Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзолари

Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда фарзандларга ва ушбу шахсларга пенсия улар боқувчининг қарамоғида турган-турмаганидан қатъи назар тайинланади.

Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Қуйидагилар оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари ҳисобланадилар:

а) болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 16 ёшга тўлмаган бўлса ёки 16 ёшдан катта бўлса ҳам 16 ёшга тўлмасдан ногирон бўлиб қолган бўлсалар. Бунда ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса;

б) ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, башарти, улар 7-моддада назарда тутилган пенсия ёшига тўлган ёки ногирон бўлсалар;

в) ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса;

г) бува ва буви — агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса.

Ўқувчилар 18 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўгай ўғил ва ўгай қиз, агар улар ота-оналаридан алимент олмаган бўлсалар, ҳақиқий фарзандлар сингари пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўгай ота ва ўгай она, агар вафот этган ўгай ўғилни (қизни) 18 ёшга тўлгунга қадар камида 5 йил тарбиялаган ёки боққан бўлсалар, ҳақиқий ота ва она сингари пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Кўрсатиб ўтилган оила аъзолари, агар улар марҳумнинг тўлиқ боқувида бўлган ёки ундан ёрдам олиб турган бўлсалар, бу ёрдам улар учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса, марҳумнинг қарамоғида турган деб ҳисобланадилар.

Боқувчининг пенсия олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи

Меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида вафот этган боқувчининг оиласига, шунингдек марҳум пенсионернинг оиласига пенсия боқувчининг иш стажидан қатъи назар тайинланади.

Агар, боқувчи вафот этган кунга қадар унга ногиронлик пенсияси тайинланиши учун зарур иш стажига эга бўлган бўлса, умумий касаллик ёки иш билан боғлиқ бўлмаган майибланиш оқибатида вафот этган боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланади.

Умумий касаллик оқибатида вафот этган ҳамда ногиронлик пенсиясини тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган боқувчисини йўқотган оила аъзоларига пенсия боқувчининг бор стажига мутаносиб равишдаги миқдорда тайинланади.

Боқувчининг оила аъзоларига пенсиядан улуш ажратиб бериш

Оиланинг пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган барча аъзоларига битта умумий пенсия тайинланади.

Оила аъзосининг талаби билан унинг пенсиядаги улуши ажратилиб, алоҳида тўланади.

Пенсиядан улуш ажратиб бериш пенсияни бўлиш тўғрисида ариза тушган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб амалга оширилади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдори

Пенсиянинг бошланғич миқдори қуйидагича белгиланади:

  • оиланинг ҳар бир аъзосига ҳисоблаб чиқарилган ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи, лекин ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 50 фоизи миқдорида;
  • чин етим болаларга ёки вафот этган ёлғиз онанинг болаларига, ҳар бир болага боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун — пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи, лекин ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 100 фоизи миқдорида.

Вафот этган пенсионернинг оила аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдори вафот этган пенсионер (боқувчи)нинг пенсиясини ҳисоблаш учун қабул қилинган иш ҳақидан ҳисоблаб чиқилади.

Боқувчи ногиронлик пенсияси олувчи ҳисобланган ва пенсия тайинлангандан кейин меҳнат фаолиятини амалга оширган ҳолларда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган вафот этган боқувчи оила аъзосининг хоҳишига кўра ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейин эга бўлинган иш стажи боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинади. Талаб қилинадиган иш стажи боқувчи вафот этган кунда унинг ёши бўйича аниқланади.

Бунда кўрсатиб ўтилган иш стажи учун олинган иш ҳақи иш ҳақи таркибига киритилади, агар боқувчи ёшга доир пенсия олса ва пенсия тайинлангандан кейин ишни давом эттирса пенсия тайинлангандан кейин иш стажи ва иш ҳақи ҳисобга олинмайди.

Тўлиқ давлат таъминотида турган болаларга боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўлаш

Чин етим болаларга тўлиқ давлат таъминотида турган даврида базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 фоизида миқдорида пенсия тўланади.

Ота-онасининг биридан ажралган ва тўлиқ давлат таъминотида турган болаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизида миқдорида пенсия тўланади.

Шу даврдаги тўланиши лозим бўлган пенсия пули боланинг номига тижорат банкида очилган депозит ҳисобварағига ўтказиб қўйилади.

Пенсия тайинлаш ҳақида мурожаат қилиш

Пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан унинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

Ходимга ва унинг оила аъзоларига боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган тақдирда пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза ходимнинг ёки вафот этган боқувчининг охирги иш жойи бўйича ташкилотнинг маъмурияти орқали ариза берувчининг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилиши мумкин.

Пенсия тайинланадиган шахс балоғатга етмаган ёки ҳуқуқий муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, ариза унинг ота-онаси ёки васийси томонидан уларнинг яшаш жойи орқали берилади.

Пенсия тайинлашда тақдим этиладиган ҳужжатлар

Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

  • пенсия тайинланаётган шахснинг ёшини тасдиқловчи туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт;
  • оила аъзосининг вафот этган боқувчи билан қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, у бўлмаган тақдирда — фуқаролик ҳолати далолатномаларидаги ёзувдан кўчирма, ваколатли ташкилотларнинг ёки хорижий давлатлар мансабдор шахсларининг маълумотномаси);
  • боқувчининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки унинг бедарак йўқолганлиги тўғрисида суднинг қарори;
  • вафот этган боқувчининг иш стажини, шу жумладан махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;
  • вафот этган боқувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси (2005 йил 1 январдан кейин);
  • вафот этган боқувчининг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома.

Бундан ташқари, зарур ҳолларда қуйидагилар тақдим этилади:

  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг вафот этган боқувчининг қарамоғидаги оила аъзолари таркиби тўғрисидаги маълумотномаси;
  • таълим муассасасининг вафот этган боқувчининг оила аъзолари 16 — 18 ёшдаги ўқувчилар ҳисобланиши тўғрисидаги маълумотномаси;
  • бахтсиз ҳодиса ва соғлиқнинг ишлаб чиқаришда бошқа шикастланиши тўғрисидаги ҳужжат ёки агар боқувчининг вафоти меҳнатда майибланиш оқибатида содир бўлган бўлса — бошқа расмий ҳужжат.

Пенсия тайинлаш муддатлари

Боқувчисини йўқотганлик пенсиялари пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб
6 ойдан кечикмай
 мурожаат этилса, боқувчи вафоти кунидан бошлаб тайинланади.

60 ёшли эркаклар ва 55 ёшга тўлган аёлларга пенсия умрбод тайинланади.

6 ойлик муддат ўтказиб юборилган тақдирда мурожаат этилган кундан тайинланади.

Пенсияни ҳисоблаш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Пенсияни тўлаш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1140" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1106" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

Тижорат банкларида ҳисобрақам очиш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

 

Chat