Ҳуқуқий ахборот портали

Умумбелгиланган қоидаларга кўра банк пластик картаси банкнинг мулки ҳисобланади. Карта мижозга фойдаланиш учун берилади.

Карта қайси шахс номига чиқарилган бўлса, уша шахс картадан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Карта эгасининг рухсати билан тўлов карталари бошқа шахслар (оила аъзолари, дўстлар ва б.) томонидан ишлатилиши мумкин.

Банк операцияларини амалга ошириш учун банк ходимлари карта эгасидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.


Сўм тўлов карталари орқали амалга ошириладиган амалиётлар

Тўлов картаси эгаси уни ишлатиш ҳуқуқига эга бўлган операциялар турлари банк карталарини тақдим этиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган.

Мижоз – жисмоний шахс миллий валюта (сўм)даги тўлов картасидан фойдаланиб қуйидаги амалиётларни амалга оширади:

  • банкомат ёки банк кассалари орқали Ўзбекистон ҳудудида сўмда нақд пул ечиб олиш;
  • Ўзбекистон ҳудудида товарларга (ишларга, хизматларга) сўмда ҳақ тўлаш, шу жумладан Интернет тармоғи орқали;
  • пул маблағларини битта пластик картадан иккинчисига ўтказиш;
  • тақиқ (чеклов) ўрнатилмаган сўмда тўланадиган бошқа операциялар.

Пулни битта пластик картадан иккинчисига ўтказиш учун хизмат кўрсатувчи банкка шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан мурожаат қилишингиз ёки мобил иловалар орқали пул ўтказишингиз мумкин.

Оила аъзолар учун қулайлик яратиш мақсадида бир нечта қўшимча тўлов карталарини битта карта ҳисобига улашингиз мумкин. Бунинг учун сиз қўшимча банк картасини чиқариш учун ариза билан хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилишингиз керак.

Тўлов картасидан оила аъзолари ёки учинчи шахс номига тўловни амалга ошириш учун карта эгаси банкка шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт) билан мурожаат этиши ва пулни кўчириш ҳақида тегишли аризани тўлдириши шарт.


Халқаро (конверсион ва кобейдж) тўлов карталари орқали амалга ошириладиган ҳаракатлар

Тўлов картаси эгаси уни ишлатиш ҳуқуқига эга бўлган операциялар турлари банк карталарини тақдим этиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган.

Мижоз – жисмоний шахс халқаро тўлов картасидан (шу жумладар, конверсион ва кобейдж карталардан) фойдаланиб қуйидаги операцияларни амалга оширади:

  • Ўзбекистонда ва унинг ташқарисида хорижий валютада нақд пул ечиб олиш;
  • Ўзбекистон ҳудудида ва унинг ташқарисида, шу жумладан Интернет тармоғи орқали товарлар (ишлар, хизматлар) учун тўловларни амалга ошириш;
  • валюта қонунчилиги талаблари асосида хорижий валютадаги бошқа операциялар.



Банклар томонидан тақдим этиладиган пластик карталар ҳақида батафсил маълумот учун уларнинг веб-сайтига ўтинг (банклар рўйхати).

Chat