Ҳуқуқий ахборот портали

Оилага бериладиган болалар (патронат)

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалар, шу жумладан тарбия ва даволаш муассасаларида, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаларидаги болалар оилага тарбияга берилади.

Болаларни оилага тарбияга олишни истаган шахс васийлик ва ҳомийлик органлари билан келишилган ҳолда болаларни олдиндан танлаб олади.

Болаларни оилага тарбияга бериш уларнинг хоҳишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Ўн ёшга тўлган болаларни уларнинг розилиги билан оилага тарбияга бериш мумкин.

Ота-оналар қаровисиз қолган болани тарбия қилиш учун олишни истайдиган фуқаролар тутинган ота-оналар деб аталади, ушбу оила эса фарзандликка олган оила ҳисобланади.

Тутинган ота-она

Вояга етган ҳар икки жинсдаги шахслар тутинган ота-она бўлишлари мумкин, қуйидагилар бундан мустасно:
  • муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
  • ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланган шахслар;
  • ўз зиммасига юклатилган мажбуриятни лозим даражада бажармаганлиги учун васийлик ёки ҳомийлик вазифаларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;
  • соғлиғининг ҳолатига кўра болани тарбиялаш мажбуриятини бажара олмайдиган шахслар;
  • илгари фарзандликка бола олган, лекин суд томонидан фарзандликка олиш бекор қилинган шахслар;
  • қасддан қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар.

Болаларни оилага тарбияга бериш тартиби​​​​​​

Болани (болаларни) фарзандликка олишни хоҳловчи шахслар ўз яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига тутинган ота-оналар сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги илтимос билдирилган аризани берадилар.

Аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:

  • никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса);
  • оила аъзолари кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома;
  • иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома;
  • иш жойидан ёки яшаш жойидан тавсифнома;
  • фарзандликка олишни хоҳловчи шахснинг соғлиғи тўғрисида тиббий- маслаҳат комиссиясининг хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансерининг маълумотномалари;
  • санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ бўлган мулк ҳуқуқидаги, ижара (ижарага олиш) шартларидаги ёки бошқа асослардаги уй-жой мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжат.

Ариза беришда шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат кўрсатилади.

Болаларни оилага тарбияга бериш уларнинг хоҳишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Ўн ёшга тўлган болаларни фақат уларнинг розилиги билан оилага тарбияга бериш мумкин.

Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишув

Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишув васийлик ва ҳомийлик органлари билан тутинган ота-она ўртасида тузилади.

Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

  • болаларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш;
  • тарбияга олган тутинган ота-онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • васийлик ва ҳомийлик органларининг болаларни тарбияга олган оилага нисбатан мажбуриятлари;
  • келишувни бекор қилиш асослари ва оқибатлари.

Келишув тузилишидан олдин болани тарбияга олаётган шахснинг турмуш шарт-шароитлари ва оила аъзоларининг соғлиғи текширилади.

Болаларни оилага тарбияга беришда васийлик ва ҳомийлик органлари уларга бир йўла кийим-бош ва пойабзал беради, болани оилага тарбияга олган шахсга эса, оилага тарбияга олинган боланинг таъминоти учун ҳар ойда нафақа тўлаб туради.

Судга мурожаат қилиш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Судга бериладиган даъво аризаси намуналари билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Адвокатга мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.