Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилди, унга мувофиқ:

Молия вазирлиги пул маблағларини тижорат банкларига 15 йил муддатга бозор шартлари асосида жойлаштиради;

тижорат банклари аҳолига ўз маблағлари ва Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитларини тақдим этади;

Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари бозор ставкаси бўйича, битта қарз олувчига бериладиган кредитнинг чекланган миқдори белгиланган ва қарз олувчига уй-жойнинг жойлашган жойи ва майдонини мустақил равишда танлаш ҳуқуқи берилган ҳолда тақдим этилади;

айрим шахсларга, шу жумладан кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланади.

Янги тартиб қуйидаги ҳудудларда жорий этилди:
  • қишлоқ жойларда — Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари шаҳарларига ва туман маъмурий марказларига туташ ҳудудларда;
  • Тошкент шаҳрида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида.

Ипотека кредитлари бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни сотиб олиш учун қуйидаги шартларда берилади:
  • қишлоқ жойларда — уй-жой ҳисобланган қийматининг 90 фоизидан ошмайдиган миқдорда
    15 йил муддатга ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;
  • шаҳарларда — уй-жой ҳисобланган қийматининг 80 фоизидан ошмайдиган миқдорда 15 йил муддатга ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда.

  • Бунда:
  • уй-жойларнинг ҳисобланган қиймати ҳар йили Молия вазирлиги томонидан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда квартира бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати ҳамда икки ва уч хонали квартиралар майдонининг энг кам меъёрларини инобатга олган ҳолда белгиланади;
  • сотиб олинадиган квартиранинг қиймати уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади;
  • Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси пасайтирилган тақдирда, Молия вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар ва тижорат банкларининг ипотека кредитлари бўйича фоизлар мутаносиб равишда камаяди, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади.

Аҳамият беринг!
2020 йил 1 мартдан бошлаб субсидиялар олиш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

Chat