Ҳуқуқий ахборот портали

Оилали ва қишлоқ жойларда камида уч йил мобайнида яшаб турган фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан қуйидаги ўлчамдаги томорқа ер участкалари берилади:

  • суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача;
  • суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача;
  • чўл ва саҳро минтақасида суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача.

Қишлоқ жойларда камида уч йил яшаб турганлик тўғрисидаги талаб янги ташкил этилган суғориладиган ер массивлари учун қўлланилмайди. Бунда деҳқон хўжалиги юритиш учун бериладиган ер участкасининг ўлчами якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкасини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкалари иморатлар ва иншоотлар қуриш ҳуқуқисиз берилади. Мазкур қоида якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкаларига татбиқ этилмайди.

Фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун 0,06 гектар доирасида томорқа ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи кимошди савдоси асосида реализация қилиниши мумкин.

Деҳқон хўжалигига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган томорқа ер участкалари хусусийлаштирилиши ва олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас. Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи кредит олиш учун гаровга қўйилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигига берилган томорқа ер участкаси бўлиниши мумкин эмас.

Норматив ҳужжатлар