Ҳуқуқий ахборот портали

Барча тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, деҳқон хўжаликларига кредитлар асосан 4 та шарт, яъни, қайтаришлик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида берилади.

Олинадиган кредитлар албатта қайтарилиши, кредит олиш учун таъминот сифатида мол-мулк, суғурта ёки учинчи шахснинг кафиллиги бўлиши, кредит маълум муддатга олиниши ва келишилган муддатлар ичида қайтариб борилиши, олинган кредитдан фақат мақсадли фойдаланилиши керак.

Деҳқон хўжалиги фаолиятини ривожлантириш учун қўшимча маблағлар талаб қилинган тақдирда тижорат банкларининг бир қатор турдаги кредитларидан фойдаланиш мумкин. Барча тижорат банклари юқорида қайд этиб ўтилган умумий шартлар асосида кредит беради.

Бугунги кунда деҳқон хўжаликларига кредит бериш билан АТБ “Агробанк”,
АТБ “Микрокредитбанк”, АТИБ “Ипотекабанк” каби банклар шуғулланишади ҳамда батафсил маълумотларни ушбу банкларнинг интернетдаги веб-саҳифаларидан олиш мумкин.

Бундан ташқари, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” дастурларига асосан ҳам бир қатор тижорат банкларида кредит бериш йўлга қўйилган. Ушбу кредитлардан деҳқончилик, чорвачилик ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун фойдаланиш мумкин.

Ҳар бир кредит турининг олиш шартлари, муддати, имтиёзли даври ҳамда фоиз ставкаси турлича бўлиб, ушбу жиҳатлар билан тижорат банкларига бевосита мурожаат қилган ҳолда ёки уларнинг интернетдаги веб-саҳифаларида танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси молиявий ресурслари ҳисобидан АТ «Микрокредитбанк», АТ «Агробанк» ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Халқ банки» томонидан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 3 йил муддатга, шу жумладан 1 йилгача имтиёзли давр билан 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда йиллик 7 фоиз ставкада кредитлар берилади.

Норматив ҳужжатлар

  • Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида Низом.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 июндаги 433-сон қарори билан тасдиқланган.