Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Асосий тушунчалар:
  • давлат-хусусий шериклик – давлат шериги ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган ҳамкорлигидир;
  • давлат-хусусий шериклик объекти – лойиҳалаштирилиши, қурилиши, барпо этилиши, етказиб берилиши, молиялаштирилиши, реконструкция қилиниши, модернизациялаштирилиши, фойдаланилиши ва хизмат кўрсатилиши давлат-хусусий шериклик лойиҳасини рўёбга чиқариш доирасида амалга ошириладиган мол-мулк, мулкий комплекслар, ижтимоий инфратузилма, шунингдек давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида жорий этилиши лозим бўлган ишлар (хизматлар) ва инновациялар;
  • давлат шериги – Ўзбекистон Республикаси бўлиб, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган бошқа органлар (ташкилотлар) ёки уларнинг бирлашмалари унинг номидан иш юритади;
  • хусусий шерик – Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган, давлат шериги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузган тадбиркорлик фаолияти субъекти ва шундай субъектларнинг бирлашмаси.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Ваколатли давлат органи:
  • давлат-хусусий шериклик соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;
  • давлат-хусусий шериклик соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда идоралараро мувофиқлаштиришни таъминлайди;
  • давлат-хусусий шериклик соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда, шунингдек давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг концепцияларини ишлаб чиқишда вазирликларга, давлат қўмиталарига, идораларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўмаклашади;
  • инвесторлар, халқаро молия ва донорлик ташкилотлари, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари, шунингдек давлат-хусусий шерикликнинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни ташкил этади;
  • давлат-хусусий шериклик соҳасида услубий ҳужжатларни, қўлланмалар ва йўриқномаларни тайёрлайди;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг техник-иқтисодий параметрларига доир шарҳларни кўриб чиқади ва тақдим этади;
  • давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги намунавий битимлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрини юритади ва бошқалар.

Давлат шериги ва хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафларидир. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини молиялаштирувчи молиявий ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар ҳам давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари бўлиши мумкин.

Давлат шериги томонидан ваколат берилган давлат корхоналари ва (ёки) ташкилотлар давлат шериги томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат шеригининг мажбуриятларини ўз зиммасига олган ҳолда ҳаракат қилиши мумкин. Бунда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши учун давлат шериги тўлиқ жавобгар бўлади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси давлат органи (ташкилоти) ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркор ёхуд юридик шахс томонидан ташаббус қилиниши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ташаббус қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқишни;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини баҳолаш, келишиш ва тасдиқлаш учун тегишли давлат органига юборишни;
  • ваколатли давлат органи томонидан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини кўриб чиқишни;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини ваколатли давлат органи томонидан маъқуллашни, рад этишни ёки маромига етказиш учун қайтаришни;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг келишиб олинган концепциясининг давлат шериги ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланишини;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ваколатли давлат органи томонидан Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрига киритишни ўз ичига олади.

Хусусий ташаббускор давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқишга ва потенциал давлат шеригига тақдим этишга ҳақли. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси мавжуд муаммоларни ҳал қилишга доир инновацион ёндашувни ўз ичига олиши ва тарафлар учун мақбул бўлган мутаносиб нафни таъминлаши керак.

Хусусий ташаббускор давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тақдим этишдан олдин дастлабки муҳокама ўтказиши, шунингдек потенциал давлат шериги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида ахборот алмашиши мумкин.

Тарафлар битимни давлат шеригининг қарорига кўра қуйидаги ҳолларда музокара ўтказиш асосида тендер ўтказмасдан тузилиши мумкин:
  • давлатнинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлашда;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг зарурий шарти ҳисобланган интелектуал фаолият натижаларига доир мутлақ ҳуқуқлар, бошқа мутлақ ҳуқуқлар, ер участкаси, бошқа кўчмас мол-мулк объекти ва ўзга мол-мулк муайян шахсга тегишли бўлганда;
  • Ўзбекистон Речспубликаси Президентининг фармонлари ва қарорлари билан белгиланган ҳоллларда.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
  • Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
  • давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари ҳақидаги;
  • давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг предмети ҳақидаги;
  • тарафларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги тўғрисидаги;
  • давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида хавф-хатарларнинг тақсимланиши ҳақидаги;
  • давлат-хусусий шериклик объектининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа ўтказилган ёки лойиҳалаштирилиши, қурилиши, барпо этилиши, молиялаштирилиши, реконструкция қилиниши, ундан фойдаланилиши ва унга хизмат кўрсатилиши лозим бўлган давлат-хусусий шериклик объектларининг тавсифи, улардан фойдаланиш мақсадлари ва муддатлари тўғрисидаги;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳаси билан боғлиқ бўлган ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) муддатлари ва тартиби ҳақидаги;
  • тарафларнинг тегишли инфратузилмага нисбатан ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича ҳуқуқларини тақсимлаш тўғрисидаги, шунингдек уларни бошқа шахсга ўтказиш тартиби ҳақидаги;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун талаб этиладиган ер участкаларини бериш тартиби ва тартиб-таомили тўғрисидаги, ер участкаларига тааллуқли бошқа шартлар ҳақидаги;
  • хусусий шерик томонидан бериладиган товарларга, бажариладиган ишларга, кўрсатиладиган хизматларга доир нархларни, тарифларни белгилаш ва уларни ўзгартириш шартлари тўғрисидаги;
  • тарафларнинг ўз мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш усуллари, миқдорлари ва муддатлари ҳақидаги;
  • давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг муддати, бу муддатни белгилаш тартиби ва бошқалар.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати уч йилдан кам бўлмаслиги ва қирқ тўққиз йилдан ошмаслиги керак.

Давлат-хусусий шериклик объекти жойлашган ва (ёки) давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ер участкаси хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланадиган муддатга берилади.

Ер участкаси хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун шартнома асосида танлов ўтказмасдан берилади.

Давлат шериги томонидан хусусий шерикка ер участкасини ёки унга бўлган ҳуқуқларни беришга доир мажбуриятнинг бажарилмаганлиги хусусий шерик томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бир томонлама бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тугатилиши давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун берилган ер участкасига нисбатан шартномавий муносабатларни тугатиш учун асос бўлади.

Chat