Ҳуқуқий ахборот портали

Алиментни ўз вақтида тўламаганлик учун жавобгарлик

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга мувофиқ алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс ушбу келишувда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Суднинг ҳал қилув қарорига кўра алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан қарз вужудга келган бўлса, айбдор шахс кечиктирилган ҳар бир кун учун тўланмай қолган алимент суммасининг ўндан бир фоизи миқдорида алимент олувчига неустойка тўлайди.

Алимент олувчи алимент ўз вақтида тўланмаганлигида айбдор алимент тўлаши шарт бўлган шахсдан алимент тўлаш мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлик оқибатида етказилган барча зарарларнинг неустойка билан қопланмаган қисмини ундиришга ҳам ҳақлидир.

Алимент тўламаганлик учун жавобгарлик

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1982-моддасига асосан қарздорнинг даромадлари ва мулкий аҳволи ҳақида нотўғри маълумотлар берганлик, ижро ҳужжатини йўқотганлик, ундирувни қарздорнинг иш ҳақидан ҳамда унга тенглаштирилган тўловлардан ушлаб қолиш учун юборилган ижро ҳужжатларини ижро этиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш тартибини бузганлик, шунингдек қарздор ўзининг янги иш, ўқиш жойи, пенсия ва бошқа даромадлар олиш жойи ҳақида маълум қилмаганлиги, фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса  ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 232-моддасига мувофиқ муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, шунингдек суд ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилиш, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Алимент тўлашдан бош тортганлик учун жавобгарлик

Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 Жиноят кодексининг 123-моддасига мувофиқ вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслиги, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.

 

 

Судга мурожаат қилиш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Судга бериладиган даъво аризаси намуналари билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Адвокатга мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Алимент тўлашдан бош тортганлик учун прокуратура органларига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Chat