Ҳуқуқий ахборот портали

Ногиронлик пенсияси

Соғлиғини ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига қараб, ногиронликнинг уч гуруҳи аниқланади.

Ногиронлик сабаблари ва гуруҳлари, шунингдек ногиронлик бошланган вақт ва ногиронликнинг қанча муддатга белгиланиши Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) томонидан аниқланади.

Ногиронлик пенсияси ТМЭК томонидан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган, суғурта қилинган ходимларга:

  • меҳнатда майиб бўлганлиги ёки касб касаллигига чалинганлиги туфайли — меҳнат фаолиятининг муддатидан қатъи назар;
  • бошқа сабаблар туфайли — муддати суғурта қилинган ходимнинг ногиронлик рўй берган вақтдаги ёшига боғлиқ тегишли умумий меҳнат стажига эга бўлган тақдирда тайинланади.

Пенсия тайинлаш ҳақида мурожаат қилиш

Пенсия тайинлаш масалалари бўйича яшаш жойидаги  Пенсия жамғармасининг бўлимларига :

  •  ишлаётганлар  ташкилот маъмурияти орқали;
  • деҳқон хўжаликлари аъзолари, якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчилар ариза билан мурожаат қиладилар;
  • ишламайдиган фуқаролар аризани мустақил ўзлари  яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига берадилар.

Пенсия тайинлашда тақдим этиладиган ҳужжатлар

Ногиронлик пенсиясини тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

  • иш стажини, шу жумладан махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;
  • иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома;
  • ариза берувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси;
  • бахтсиз ҳодиса ва соғлиқнинг ишлаб чиқаришда бошқа шикастланиши тўғрисидаги ҳужжат ёки агар ногиронлик меҳнатда майибланиш оқибатида содир бўлган бўлса — бошқа расмий ҳужжат.

Зарурат бўлган ҳолларда бошқа ҳужжатлар ҳам талаб этилиши мумкин. 

Ногиронлик пенсиясини тайинлаш муддатлари
  • пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб 60 кунгача мурожаат қилинса – ТМЭК томонидан ногиронлик белгиланган кундан бошлаб;
  • 60 кунлик мурожаат қилиш муддати ўтказиб юборилган холларда мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади.

Ногиронлик пенсиялари ТМЭК томонидан белгиланган бутун ногиронлик даври учун тайинланади.

60 ёшдан ошган эркак ва 55 ёшдан ошган аёлларга ногиронлик пенсиялари умрбод тайинланади.

Ана шу ногиронларни қайта тиббий кўрикдан ўтказиш фақат уларнинг аризасига биноан амалга оширилади

Ногиронлик пенсиясини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи

Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиялари иш стажидан қатъи назар, тайинланади.

Умумий касаллик туфайли бериладиган ногиронлик пенсиялари ногиронлик бошланган пайтга қадар қуйидагича иш стажига эга бўлган тақдирда тайинланади:

Ёш

Иш стажи

23 ёшга қадар

2

23 ёшдан 26 ёшга қадар

3

26 ёшдан 31 ёшга қадар

5

31 ёшдан 36 ёшга қадар

7

36 ёшдан 41 ёшга қадар

9

41 ёшдан 46 ёшга қадар

11

46 ёшдан 51 ёшга қадар

14

51 ёшдан 56 ёшга қадар

17

56 ёш ва ундан ошганда

20

20 ёшга тўлгунга қадар умумий касаллик туфайли иш даврида ёки ишлаш тўхтатилганидан кейин ногирон бўлиб қолган шахсларга пенсиялар иш стажидан қатъи назар тайинланади.

Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиясидан умумий касаллик туфайли бериладиган ногиронлик пенсиясига ўтказилганда зарур стаж ногиронлик дастлаб белгиланган вақтдаги ёшга қараб аниқланади.

Пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган умумий касаллик оқибатидаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик пенсияси бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.

Пенсияни ҳисоблаш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Пенсияни тўлаш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1140" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1106" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

 

Chat