Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Президент мактаблари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Шуниси муҳимки, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йилги параметрлари доирасида ва 2020 йилдан бошлаб, ҳар йили Президент мактабларининг жорий фаолияти харажатларини қоплаш учун зарур маблағлар ажратилади.

Президент мактаблари давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади ва ўз уставига, ғазначилик бўлинмаларида шахсий ҳисобварақларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, логотипга, штампга ва бланкаларга эга бўлади.

Президент мактаблари бевосита Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига бўйсунади. Вазирлик Президент мактаблари фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва назоратни амалга оширади.

Президент мактабларининг асосий вазифалари:

иқтидорли болаларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, ўқувчиларнинг интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини очиб бериш;

табиий ва аниқ фанларни чуқур ўрганиш, хорижий тиллар, муҳандислик ва ахборот технологияларини ўзлаштиришни ташкил қилиш, ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

ўқувчиларни ўқитиш ва билимини баҳолашнинг замонавий услубларини, шунингдек, таълим дастурларининг интеграциялашувига асосланган ўқитишнинг фанлараро ёндашувини жорий қилиш ва кейинчалик ижобий тажрибани халқ таълими тизимига татбиқ этиш;

ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда етакчилик кўникмалари ва нотиқлик санъатини ривожлантириш, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш малакасини ошириш;

ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича халқаро олимпиадалар, танловлар ва мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш;

ўқувчиларда ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат туйғусини, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш муносабатини, ҳаётга қатъий ишонч ва қарашларни шакллантириш;

ўқув дастурларининг узлуксизлигини таъминлаш масалаларида шу йўналишдаги миллий ва хорижий умумий ўрта ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, битирувчиларнинг илғор хорижий олий таълим муассасаларида ва уларнинг республикамиздаги филиалларида ўқишини давом эттириш.

Президент мактаблари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

белгиланган (иккита синфга бир хил — 12 нафардан ўқувчи тақсимланган, 24 нафар ўқувчидан иборат) йиллик қабул квотаси доирасида ўқувчиларни қабул қилиш;

тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари асосида ўқув машғулотлари жадвалини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

ўз уставида белгиланган фаолиятини амалга ошириш учун қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа молиявий манбаларни жалб қилиш;

ишчи орган билан биргаликда юқори малакали хорижий мутахассислар ва бошқа ходимларни жалб этиш;

вазирлик ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат сиёсати, ижтимоий-маданий ва халқ таълими соҳасидаги муҳим масалаларни муҳокама қилиш ва долзарб муаммоларни ҳал этишга бағишланган йиғилишларда, мажлисларда ва бошқа тадбирларда белгиланган тартибда иштирок этиш;

вазирликнинг тегишли таркибий бўлинмалари билан ўзига юкланган вазифаларни ўз вақтида, самарали ва сифатли бажариш учун белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилиш;

Президент мактаблари битирувчиларига давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (гувоҳнома, шаҳодатнома) билан бир қаторда етакчи хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имкониятини берувчи халқаро даражадаги тегишли дастур дипломларини (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) бериш;

соғлом овқатлантиришни ташкил этиш учун танлов жараёнини амалга ошириш орқали энг яхши таклифлар асосида тадбиркорлик субъектлари билан шартнома тузиш.

Президент мактаблари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Президент мактабларида таълим жараёни умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ҳисобга олинган ҳолда, умумий ўрта таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиладиган ҳамда вазирлик томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади.

Президент мактаблари битирувчиларига давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат (гувоҳнома, шаҳодатнома) берилади.

Президент мактабларининг 11-синф битирувчилари танланган фанлар асосида халқаро малака имтиҳонларини (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) топшириш ҳуқуқига эга бўладилар ва улардан муваффақиятли ўтган тақдирда, етакчи хорижий олий таълим муассасаларига кириш имкониятини тақдим этувчи халқаро диплом оладилар.

Президент мактабларига халқаро намунадаги диплом бериш ҳуқуқи белгиланган тартибда тегишли ваколатли халқаро ташкилотларда аккредитациядан ўтганидан сўнг берилади.

Президент мактабларига республика умумтаълим муассасаларининг тўртинчи (биринчи ўқув йилида — тўртинчи — тўққиз) синф битирувчилари орасидан қобилиятли ва иқтидорли (баҳолар табели асосида тегишли STEAM фанлари (математика, биология (табиатшунослик), информатика ва ахборот технологиялари, физика, алгебра, геометрия, кимё) бўйича аъло баҳога тугатган) болалар танлов асосида қабул қилади.

Белгиланган квотага асосан кириш имтиҳонлари натижалари бўйича энг юқори балл олган ўқувчилар ўқишга қабул қилинадилар.

Ҳужжатлар фақат номзод ўқиётган умумтаълим муассасаси жойлашган ҳудуддаги Президент мактабига топширилади.

Ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан камида 10 календарь кун олдин ишчи орган томонидан оммавий ахборот воситаларида Президент мактабларига қабул қилиш тартиби, ҳужжатларни топшириш муддатлари ва квоталари тўғрисида маълумот эълон қилинади.

Кириш имтиҳонларига тааллуқли барча материаллар (сўровномалар, тестлар, жавоблар ва бошқалар) махфий характерга эга бўлган маълумотлар деб ҳисобланади.

Чет эл фуқаролари Президент мактабига ҳужжатларни топшириш ҳуқуқига эга эмас.

Кириш имтиҳонлари такроран ўтказилмайди.

Кириш имтиҳонлари натижалари қайта кўриб чиқилмайди. Кириш имтиҳонлари натижалари бўйича имтиҳон материаллари талабгорларга тақдим этилмайди.

Ҳужжатларни тақдим этиш пайтида кўрсатиб ўтилган маълумотларнинг тўғрилиги бўйича масъулият талабгорнинг ота-онасига (қонуний вакилларига) юклатилади.

Chat