Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Ўзларига бириктирилган тураржойга эга бўлмаган ва тураржойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шу жумладан бундай тоифадаги 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган шахслар, турар жой олиш ҳуқуқига эга.

Уларга турар жойлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорлари асосида навбатдан ташқари берилади.

Турар жойлар уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси доирасида ижара шартномаси асосида берилади.

Турар жой бериш тўғрисидаги қарор асосида туман (шаҳар) ҳокимлиги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга белгиланган намунадаги ордер беради, у берилган турар жойга кўчиб кириш учун асос ҳисобланади.

Турар жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳисобга қўйиш учун уларнинг қонуний вакиллари болаларнинг уларда бўлиш муддати тугашидан олти ой олдин болаларнинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига ариза берадилар ва уларнинг турар жой олиш ҳуқуқини тасдиқловчи тегишли маълумотларни тақдим этадилар.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, шу жумладан улар тоифасига кирадиган 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган шахсларга ёш оилалар учун назарда тутилган шартларда, кўп квартирали уйлардан квартира сотиб олиш мақсадида имтиёзли ипотека кредитлари ажратилиши мумкин.

Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитининг дастлабки бадали Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

Chat