Ҳуқуқий ахборот - ҳаммага, ҳар доим, ҳамма жойда!

  • 4081 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикасида фуқаролик шахснинг давлат билан ўзаро ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги йиғиндисида ифодаланадиган ҳамда инсон қадр-қиммати, асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини эътироф этиш ҳамда ҳурмат қилишга асосланадиган доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди.


Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги қуйидаги ҳолларда олинади
  • туғилганлик бўйича;
  • бола фарзандликка олинганда;
  • Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш ва уни тиклаш натижасида.
  • Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ва Қонунда назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам олиниши мумкин.

Фуқароликда тенглик
  • Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди учун ягона фуқаролик ўрнатилади. Қорақалпоғистон Республикасининг фуқароси айни бир вақтда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади.
  • Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги, у қандай асосларда олинганлигидан қатъи назар, ҳамма учун тенгдир.
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир.
  • Ўзбекистон Республикасида ҳар бир инсон фуқаро бўлиш ҳуқуқига эгадир. Ҳеч ким Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан маҳрум қилиниши, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, ёки фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас.
  • Ўзбекистон Республикаси ўз фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда унинг ҳудудидан ташқарида амалга оширади.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади
  • 1992 йил 28 июль ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикасида доимий яшаган, чет давлат фуқароси бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахс;
  • Ўзбекистон ҳудудида яшаган ва 1992 йил 28 июлга қадар ўқиш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган ҳамда узлуксиз равишда таълим олган ёхуд ҳарбий хизматни ўтаган ва ўқиш ёки ҳарбий хизмат тугаганидан кейин 1 йил ичида Ўзбекистонга қайтиб келган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий пропискадан ўтган шахс, башарти унинг чет давлат фуқаролиги мавжуд бўлмаса;
  • Қонун кучга кирган кунда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлган шахс;
  • Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олган шахс.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар у
  • чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирган бўлса;
  • фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олинган кундан эътиборан ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз 5 йил давомида доимий яшаб келаётган бўлса;
  • тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;
  • Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;
  • давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билса.

Фуқароликни олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар

Хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш учун  ўзи яшаб турган жойдаги ички ишлар органларига қуйидаги ҳужжатлар билан мурожаат қилиши лозим:

  • Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ариза. 18 ёшга  тўлмаган шахсни Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги ариза унинг қонуний вакиллари томонидан бола туғилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси билан биргаликда берилади. 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ота-оналарининг ёки бошқа қонуний вакилларининг аризасига нотариал идоралар томонидан тасдиқланган рухсатномани тақдим этишлари керак;
  • 2 нусхада ариза-сўровнома;
  • хорижий фуқароликдан чиққанликни тасдиқловчи ҳужжат;
  • 2 нусхада таржимаи ҳол;
  • кун кечиришнинг қонуний манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (иш жойидан маълумотнома ёки иш ҳақи, пенсия, нафақа, дивидентлар ва кун кечиришнинг бошқа манбалари кўрсатилган бошқа ҳужжат);
  • 4 та фотосурат (35х45мм);
  • 2 нусхада оиласининг таркиби тўғрисида турар жойидан маълумотнома;
  • давлат божи тўланганлиги ҳақидаги ҳужжат БҲМнинг 2 баравари.

Фуқаролик масалалари бўйича аризаларни расмийлаштирувчи ички ишлар органлари, дипломатия ваколатхоналари, консуллик муассасалари ариза берувчи шахсдан кўрсатилган ҳужжатлар ва материаллардан ташқари ишга дахлдор бўлган бошқа ҳужжатларни ҳам талаб қилишга ҳақлидирлар.


  • Аризалар, сўровномалар ва таржимаи ҳолларнинг барча нусхаларини аризачи улар ёзилган санани кўрсатиб имзолаши зарур.
  • Аризачи саводсизлиги ёки жисмоний камчиликлари туфайли аризага ўз қўли билан имзо чека олмаган тақдирда,  унинг илтимосига кўра, аризага бошқа шахс имзо чекиши мумкин ва консуллик аризачи ўз қўли билан аризани имзолай олмаганлиги сабабларини аризага ёзиб қўяди.
  • Аризачи барча ҳужжатларни топширган пайтдан бошлаб тақдимнома ижро учун қабул қилинган деб ҳисобланади.
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони эълон қилинган кундан бошлаб фуқароликка олинади.
  • Материалларни кўриб чиқиш муддати ҳужжатлар ариза берилган пайтдан бошлаб 1 йилдан ошмаслиги керак.


Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид материалларни кўриб чиқишни тугатиш асослари.

Chat