Ҳуқуқий ахборотни биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

  • 417 марта ўқилди

Ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас.

  • Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан ҳоли бўлиши керак.
  • Болаларнинг таълим-тарбиясига тааллуқли масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал этилади. Агар ота-она ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар (улардан бири) бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
  • Ота-она алоҳида яшаганда, болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади.

Боладан алоҳида яшаётган ота(она)нинг ота-оналик ҳуқуқини амалга ошириши
  • Боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.
  • Бола билан бирга яшаётган ота (она) боланинг она (ота)си билан кўришишига, агар бундай кўришиш боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирмаса, қаршилик қилмаслиги керак.
  • Ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир. Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади.
  • Боладан алоҳида яшаётган ота (она) тарбия, даволаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасалари ва бошқа шунга ўхшаш муассасалардан ўз боласи тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга.
  • Ота (она) томонидан боланинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф-хатар бўлгандагина, уларга ахборот бериш рад этилиши мумкин. Ахборот беришнинг рад этилиши устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Chat