Ҳуқуқий ахборотни биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

  • 70 марта ўқилди

Ишламайдиган пенсионерларга пенсияларни яшаб турган жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимлари тўлайди.

Ишлаётган пенсионерларга пенсия иш жойида тўланади.

Ишламайдиган пенсионерларга пенсия яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан пенсияни етказиб бериш (топшириш) юклатилган ташкилот ёки пенсионернинг хоҳишига кўра пул маблағларини фуқароларнинг депозит ҳисоб рақамларига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали тўланади.

Пенсия тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича амалга оширилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси ташқарисида расмийлаштирилган ишончномага ушбу ҳужжат расмийлаштирилган давлатнинг ваколатли органи томонидан апостиль қўйилиши лозим, МДҲга аъзо давлатлар мустасно.

Пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин у томондан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги ўн икки ойдан ошмаган давр учун тўланади.

Пенсияни тайинловчи ёки тўловчи органнинг айби билан ўз вақтида олинмай қолган пенсия пули ўтган давр учун муддати чекланмаган ҳолда тўланади.

Қариялар ва ногиронлар интернат уйларида яшовчи ва озодликдан маҳрум қилинган шахсларга пенсия тўлаш

Қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслар интернат уйларида (пансионатларида) яшовчи ёлғиз пенсионерларга пенсия билан улар таъминоти учун сарф-харажат ўртасидаги фарқ, лекин тайинланган пенсиянинг камида 10 фоизи, уруш ногиронлиги бўлган шахсларга эса камида 20 фоизи тўланади. Руҳий беморлар интернат уйларида яшовчи пенсионерларга пенсия тўланмайди.

Пенсионер озодликдан маҳрум қилинган тақдирда тайинланган пенсияни тўлаш озодликдан маҳрум қилинган давр учун тўхтатиб қўйилади. Пенсионер озод бўлгандан кейин пенсияни тўлаш Пенсия жамғармаси бўлимига ариза берилган кундан бошлаб тикланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетган фуқароларга пенсиялар тўлаш

Чет элга доимий яшаш учун чиқиб кетишдан олдинроқ тайинланган пенсиялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига чиқиб кетиш тўғрисида ариза берилган кундаги ҳолатга кўра пенсия миқдори ҳисобидан чет элга чиқиб кетиш олдидан
6 ой аввал тўланади.

Бу фуқароларнинг чет элда бўлган вақти учун, меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида тайинланган пенсияларгина тўланади.

Пенсионернинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсияни тўлаш ва дафн этиш учун нафақа тўлаш

Пенсионер олиши лозим бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия пули мерос таркибига киритилмасдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар доирасига кирувчи оила аъзоларига тўланади. Ота-онаси, эри (хотини), шунингдек пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турган оила аъзолари бу пулни, улар боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиганлар доирасига кирмаганлари тақдирида ҳам олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Пенсионер вафот этган ой учун олинмай қолган пенсия пули кўрсатиб ўтилган оила аъзоларига ойнинг у вафот топгунга қадар ўтган кунлари учун тўланади.

Оиланинг бир неча аъзоси мурожаат этган тақдирда пенсиянинг уларга тегишли суммаси уларнинг ўртасида тенг тақсимланади.

Пенсионер вафот этган тақдирда унинг оиласига ёки пенсионернинг дафн маросимини ўтказган шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баробарида  дафн этиш нафақаси тўланади.

Кўрсатиб ўтилган пуллар, уларни олиш учун пенсионер вафот этганидан кейин олтмиш кун ичида мурожаат этилган тақдирда тўланади.

Пенсиялардан чегирмалар
  • а) суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва ҳукмлари (мулкий ундиришлар борасида), нотариал идораларнинг ижро варақалари ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ ижроси суд ҳал қилув қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳал қилув қарорлари ва қарорлар асосида;
  • б) Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг қарорига биноан — пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қилиниши мумкин.

Пенсионер Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, аниқланган қарздорлик суд тартибида, бироқ унинг аниқланиш санасидан уч йилдан кўп бўлмаган давр учун ундирилади.

Пенсиялардан юқорида кўрсатиб ўтилганидан ташқари бошқа ҳеч қандай чегирмалар қилиш мумкин эмас.

Ҳар ойлик чегирмалар миқдори пенсиянинг 50 фоизидан ошиши мумкин эмас.

Ортиқча тўланган пенсия пули бўйича қарздорлик тўлиқ узилгунга қадар пенсия тўлаш тўхтатилган ҳолларда (масалан, меҳнат қобилияти тикланганлиги туфайли) қолган қарз суд тартибида ундирилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1140" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1106" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

Chat