Ҳуқуқий ахборот портали

Васийнинг ҳуқуқлари

Васийлар ўз васийлигидаги шахсларнинг қонуний вакили бўлиб, уларнинг номидан ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб барча зарур битимларни тузади.

Васийлар:

  • ўз васийлигидаги шахсни тарбиялаш усулларини мустақил белгилашга;
  • ўз васийлигидаги шахсни қонуний асосларсиз ўзида ушлаб турган ҳар қандай шахсдан, қайтариб беришни суд тартибида талаб қилишга;
  • ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг таъминоти, унга тарбия, таълим бериш ва унинг соғлиғини сақлаш бўйича ҳуқуқий, услубий, диагностика ва маслаҳат ёрдами олишга;
  • ўз васийлигидаги шахс мустақил равишда амалга оширишга ҳақли бўлмаган битимларни амалга оширишга;
  • зарур ижтимоий ёрдам олиш учун васийлик органларига, ташкилотларга мурожаат қилишга;
  • ўз васийлигидаги шахснинг даволаниши ва соғлиғини тиклаши мақсадида даволаш, санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар олиш учун соғлиқни сақлаш муассасаларига мурожаат қилишга ҳақли.

Васий ўз васийлигидаги шахснинг ота-онаси ва бошқа яқин қариндошлари билан мулоқотда бўлишига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас, бундай мулоқот васийликдаги шахснинг қонуний манфаатларига мос келмайдиган ҳоллар бундан мустасно.

Васий, унинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари васийликдаги шахс билан битимлар тузишга, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс билан васийнинг эри (хотини), унинг яқин қариндошлари ўртасидаги суд ишларини юритишда васийликдаги шахснинг вакили бўлишга ҳақли эмас.

Васийнинг мажбуриятлари

Васийлар:

  • ўзининг яшаш жойи ўзгарганлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органини хабардор қилиши;
  • ўз васийлигидаги шахсни тарбиялаши, унинг таъминоти, соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиши, шунингдек унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши;
  • ўз васийлигидаги шахснинг мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим олиши учун шароитларни таъминлаши;
  • алиментлар, пенсиялар, нафақалар ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ижтимоий тўловлар тўлашни талаб қилиш юзасидан зарур чоралар кўриши;
  • ўз васийлигидаги шахснинг ўзларига топширилган мол-мулкини асраб-авайлаши, мол-мулкнинг қиймати пасайишига йўл қўймаслиги ҳамда ундан фойда чиқаришга имкон туғдирмаслиги;
  • васийликдаги шахсларнинг мулкий ҳуқуқларига дахл қиладиган ҳаракатларни амалга оширишда васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсатларини олиши;
  • ўз васийлигидаги шахснинг мол-мулкини бошқаришдан тушган даромадлардан ва бошқа мавжуд маблағларидан унинг таъминоти учун фойдаланиши;
  • ўз васийлигидаги шахснинг парвариш қилинишини, тиббий кузатувини ва даволаш-профилактика муассасаларида даволанишини таъминлаши;
  • васийлик ва ҳомийлик органларига ўз мажбуриятларининг бажарилиши ҳақида ҳисоботлар тақдим этиши;
  • ўз васийлигидаги шахс стационарда даволаниш учун жойлаштирилганлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органларини хабардор қилиши;
  • агар фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топишга ёки муомала лаёқати чекланганлигига доир асослар бекор бўлган бўлса, ўз васийлигидаги шахсни муомалага лаёқатли деб топиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилиши;
  • ўз васийлигидаги вояга етмаган шахс билан бирга яшаши шарт.

Ҳомийларнинг ҳуқуқлари

Ҳомийлар ўз ҳомийлигидаги шахсларнинг қонуний вакили бўлиб, ҳомийлигидаги шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишида ва мажбуриятларини бажаришида кўмаклашади, шунингдек уларни учинчи шахслар томонидан бўладиган суиистеъмолликлардан муҳофаза қилади.

Ҳомийлар:

  • ўз ҳомийлигидаги шахсни тарбиялаш усулларини мустақил белгилашга;
  • ўз ҳомийлигидаги шахсни қонуний асосларсиз ўзида ушлаб турган ҳар қандай шахсдан, қайтариб беришни суд тартибида талаб қилишга;
  • ўз ҳомийлигидаги шахснинг таъминоти, унга тарбия, таълим бериш ва унинг соғлиғини сақлаш бўйича ҳуқуқий, услубий, диагностика ва маслаҳат ёрдами олишга;
  • ўз ҳомийлигидаги шахс мустақил равишда амалга оширишга ҳақли бўлмаган битимларни амалга оширишга;
  • зарур ижтимоий ёрдам олиш учун ҳомийлик органларига, ташкилотларга мурожаат қилишга;
  • ўз ҳомийлигидаги шахснинг даволаниши ва соғлиғини тиклаши мақсадида даволаш, санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар олиш учун соғлиқни сақлаш муассасаларига мурожаат қилишга ҳақли.

Ҳомий ўз ҳомийлигидаги шахснинг ота-онаси ва бошқа яқин қариндошлари билан мулоқотда бўлишига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас, бундай мулоқот васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг қонуний манфаатларига мос келмайдиган ҳоллар бундан мустасно.

Ҳомий, унинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари ҳомийликдаги шахс билан битимлар тузишга, шунингдек ҳомийликдаги шахс билан васийнинг ёки ҳомийнинг эри (хотини), унинг яқин қариндошлари ўртасидаги суд ишларини юритишда ҳомийликдаги шахснинг вакили бўлишга ҳақли эмас.

Ҳомийнинг мажбуриятлари

Ҳомийлар:

  • ўзининг яшаш жойи ўзгарганлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органини хабардор қилиши;
  • ўз ҳомийлигидаги шахсни тарбиялаши, унинг таъминоти, соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиши, шунингдек унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши;
  • алиментлар, пенсиялар, нафақалар ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ижтимоий тўловлар тўлашни талаб қилиш юзасидан зарур чоралар кўриши;
  • ўз ҳомийлигидаги шахснинг ўзларига топширилган мол-мулкини асраб-авайлаши, мол-мулкнинг қиймати пасайишига йўл қўймаслиги ҳамда ундан фойда чиқаришга имкон туғдирмаслиги;
  • ҳомийликдаги шахсларнинг мулкий ҳуқуқларига дахл қиладиган ҳаракатларни амалга оширишда васийлик ва ҳомийлик органларининг рухсатларини олиши;
  • ўз ҳомийлигидаги шахснинг мол-мулкини бошқаришдан тушган даромадлардан ва бошқа мавжуд маблағларидан унинг таъминоти учун фойдаланиши;
  • ўз ҳомийлигидаги шахснинг парвариш қилинишини, тиббий кузатувини ва даволаш-профилактика муассасаларида даволанишини таъминлаши;
  • васийлик ва ҳомийлик органларига ўз мажбуриятларининг бажарилиши ҳақида ҳисоботлар тақдим этиши;
  • ўз ҳомийлигидаги шахс стационарда даволаниш учун жойлаштирилганлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органларини хабардор қилиши;
  • агар фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топишга ёки муомала лаёқати чекланганлигига доир асослар бекор бўлган бўлса, ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсни муомалага лаёқатли деб топиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилиши;
  • ўз ҳомийлигидаги вояга етмаган шахс билан бирга яшаши шарт.

Судга мурожаат қилиш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Прокуратура органларига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Адвокатга мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.