Ҳуқуқий ахборот портали

Олий таълим муассасалари қабул Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида қабул квоталарига мувофиқ амалга оширадилар.

Қабул квоталаридан ташқари абитуриентларни ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси рухсатига асосан амалга оширилади.

Олий таълим муассасаларига қабул барча учун (ҳам грантлар, ҳам тўлов-контракт бўйича) тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, тест синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилинади.

Қолган абитуриентлар тест баллари рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилинади.

Ҳудудлар кесимида мақсадли қабул квоталари тасдиқланган таълим йўналишларига қабул фақат тегишли ҳудудда яшаётган ва ҳудуднинг тегишли таълим тўғрисидаги дипломига эга бўлган абитуриентлар ҳисобидан амалга оширилади. 

Қабул квоталари тегишли қарор эълон қилинганда Давлат тест марказининг сайтида жойлаштирилади. Давлат тест маркази сайтига кириш учун ушбу ҳавола ўтинг.

Аризаларни қабул қилиш

Абитуриентларнинг ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризалари қабул комиссиялари ҳамда давлат марказлари томонидан 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам), Ўзбекистон давлат консерваторияси учун 15 июндан 10 июлгача қабул қилинади.

Абитуриент яшаш жойи (прописка)дан қатъий назар, исталган жойдаги Давлат марказлари орқали ўқишга ҳужжат топшириши мумкин. Давлат хизматлари марказлари манзиллари ҳақида ушбу ҳавола орқали маълумот олиш мумкин.

Абитуриент қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • таълим йўналиши, ўқув тили, шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза (аризада олий таълим муассасасини тугатганлиги ёки олий маълумоти йўқлиги, қайси чет тилидан тест топшириши, ҳарбий тавсияномага эга бўлганлар унинг рақамини ва танланган иккинчи олий таълим муассасаси, таълим йўналишини кўрсатишлари ҳамда тест синовларини ўтказиш қоидалари ва жавоблар варақаларини тўғри тўлдириш билан танишганлиги кўрсатилади);
  • умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси;
  • паспорт (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома)нинг нусхаси;
  • махсус сиртқи бўлим абитуриентлари учун меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма ва ишлаб турган соҳадан тавсиянома.

Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар ва I гуруҳ кўзи ожиз ногиронлар ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни топширадилар.

Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар тоифасига «Меҳрибонлик уйлари»да яшаб таълим олган, 18 ёшга тўлмаган, отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки суд қарорига биноан вафот этган деб эълон қилинган болалар киради.

Танловдан ташқари ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлган халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари асл нусхадаги тасдиқловчи ҳужжатларни топширадилар.

Абитуриент аризасида «ўзим ҳақимда қуйидагиларни маълум қиламан» графасига ҳужжатлар билан тасдиқловчи ҳолатлар (болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, етим, «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари ва боқувчиси йўқ) қайд этилади.

Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасининг аслини юқорида кўрсатилган ҳужжатлар билан биргаликда тақдим этадилар.

Ҳарбий қисмлар қўмондонлиги тавсияномалари улар берилган кундан ҳамда муддатли ҳарбий хизматни тугатган давридан бошлаб, уч йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади (олий таълим муассасасига талабаликка қабул қилинганлиги тўғрисидаги расмий буйруқ бўлса, имтиёздан такроран фойдаланиш мумкин эмас).

Абитуриент томонидан паспорт (паспорт ёшига етмаганлар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома) ҳамда ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги ҳужжат шахсан кўрсатилади.

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда давлат марказлари (олий таълим муассасаси қабул комиссияси) абитуриентнинг ҳужжатларини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Ҳужжатлар қабул қилишнинг белгиланган муддатлари тугагандан сўнг ҳужжатларга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиб бўлмайди.

Абитуриент томонидан топширилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, у ҳолда абитуриент тест синовларидан (олий таълим муассасасидан) четлаштирилади.

Касбий имтиҳонлар

Олий таълимнинг айрим йўналишлари бўйича тест синовлари билан бир қаторда қўшимча касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилади. Касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган таълим йўналишлари рўйхати Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар тест синовлари ўтказилишига қадар 11 июлдан 20 июлгача, тест мажмуаларида фаннинг ўрнига қараб унинг учун назарда тутилган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизигача бўлган оралиқда ягона кўп балли баҳолаш тизими бўйича амалга оширилади.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари бўйича тушган норозилик (апелляция) аризалари олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан 21 июлга қадар бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари Давлат тест марказига олий таълим муассасалари томонидан 22 июлгача тақдим этилади.

Олий таълим муассасасида касбий (ижодий) имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

имтиҳонлар бошланишидан бир ой олдин ректорнинг буйруғи билан имтиҳон комиссияси ташкил этилади;

имтиҳонлар тасдиқланган жадвалга қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади;

имтиҳонларга ажратиладиган вақт олий таълим муассасаси қабул комиссиясининг қарори билан белгиланади;

имтиҳонлар тест синовлари мажмуаларидаги фаннинг эгаллаган ўрнига қараб белгиланган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизгача бўлган оралиғида, ягона кўп балли тизим бўйича баҳоланади;

имтиҳонларни баҳолаш мезонлари имтиҳон комиссияси томонидан белгиланади;

Олий таълим муассасаси қабул комиссияси имтиҳонлар бошланишидан бир ой олдин абитуриентлар эътиборига имтиҳон олинадиган фанлар дастурини, уларни баҳолаш мезонларини, маслаҳатлар ва имтиҳонлар жадвалини маълум қилади;

жадвал бўйича касбий (ижодий) имтиҳонларга келмаган абитуриентлар учун қайта касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилмайди ва улар тест синовларига қўйилмайди.

Тест синовларини ўтказиш

Тест синовлари Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади.

Тест синовлари уч тилда — ўзбек, рус, Қорақалпоғистон ҳудудида қорақалпоқ тилида ҳам ўтказилади.

Абитуриент тест синовларини ва касбий (ижодий) имтиҳонни олий таълим муассасасида ўқийдиган тилда топширади. Бунда ўзбек гуруҳларига ҳужжат топширган абитуриент ўз аризасига асосан тест синовларини ўзбек тилида лотин ёки кирилл алифбосида топшириш ҳуқуқига эга.

Абитуриент чет тиллар сифатида инглиз, немис, француз тилларидан бири бўйича тест синови топширади. Абитуриент ўқиган чет тилидан қатъи назар, хоҳлаган (инглиз, немис, француз) чет тилидан тест топшириши мумкин.

Тест синовлари кундузги ҳар йили 1 августдан 15 августгача бўлган муддатда кунига икки сменада ўтказилади.

Натижалар тест синови ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Олий таълим муассасасида танланган таълим йўналишига қараб абитуриентлар тегишли равишда бир, икки ёки уч фан мажмуалари бўйича тест синовларидан ўтадилар.

Тест топшириқлари умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади.

Фанлар мажмуаси Она тили ва адабиёти (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти), Математика (информатика билан), Физика, Кимё, Биология, Тарих, География, Чет тили (инглиз тили, немис тили, француз тили) фанлари бўйича шаклланади.

Давлат тест маркази томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган абитуриентларга мос чет тили фанидан белгиланган максимал балл берилади ва улар чет тили фанидан тест синови (касбий (ижодий) имтиҳон) топширмайди.

Контракт асосида қабул қилиш

Абитуриентларни тўлов-контракт асосида қабул қилиш тест синовларининг баллар рейтинги бўйича Давлат комиссияси томонидан амалга оширилади.

Давлат комиссияси томонидан абитуриентларни тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин олий таълим муассасаси билан юридик ёки жисмоний шахслар ўртасида белгиланган тартибда контрактлар расмийлаштирилади.

Тўлов ҳар йили контрактда кўрсатилган муддатларда амалга оширилади.

Қўшимча контракт

Давлат комиссияси қарори асосида абитуриентлар тўлов-контракт бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Олий таълим муассасалари қўшимча қабул тўплаган баллари энг юқори баллнинг 30 % дан кам бўлмаган (68.0) ва асосий қабул чегараларига 4 баллгача етмаган абитуриентлар орасидан баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширадилар.

Бунда, абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишни аризаси билан рад этган ёки ариза бермаганда рўйхатдаги кейинги абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилади.

Оширилган тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

  • тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига бир баллгача етмаган абитуриентлар учун — 1,5 баробар;
  • 1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун — 2,0 баробар;
  • 2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун — 2,5 баробар;
  • 3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун — 3,0 баробар.

Тестларда энг юқори баллнинг 30% дан кам бўлмаган (68.0) балл тўплаган абитуриентлар, биринчи ўқув йилига амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробардан ортиқ оширилган тўлов-контракт миқдорида тўлов тўлаш шарти билан ўқишга кириши мумкин.

Қўшимча қабул қилинган талабалар биринчи ўқув йилини тугатгандан сўнг кейинги ўқув йилидан бошлаб тўлов-контрактни қолган талабалар учун белгиланган миқдорда тўлайди.

Имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинадиган шахслар

Қуйидагилар мос таълим йўналишларига имтиҳонларсиз давлат грантлари асосида қабул қилинадилар:

  • халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолиблари;
  • Зулфия номидаги Давлат мукофотлари соҳибалари;
  •  «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари;
  • «Тарбиячи» республика танлови ғолиби;
  • «Ҳамшира» республика танлови ғолиби;
  • Бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари;
  • «Ниҳол» мукофоти совриндорлари.
  • Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари доимий яшаш жойидаги олий таълим муассасаларининг педагогика таълим йўналишларига;

Олимпиада фани, танловлар билан олий таълим йўналишлари ўртасидаги касбий мувофиқлик Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Ўқишга қабул қилишни расмийлаштириш

Давлат комиссиясининг қабул қилиш тўғрисидаги қарори асосида олий таълим муассасалари 25 августга қадар абитуриентларни давлат грантлари бўйича талабалар сафига қабул қилиш ҳақидаги буйруқларни расмийлаштиради.

Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар (ҳужжат топширган таълим йўналиши бўйича тўлов-контракт асосидаги қабул квоталари доирасида белгиланган ўтиш баллини тўплаган бўлса) ва I гуруҳ кўзи ожиз ногиронларни ўқишга қабул қилиш давлат гранти асосида амалга оширилади.

Тўлов-контракт асосида абитуриентларни ўқишга қабул қилиш контрактда белгиланган маблағ миқдори 15 сентябрдан кечиктирилмай, белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг  расмийлаштирилади.

Бунда, тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар 2 сентябрдан бошлаб дарсларга қатнашига рухсат берилади.

Қўшимча тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар ушбу сумма биринчи ўқув йили учун тўлиқ тўлангандан кейин ўқишга қабул қилинади.