Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Ота-она ҳаётлигида болалар уларнинг мол-мулкига нисбатан мулкдор бўлиш ҳуқуқига эга эмас.

Ота-она ҳам вояга етмаган болаларнинг мол-мулкига нисбатан мулкдор бўлиш ҳуқуқига эга эмас.

Вояга етмаган болалар ўз ота-онасидан ва бошқа шахслардан таъминот олиш ҳуқуқига эга. Вояга етмаган болалар таъминоти учун олинган маблағ, пенсия, нафақа унинг отаси ёки онаси тасарруфида бўлиб, боланинг таъминоти, тарбияси ва таълим олиши учун сарфланиши керак.

Вояга етмаган болаларнинг мол-мулкини тасарруф этишга доир ваколатлар амалга оширилаётганда фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган қоидалар қўлланилади.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар битимларни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузадилар. Вояга етмаган шахс томонидан тузилган бундай битим кейинчалик шахснинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийси ёзма равишда маъқуллаганидан сўнг ҳақиқий ҳисобланади.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар ота-оналари, фарзандликка олувчилар ва ҳомийларининг розилигисиз қуйидагиларни мустақил равишда амалга оширишга ҳақли:

1) ўз иш ҳақи, стипендияси ва бошқа даромадларини тасарруф этиш;

2) фан, адабиёт ёки санъат асарининг, ихтиронинг ёхуд ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан қўриқланадиган бошқа натижаси муаллифи ҳуқуқини амалга ошириш;

3) қонунга мувофиқ кредит муассасаларига омонатлар қўйиш ва уларни тасарруф этиш;

4) майда маиший битимларни ҳамда бошқа битимларни тузиш.

Шунингдек, ўн тўрт ёшга тўлмаган болалар учун уларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари битим тузиши мумкин.

Олти ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган болалар қуйидагиларни мустақил равишда амалга оширишга ҳақлидирлар:

1) майда маиший битимлар;

2) текин манфаат кўришга қаратилган, нотариал тасдиқлашни ёки давлат рўйхатидан ўтказишни талаб қилмайдиган битимлар;

3) қонуний вакил ёки унинг розилиги билан учинчи шахс томонидан муайян мақсад ёки эркин тасарруф этиш учун берилган маблағларни тасарруф этиш борасидаги битимлар.

Chat