Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

2019 йил 1 августдан бошлаб қуйидаги тартиб ўрнатилди:
  • ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкин;
  • календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат ҳақи суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб:
  • бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар ҚҚС тўловчилари ҳисобланади;
  •  товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар ҚҚС тўловчилари ҳисобланадилар. Бунда, товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт;
  •  қуйидагилар бўйича ҚҚСдан, шу жумладан импорт қилинганда ҳам, имтиёзлар бекор  қилинади:

           - асбест, кўмир, ёғоч   материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хом ашёси;

           - соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хом ашё ва шакар хом ашёси;

           - қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар,  материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;

  • юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

Шунингдек:
  • 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади;

    2019 йил январь ойидан сентябрь ойигача 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Бунда, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб белгиланган пул айланмаси (тушуми) чегаравий даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади;

    пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар. Бунда, уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хом ашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари қисми бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзга эга бўлган юридик шахсларга имтиёздан воз кечиш тўғрисида хабарнома бериш асосида, ушбу хабарнома берилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳуқуқи берилди.

2019 йил 1 августдан бошлаб жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта фаолиятини амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахсларга ҳаётини узоқ муддатли суғурталаш (барча тоифадаги ҳаёт суғуртаси соҳаси) бўйича суғурта шартномасининг ҳар бир амалдаги йили учун суғурта мукофотини тўлашга йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари солиққа тортилмайди. Бунда суғурталанган шахснинг ҳаёти учун суғурта тўловлари шартнома бўйича суғурта муддати бошланган кундан бошлаб камида 12 ойдан кейин амалга оширилиши шарт.

Узоқ муддатли ҳаётни суғурталаш шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган ва суғурталовчи томонидан суғурталанган шахсга суғурта мукофоти қисман ёки тўла қайтарилган тақдирда, қайтарилган суғурта мукофотининг суммаси жисмоний шахснинг солиққа тортиладиган жами даромадига киритилади. Бунда тўлов манбаидан жисмоний шахсларнинг даромад солиғини ушлаб қолиш ва бюджетга ўтказиб бериш мажбурияти суғурталовчига юклатилади.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт шартномалари юзасидан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун, агарда асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 кундан ортиқ бўлса, молиявий жазо чоралари қўлланилмайди.

Chat