Ҳуқуқий ахборот портали

Мазкур хизмат паст ва ўрта фаолликдаги радиоактив чиқиндилардан ташқари оғир вазнли, йирик габаритли ёки хавфли юкларни автомобиль транспортида ташиш йўналиши схемаларини келишиш тартибини белгилайди.

Хавфли юклар — ўзига хос хоссалари ва хусусиятлари туфайли муайян омиллар мавжуд бўлгани тақдирда ташиш, юк ортиш-тушириш ишлари жараёнида ташилаётган юклар, техника воситалари, қурилмалар, бино ва иншоотлар, бошқа объектларнинг портлаши, ёниши ёки шикастланишига, шунингдек одамлар ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган моддалар, материаллар, буюмлар, чиқиндилар.

Ваколатли орган:

а) Тошкент шаҳри бўйича — Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси;

б) Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди ва вилоятлар ичидаги йўналишлар бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари;

в) шаҳарлараро — вилоятлараро йўналишлар бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳудудий бошқармалари;

г) халқаро йўналишлар бўйича — Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ваколатли органлар ва паритет томоннинг автомобиль транспорти соҳасида ваколатли органлари билан келишилади.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар:

а) белгиланган шакл бўйича ташишнинг ишлаб чиқилган йўналиши уч нусхада;

б) автотранспорт воситасини хавфли юкларни ташишга қўйиш тўғрисидаги гувоҳнома;

в) алоҳида хавфли юклар учун қўшимча равишда юкни жўнатувчи (юкни олувчи) томонидан тақдим этилган хавфли юкни ташишга махсус йўриқнома;

г) «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясининг хавфли юкларни ташиш учун сиғим (контейнерлар, цистерналар, контейнер-цистерналар ва ҳоказолар)нинг яроқлилиги тўғрисидаги хулосаси;

д) автотранспорт ҳайдовчиси хавфли юкларни ташишга қўйилиши тўғрисидаги гувоҳнома.

Хизмат учун тўлов: йиғим ундирилмайди.

Муддат: муддат кўрсатилмаган.

Натижа: Келишилган ташиш йўналиши схемалари.

Chat