тўланган бўлсагина ходим томонидан қайтарилади. Иш берувчи томонидан ихтиёрий равишда тўланган ортиқча тўловлар қайтарилмайди.

Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари

Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Қоида тариқасида ҳар ойнинг 15 санасида аванс тўлови, кейинги ойнинг 5 санасигача ойлик маош берилади.

Меҳнат ҳақи шартларини ўзгартириш

Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ходимнинг розилиги билан ёки розилигисиз ўзгартирилиши мумкин.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг шартларини ходим учун ноқулай томонга ўзгартиришга унинг розилиги билан амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолларда ходимнинг розилигисиз меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ўзгартирилиши мумкин:

технологияда, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши натижасида аввалги шартларини сақлаб қолиш мумкин бўлмаса;

қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда йўл қўйилиши мумкин.

Бўлажак ўзгартириш ҳақида ходим камида икки ой олдин огоҳлантирилади.

Меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш

Ходимнинг меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш унинг ёзма розилиги билан ёки суднинг қарорига кўра амалга оширилиши мумкин.

Ходимнинг розилигисиз меҳнат ҳақидан қуйидаги ҳолларда ушлаб қолиниши мумкин.

1) белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун;

2) суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун;

3) олдиндан берилган мақсадли пуллар бўйича ҳисоб-китоб қилиш ҳамда ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун;

4) меҳнат таътили бўйича ҳисоб-китоб қилиш учун;

5) ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун;

6) интизомий жазо тариқасида тайинланган жаримани ундириш учун.

Иш ҳақи тўлаш жойи

Ходимларга иш ҳақи, одатда, улар ишлаётган жойда тўланади. Ушбу қоида нақд пулга тааллуқли.

Ишончнома асосида меҳнат ҳақини олиш

Меҳнат ҳақини умумий тартибда нотариал тасдиқланган ишончнома асосида олиш мумкин.

Иш ҳақини олишга ишончнома ходим ишлайдиган ташкилот томонидан тасдиқланиши мумкин.

Меҳнатга ҳақ тўлаш муддаталарини бузганлик учун жавобгарлик

Меҳнат ҳақини ўз вақтида тўламаслик меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш деб топилади ҳамда (446 000,00сўмдан 2 230 000,00 сўмгача маъмурий жаримага тортилади.

Меҳнат ҳақи тўғрисида маълумот олиш

Ташкилотларда иш ҳақи ҳисоблаш ва тўлаш бўйича маълумот олиш учун ҳар бир ходим бўйича махсус шаклдаги карточка-маълумотномалар юритилади. Мазкур маълумотномалар ходимлар томонидан исталган вақтда олиниши мумкин.

Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар ходимлари меҳнат ҳақи, шу жумладан ушлаб қолинган маблағлар тўғрисида маълумот олиш учун Telegram ижтимоий тармоғининг @Oylikbot хизматидан фойдаланишлари мумкин.

 

 

Chat