Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Деҳқон хўжалиги - оилавий майда товар хўжалиги бўлиб, оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун оила бошлиғига берилган томорқа ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиради ва реализация қилади. Деҳқон хўжалиги юритиш ва ер олиш тартиби билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

Деҳқон хўжалигидаги фаолият тадбиркорлик фаолияти жумласига киради ҳамда деҳқон хўжалиги аъзоларининг истагига кўра юридик шахс ташкил этган ҳолда ва юридик шахс ташкил этмасдан амалга оширилиши мумкин.

Бугунги кунда амалиётда қўлланилаётган “деҳқон хўжалиги” ҳамда “шахсий томорқа ер эгалари” тушунчаларининг маънолари бир хил бўлиб, улар томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланадилар.

Деҳқон хўжаликлари ҳамда шахсий томорқа ер эгаларига ҳуқуқий, агротехнология, маҳсулот сотиш йўналишларида маслаҳат бериш, тегишли ёрдам кўрсатиш масалалари билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва шахсий томорқа ер эгалари кенгаши ва унинг ҳудудий бўлинмалари шуғулланади.

Деҳқон хўжалигини давлат рўйхатига олиш

Деҳқон хўжалигини давлат рўйхатига олиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Деҳқон хўжалиги бошлиғига Ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳар бир деҳқон хўжалигини Хўжалик китобига киритиб, унда деҳқон хўжалигининг таркиби, хўжалик бошлиғи ёхуд унинг вазифасини бажарувчи шахс, шунингдек хўжаликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли (юридик шахс ташкил этган ҳолда ёки юридик шахс ташкил этмасдан) тўғрисидаги маълумотларни қайд этиб қўяди.

Деҳқон хўжаликларини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ундирилмайди.

Томорқа ер участкаси мероси

Деҳқон хўжалиги бошлиғи вафот этган тақдирда, томорқа ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи шу хўжалик аъзоларининг ўзаро келишуви асосида, деҳқон хўжалиги фаолиятини давом эттириш истагида бўлган хўжалик аъзоларидан бирига мерос бўйича ўтади.

Деҳқон хўжалиги бошлиғи меҳнат қобилиятини тўла йўқотган тақдирда, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи хўжалик аъзоларидан бирига топширилади.

Деҳқон хўжалигида меҳнат стажи

Деҳқон хўжалигининг фаолияти хўжалик аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланади. Деҳқон хўжалигидаги муайян ишни бажаришга бошқа шахслар меҳнат шартномаси асосида вақтинча жалб этилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигининг аъзолари деҳқон хўжалиги томонидан Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда бадаллар тўланган тақдирда давлат ижтимоий суғуртасидан ўтказилиши лозим.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига бадаллар тўлаб бораётган деҳқон хўжалиги аъзоларининг меҳнат фаолияти ҳисобини хўжалик бошлиғи юритади.

Деҳқон хўжалигида ишланган вақт меҳнат стажига қўшилади. Бунинг учун меҳнат дафтарчаси давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадаллар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимида расмийлаштирилган бўлиши керак.

Жумладан, қорамол боқишни ҳамда чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни ва уларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотишни амалга оширувчи меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасига бир йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,5 баробаридан (1 003 500,00 сўм) кам бўлмаган миқдорда суғурта бадаллари тўланган бўлса, қорамол боқиш ва етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш билан банд бўлинган даврлар пенсия тайинлаш учун меҳнат стажига қўшилади. Бу эса фуқаро пенсия ёшига етганда унга пенсия белгиланишига имкон беради.

Шунингдек, камида 4 сотих майдондаги томорқа ерда банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд камида 50 бош уй паррандаси боқиш билан шуғулланувчи жисмоний шахс Пенсия жамғармасига бир йилда бир энг кам иш ҳақи (223 000,00 сўм) миқдорида суғурта бадаллари тўланган бўлса, суғурта бадаллари тўланган йиллар меҳнат стажига киритилади.

Деҳқон хўжалиги фаолияти учун кредит олиш тартиби

Барча тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, деҳқон хўжаликларига кредитлар асосан 4 та шарт, яъни, қайтаришлик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида берилади.

Олинадиган кредитлар албатта қайтарилиши, кредит олиш учун таъминот сифатида мол-мулк, суғурта ёки учинчи шахснинг кафиллиги бўлиши, кредит маълум муддатга олиниши ва келишилган муддатлар ичида қайтариб борилиши, олинган кредитдан фақат мақсадли фойдаланилиши керак.

Деҳқон хўжалиги фаолиятини ривожлантириш учун қўшимча маблағлар талаб қилинган тақдирда тижорат банкларининг бир қатор турдаги кредитларидан фойдаланиш мумкин. Барча тижорат банклари юқорида қайд этиб ўтилган умумий шартлар асосида кредит беради.

Бугунги кунда деҳқон хўжаликларига кредит бериш билан АТБ “Агробанк”,
АТБ “Микрокредитбанк”, АТИБ “Ипотекабанк” каби банклар шуғулланишади ҳамда батафсил маълумотларни ушбу банкларнинг интернетдаги веб-саҳифаларидан олиш мумкин.

Бундан ташқари, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” дастурларига асосан ҳам бир қатор тижорат банкларида кредит бериш йўлга қўйилган. Ушбу кредитлардан деҳқончилик, чорвачилик ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун фойдаланиш мумкин.

Ҳар бир кредит турининг олиш шартлари, муддати, имтиёзли даври ҳамда фоиз ставкаси турлича бўлиб, ушбу жиҳатлар билан тижорат банкларига бевосита мурожаат қилган ҳолда ёки уларнинг интернетдаги веб-саҳифаларида танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси молиявий ресурслари ҳисобидан АТ «Микрокредитбанк», АТ «Агробанк» ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Халқ банки» томонидан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 3 йил муддатга, шу жумладан 1 йилгача имтиёзли давр билан 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда йиллик 7 фоиз ставкада кредитлар берилади.

Chat