Ҳуқуқий ахборот - ҳаммага, ҳар доим, ҳамма жойда!

  • 36 марта ўқилди

Банк картаси банкнинг мулки ҳисобланади. Банк картаси эгасининг рухсатисиз бошқа шахс банк картасидан фойдаланиши мумкин эмас.

►Банк карталари карта ҳисобварағи эгаси, амал қилиш тартиби ва маълум бир тўлов тизимига тегишлилигига қараб ҳар хил турларга бўлинади.

Карта ҳисобварағининг эгасига қараб банк карталари
  • шахсий банк картаси ўз эгасига жисмоний шахс (эгаси)нинг карта ҳисобварағида (карта ҳисобварақларида)ги пул маблағларини бошқариш имкониятини беради. Шахсий банк карталари, шахсий банк карточка эгасининг ишончномасига асосан бошқа шахслар (оила аъзолари, дўстлари ва бошқалар) томонидан фойдаланилиши мумкин;
  • корпоратив банк картаси ўз эгасига — яъни, юридик шахснинг ваколатига эга ходим ёки якка тартибдаги тадбиркорга, карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш имкониятини беради. Корпоратив банк картаси фақат нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун мўлжалланган бўлиб, ойлик иш ҳақини ва бошқа ижтимоий характердаги тўловлар, ҳамда нақд пул маблағларини тўлаш учун ишлатилиши мумкин эмас.

Амал қилиш тартибига кўра
  • дебет банк картаси ўз эгасига, банк картасининг эмитенти ва эгаси ўртасида тузилган шартнома шартларига биноан, тегишли карта ҳисобварағидаги пул маблағларининг қолдиғи доирасида товарлар (ишлар, хизматлар)га ҳақ тўлаш ва (ёки) нақд пул маблағларини (корпоратив банк карталари бундан мустасно) олиш учун тасарруф этиш имконини беради;
  • кредит банк картаси ўз эгасига, банк картасининг эмитенти ва эгаси ўртасида тузилган шартнома шартларига биноан товарлар (ишлар, хизматлар)га ҳақ тўлаш ва (ёки) нақд пул маблағларини (корпоратив банк карточкалар бундан мустасно) олиш учун тегишли карта ҳисобварағидаги пул маблағлари қолдиғидан ортиқ операцияларни амалга ошириш имконини беради.

Банк карточкаси эмиссиясига кўра
  • тизимли банк картаси икки ва ундан ортиқ эмитентларни бирлаштирувчи, тегишли тўлов ташкилоти томонидан ўрнатиладиган қоидалар доирасида, амалдаги тўлов ташкилоти битимига асосан чиқарилади;
  • шахсий банк картаси амалдаги тўлов ташкилотлари битимидан ташқари эмитент томонидан бевосита ўрнатиладиган қоидалар доирасида чиқарилади;
  • кобейжинг банк карталари картанинг олд томонида логотиплари жойлаштирилган бир неча тўлов тизимларида фаолият юритувчи банк картаси ҳисобланади.

Банк ходимлари банк операцияларини амалга ошираётганда, карта эгасидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш ҳуқуқига эга (паспорт, ID-карта ва бошқалар).


Банк карталари эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Банк карта эгаси қуйидаги ҳуқуқларга эга
  • тўлов ташкилоти қоидалари ва эмитент билан тузилган шартномада кўзда тутилган шароит ва тартибга асосан банк картаси орқали операцияларни амалга ошириш;
  • банк картаси эмитентидан карточкадан фойдаланиш қоидалари, ҳамда улар орқали операцияларни амалга ошириш бўйича банк карта эгаси ва эмитентининг жавобгарлик чегараси тўғрисидаги тўлиқ ахборотни олиш;
  • банк картаси эмитентидан амалга оширилган операциялар тўғрисида тўлиқ ахборот олиш;
  • эмитентлар томонидан ўз мажбуриятларини нотўғри бажариш натижасида етказилган зарарларни қоплашни, тузилган шартномаларга асосан банк картаси эмитентидан талаб қилиш;
  • ўз розилигига кўра, унинг карта ҳисобварағини тасарруф этиш имкониятини беруви қўшимча банк карталарини чиқариш ва расмийлаштиришни эмитентдан сўраш;
  • карта ҳисобварағини келгусида ёпиш шарти билан банк карточкаларидан фойдаланишни рад этиш.

Банк карта эгаси қуйидагиларга амал қилиши шарт
  • шартнома шартларини, банк картасидан фойдаланиш қоида ва йўриқномаларини бажариш;
  • тўлов ташкилоти томонидан ўрнатилган, банк картасидан фойдаланиш қоида ва тартибларини бажариш;
  • банк картаси йўқолганлиги ва банк картасидан берухсат фойдаланилганлиги тўғрисида маълум бўлган барча ҳодисалар ҳақида эмитентга қисқа муддат ичида хабар бериш.


►Банклар ҳақидаги маълумотни мазкур ҳавола орқали топинг.

Chat