Ҳуқуқий ахборотни биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

  • 57 марта ўқилди

Иш стажига қўшиб ҳисобланадиган даврлар

Иш билан боғлиқ бўлмаган қуйидаги даврлар иш стажига қўшиб ҳисобланади:
  • I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болага, 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт (тиббий хулоса асосида);
  • олий таълим муассасаларида, аспирантурада, докторантурада, клиник ординатурада, чет элда ўқиш;
  • бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлган вақти;
  • офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақтининг 10 йилдан ошмаган даври;
  • Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлгандаги 10 йилдан ошмаган даври.

Иш стажини имтиёзли ҳисоблаш

Пенсия тайинлашда умумий иш стажига имтиёзли ҳисобланиб қўшиладиган даврлар:

  • а) ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш - уч ҳисса баробарида;
  • б) 1941 - 1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат ичкарисида ишлаш, шу жумладан ҳарбий қисмлардаги эркин ёлланганлар таркибидаги иш ва ҳарбий хизмат - икки ҳисса баробарида;
  • в) имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган - эркакларда 10 йилдан ортиқ ва аёлларда 7 йилу 6 ойдан ортиқ ишланган ҳар бир тўлиқ йил - икки ҳисса баробарида;
  • г) моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунодефицит вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар муассасаларида ишлаш - икки ҳисса баробарида;
  • д) патологоанатомия муассасалари ва суд-тиббий экспертиза муассасаларининг тиббий ходимларидан айрим тоифаларининг иши - бир ярим ҳисса баробарида;
  • е) асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган, асоссиз равишда қатағон қилинган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг қамоқда бўлиш ва ҳибсда сақлаш жойларида турган вақти - бир ярим ҳисса баробарида.

Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларнинг иш стажи

Саноатнинг мавсумий тармоқларига оид корхоналар ва ташкилотларда банд бўлган ходимларнинг тўлиқ мавсум мобайнидаги иши бир йил ишлаган деб, тўлиқ мавсум давомида ишламаган бўлса, ҳақиқий ишлаган даври ҳисобга олинади.

Тўлиқ бир мавсум ишлаш пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтадиган мавсумий ишлар ва саноатнинг мавсумий тармоқлари рўйхати

Пахта тозалаш саноати корхоналаридаги ишлар:

  • а) пахтани қуритиш;
  • б) пахтани тозалаш;
  • в) пахтани юклаш, тушириш;
  • г) пахтани пневмотранспортга ортиш;
  • д) қуритиш-тозалаш цехини йиғиштириш ва иситиш, ишлаб чиқариш чиқиндиларини чиқариб ташлаш.

Саноатнинг қанд-шакар ва консерва ишлаб чиқариш тармоқлари корхоналаридаги ишлар.

Ипакчилик тармоғи корхоналари ва фермер хўжаликларидаги ишлар:

  • а) тут уруғи тайёрлаш;
  • б) тут ниҳоллари ва тут кўчатлари етиштириш;
  • в) тут ипак қурти уруғларини инкубаторияларда жонлантириш;
  • г) тут ипак қурти парваришлаш;
  • д) тирик ва қуриқ пиллани саралаш;
  • е) тирик пиллани қуритиш;
  • ж) пиллани қўл кучи ёрдамида ташиш;
  • з) пилладан намуналар олиш (лабораторияда саралаш учун);
  • и) уруғчилик корхоналарида капалакларни жинсларга ажратиш;
  • к) тут ипак қурти уруғларини микротаҳлилдан ўтказиш;
  • л) тут ипак қурти уруғларига ишлов бериш;
  • м) тут ипак қурти уруғларини қишлаш давридаги ишлар;
  • н) тут ипак қурти уруғларини қадоқлаш ва ёрлиқлаш.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1140" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳудудий бўлимлари ҳақида маълумот олиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

 

Chat