Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
  • тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабулларни ўтказиш;
  • тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш;
  • тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик, шу жумладан, ер участкалари ва бинолар, кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш масалаларидаги тўсиқларни бартараф этиш;
  • тадбиркорликни ривожлантиришга ва чет эл инвестицияларини жалб этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни мониторинг қилиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
  • тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида уларни қабул қилиш, умумлаштириш, мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш учун самарали платформа жорий этилишини назарда тутувчи «business.gov.uz» ягона интерактив портали фаолият кўрсатишини таъминлаш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти ташкил этилди.

Шундай тартиб ўрнатилдики, унга мувофиқ:
  • Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарида тадбиркорларни, шу жумладан чет эллик инвесторларни қабул қилиш ҳокимликлар, Савдо-саноат палатасининг тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, инвестициялар ва савдо, адлия, солиқ инспекцияси, қурилиш, давлат кадастри органлари, банк ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий органлари вакиллари иштирокида тасдиқланган жадвал бўйича ҳар куни амалга оширилади;
  • мурожаатда кўрсатилган қонуний талаблар ва таклифларни туман ва шаҳар даражасида қаноатлантириш имконияти бўлмаса, улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига юборилади;
  • республика даражасида ҳал этилиши керак бўлган тадбиркорларнинг, шу жумладан чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатасининг раҳбарлари ва бошқа ваколатли органлар иштирокида кўриб чиқиш учун Котибиятга юборилади;
  • Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири мурожаатлари ваколатли органлар томонидан ҳал этилмаган тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан чет эллик инвесторларни доимий асосда шахсан қабул қилади;
  • Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг қарори талаб этиладиган тадбиркорларнинг, шу жумладан чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари Котибият томонидан унга кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун киритилади;
  • тадбиркорларнинг мурожаатларида кўрсатилган масалаларни тартибга солувчи нормалар мавжуд бўлмаган тақдирда, Котибият томонидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун киритилади;
  • Котибият Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан биргаликда тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган сабаблар ва шароитларни ҳудудлар ва соҳалар кесимида доимий равишда таҳлил қилади ва тизимлаштиради, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича ҳар чоракда аниқ таклифлар киритади.

Қуйидагилар белгиланди:
  • Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарида тадбиркорларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар, шунингдек бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилади;
  • қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз топшириш тақиқланади;
  • Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий марказлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширади;
  • Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини аниқлайдилар ва уларнинг ҳал этилишини таъминлайдилар;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари секторлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларида муҳокама қилиш учун киритадилар, ушбу ахборот бўйича масъул ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилади.

Қуйидаги ҳисобот тизими амалиётга жорий этилди:

а) туманлар ва шаҳарлардаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳар ойнинг 5 санасигача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга ва инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётган тизимли камчиликлар тўғрисидаги ахборотни киритадилар;

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари раҳбарлари ҳар ойнинг 7 санасигача Котибиятга амалга оширилган ишлар тўғрисидаги йиғма-таҳлилий ахборотни ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга ва инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича асосланган таклифларни киритадилар;
  • Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолияти натижалари ҳар чоракда Бош вазирнинг раислигида алоҳида йиғилишларда, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали кўриб чиқилади;

б) Котибият Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига тадбиркорлардан, шу жумладан чет эллик инвесторлардан Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларнинг кўрилиши жараёни ҳақида ҳар ҳафтада ахборот киритади;

в) Бош вазир ҳар чоракда Ўзбекистон Республикасининг Президентини:

  • Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарининг иши натижалари, тадбиркорлар ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш юзасидан давлат органлари фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида;
  • қабул қилинган қарорлар ёки мансабдор шахсларни рағбатлантириш ёхуд уларни тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатларини юзаки кўриб чиққанлиги ёки кўриб чиқишдаги ҳаракатсизлиги учун шахсий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар тўғрисида хабардор қилади.

Интернетда «business.gov.uz» ягона интерактив портали ишга туширилди, унда қуйидаги асосий имкониятлар мавжуд:

  • тадбиркорлар томонидан ҳудудлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа параметрлар кесимида муаммо келиб чиққан аниқ бизнес-жараённи акс эттирувчи мурожаат қилиниши;
  • ариза берувчи томонидан ўзининг шахсий кабинети орқали мурожаатнинг кўриб чиқилиши жараёнини реал вақт режимида кузатиб борилиши;
  • қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни автоматик режимда аниқлаш имконини берувчи тадбиркорлар мурожаатларининг тизимлаштирилган ягона маълумотлар базаси яратилиши.
Chat