Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

1) Нон учун компенсация пули кимларга тўланади?

    Жавоб: 2019 йил 1 октябрдан бошлаб, ун ва қолипли нон учун компенсация пули қуйидаги шахсларга тўланади:
  • ёшга доир нафақа олувчилар;
  • ногиронлиги бўйича нафақа олувчилар;
  • боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси олувчилар (ҳар бир боқимандага);
  • болаликдан ногиронлиги бўлган 16 ёшдан катта нафақа олувчилар;
  • 16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган нафақа олувчи шахслар;
  • энг кам ёшга доир пенсиянинг миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахслар;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 2 ёшгача бўлган болалар парвариши учун тайинланган нафақа ёки моддий ёрдам олувчи оилага.
  • Ун ва қолипли нон учун компенсация миқдори 50 минг сўмни ташкил этади. (https://lex.uz/docs/4552156).

2) Никоҳни бекор қилиш учун судда давлат божи кимдан ундирилади?
    Жавоб: Давлат божи никоҳдан ажратишни сўраб судга ариза топширган томондан, агар эр-хотин биргаликда никоҳдан ажратиш ҳақида судга ариза ёзган бўлса, ўзаро келишган ҳолда томонларнинг биридан ундирилади.
  • Давлат божи суммаси БҲМнинг 2 баравари миқдорида, такрорий никоҳни бекор қилиш учун эса БҲМнинг
    4 баравари
    миқдорида ундирилади.
  • (https://lex.uz/docs/4680944#4683761).

3) Автомашинани кимлар ишончномасиз бошқариши мумкин?
    Жавоб: Транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар,  
    опа-сингиллар)
    транспорт воситасини ишончномасиз бошқариши мумкин.
  • Ушбу яқин қариндошларнинг фамилияси, исми, отасининг исми транспорт воситаси эгасининг суғурта полисида кўрсатилган бўлиши керак. (https://lex.uz/docs/4506606).

4) 14 ёшгача бўлган болаларга нафақа тўлаш тартиби қандай?
    Жавоб: Мазкур нафақа фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи (маҳалла) томонидан кам таъминланган оилаларга берилиши мумкин.
  • Бунда оиланинг охирги 3 ойлик даромади қўшиб ҳисобланиб, оила аъзоларига бўлинганда, ҳар бир оила аъзосига БҲМнинг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда тўғри келган оила – кам таъминланган деб топилиши ҳамда нафақа тайинланиши мумкин.(https://lex.uz/docs/2134701#2135430).

5) Ойлик иш ҳақидан контракт учун тўлов амалга оширилганда, даромад солиғи бўйича имтиёзлар мавжудми?
    Жавоб: Олий ўқув юртларида таълим олиш (ўзининг, 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўлов амалга оширилганда, тўлов қилинган қисми даромад солиғидан озод этилади.(https://lex.uz/docs/4674902#4687386).

6) Фойдаланилмаган таътил учун пуллик компенсация тўланадими?
    Жавоб: Меҳнат шартномаси бекор қилинганда, ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.
  • Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимнинг хоҳишига кўра, йиллик асосий ва қўшимча таътилларни бериб, ундан кейин меҳнат муносабатларини бекор қилиниши мумкин. Бунда таътил тугаган кун меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади. (https://lex.uz/docs/142859).

7) Бола парвариши таътилига чиққан ходим таътил тугамасидан ишга қайтиши мумкинми?
    Жавоб: Аёлларга туққунга қадар 70 кун ва туққанидан кейин 56 кун муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади. Шунингдек, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиши мумкин.
    Бу даврда иш жойи сақланади.
  • Ҳомиладорлик ва туғруқ таътилига чиқиш ходимнинг ҳуқуқи ҳисобланади. Таътилга чиққан ходим таътил муддати тугашидан олдин ишга қайтиши мумкин ва иш берувчи унга иш бериши лозим. (https://lex.uz/docs/142859).

8) Талаба қандай ҳолларда ўқишдан четлаштирилади?
    а) ўз хоҳишига биноан;
    б) ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;
    в) саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
    г) ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидалари ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун;
    д) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;
    е) ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);
    ж) талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
    з) суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги аниқланганда;
    и) вафот этганлиги сабабли. (https://lex.uz/docs/3244181).

9) Ҳеч қаерда ишламайдиган шахсдан қанча алимент ундирилади?
    Жавоб: Алимент тўловчи ишламайдиган бўлса ёки иш ҳақи ёхуд даромадини тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим қилмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.
  • Агар қарзни бундай белгилаш алимент тўловчининг манфаатларига жиддий путур етказса, бу ҳақда судга мурожаат қилиш мумкин. Суд алимент тўловчининг моддий, оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, алиментнинг пул билан тўланадиган қатъий суммасини белгилаши мумкин. (https://lex.uz/docs/104720).

10) 3 ёшга тўлмаган боласи бор бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёлларга ҳафтасига иш соати қанча этиб белгиланган?
    Жавоб: 3 ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидаги муассаса ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланган.(https://lex.uz/docs/142859).

Chat