Ҳуқуқий ахборот портали

Ишлаб чиқувчи-ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш натижалари Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кўриб чиқиш учун) киритилади, бунда, қоида тариқасида, келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилиши мажбурийдир.

2020 йил 1 январдан бошлаб республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан 3 бараваригача, вилоят нодавлат нотижорат ташкилотлари учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилди.

2020 йил 1 январдан бошлаб эса, фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртма шаклидаги маблағлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, шунингдек, туман ва шаҳарлар бюджетларининг харажатларига қўшилади.

Республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, улар фаолиятини молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, ушбу орган ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобидан мажбурий тартибда уларнинг веб-сайтлари яратилади.