Ҳуқуқий ахборот портали

Меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож вояга етган болалар ота-онасидан, агар улар йўқ бўлса, қариндошлари ва бошқа шахслардан ўз таъминоти учун алимент талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолларда алимент миқдори суд томонидан алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг моддий ва оилавий аҳволи ҳисобга олиниб, пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

Бобо ва бувининг ўз невараларига таъминот бериш мажбурияти:

Ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган невараларига таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган бобо ва буви зиммасига юклатилиши мумкин. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож невараларнинг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ва вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса ёхуд улардан таъминот учун маблағ ололмаса, уларга нисбатан ҳам бу мажбурият бобо ва бувининг зиммасига суд томонидан юклатилиши мумкин.

Невараларнинг бобо ва бувиларига таъминот бериш мажбурияти:

Ўзларининг вояга етган болаларидан ёхуд эри ёки хотинидан (собиқ эри ёки хотинидан) таъминот ололмайдиган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож бобо ва бувига таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган вояга етган меҳнатга лаёқатли неваралар зиммасига суд томонидан юклатилиши мумкин.

Ака-ука ва опа-сингилларнинг вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз ака-ука ва опа-сингилларига таъминот бериш мажбурияти:

Ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган ака-ука ва опа-сингилларига таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган ака-ука ва опа-сингиллар зиммасига суд томонидан юклатилиши мумкин. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ака-ука ва опа-сингилларнинг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ва вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса ёхуд улардан таъминот учун маблағ ололмаса, уларга нисбатан ҳам бу мажбурият ака-ука ва опа-сингилларнинг зиммасига суд томонидан юклатилиши мумкин.


Доимий тарбияда бўлганларнинг ўз тарбиячиларига таъминот бериш мажбурияти:

Меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ёки вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаган ёхуд улардан таъминот учун маблағ ололмайдиган, амалда уларни тарбиялаганларга таъминот бериш мажбурияти уларнинг доимий тарбияси ва таъминотида бўлган шахслар зиммасига суд томонидан юклатилиши мумкин. Бундай мажбурият васийликда (ҳомийликда) турган шахслар зиммасига юклатилмайди.

Суд тарбияда бўлганларни, агар улар тарбиячиларнинг тарбияси ва таъминотида беш йилдан кам турган бўлса, мазкур мажбуриятдан озод қилишга ҳақли.

Судга мурожаат қилиш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Судга бериладиган даъво аризаси намуналари билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Адвокатга мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.