Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Сайлов қонунчилиги

1. Сайлов тушунчаси. Сайлов - овоз бериш орқали давлат органлари, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа тузилмаларни ташкил этиш воситаси.

2. Сайлов принциплари. Сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир.

Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.

Сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади. Муомалага лаёқатсиз фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари фуқаролар томонидан бевосита сайланади.

Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди.

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади.

3. Сайлов округлари. Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округи тузилади.

Маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун қуйидаги сайлов округлари тузилади:

халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун — 60 тадан кўп бўлмаган сайлов округи;

халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун — 30 тадан кўп бўлмаган сайлов округи.

Ҳар бир сайлов округидан 1 та депутат сайланади.

Сайлов округларининг рўйхатлари сайловдан камида 75 кун олдин эълон қилинади.

4. Сайлов участкалари. Сайлов участкалари сайловга камида 60 кун қолганида, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида 20 нафардан ва кўпи билан 3000 нафардан ошмаган ҳолда тузилади.

Ҳарбий қисмларда, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса сайловга камида 7 кун қолганида тузилади.

Сайлов участкаларининг сони округлар сонидан кам бўлиши мумкин эмас.

5. Сайлов комиссиялари. Сайлов комиссиялари тизимига қуйидагилар киради:

Марказий сайлов комиссияси;

вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари;

округ сайлов комиссиялари;

участка сайлов комиссиялари.

6. Сайловчиларнинг рўйхати. Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилади.

Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

Ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот негизида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади ва янгилаб турилади, сайлов кампанияси даврида эса тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан аниқлаштирилади.

7. Сайлов бюллетени. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.

Маҳаллий Кенгашлар сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тасдиқланади.

Сайлов бюллетенлари Брайль алифбоси асосида ҳам тайёрланиши мумкин.

8. Сайловда кузатувчилар, сиёсий партиялар ва ОАВлар вакиллари. Сайловларда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, шунингдек бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши мумкин.

Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида 15 кун олдин ариза билан маълум қилади.

Ариза олинганидан кейин 5 кун ичида сайлов комиссияси кузатувчи учун мандат беради.

Бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

9. Сайловолди ташвиқоти. Сайловолди ташвиқоти - сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир.

Ташвиқот номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади.

Сайлов куни ва овоз беришга 1 кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.

Ташвиқот:

оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали;

босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;

сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

10. Овоз бериш вақти ва жойи. Овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида 10 кун олдин хабардор қилади.

11. Овоз бериш тартиби. Сайловчи сайлов бюллетенини олгач, уни яширин овоз бериш кабинасида тўлдиради.

Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «️» ёхуд «х» белгисини қўяди.

Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.

12. Такрорий овоз бериш. Сайловда икки нафардан ортиқ номзод иштирок этаётган бўлса ва агар улардан ҳеч бири овоз беришда иштирок этган сайловчилардан ярмидан кўпининг овозини олмаган бўлса,  такрорий овоз бериш ўтказилади, унда энг кўп овоз тўплаган икки номзод иштирок этади.

13. Такрорий сайлов. Сайлов ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, шунингдек, агар такрорий овоз бериш ҳам номзоднинг сайланганлигини аниқлаш имконини бермаса, сайловда иккита номзод иштирок этган бўлса ва у зарур миқдорда овоз тўплай олмаган бўлса, такрорий сайлов ўтказилади.

14. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловнинг ўзига хос ҳусусиятлари.
Президент 5 йил муддатга сайланади ва бир шахс сурункасига 2 муддатдан ортиқ Президент бўлиши мумкин эмас.

35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган фуқаро Президент этиб сайланиши мумкин.

Президент сайлов натижалари эълон қилинган кундан кечи билан 2 ойда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилган пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади.

15. Қонунчилик палатаси депутатлари сайловининг ўзига хос хусусиятлари.
Қонунчилик палатаси 5 йилга сайланадиган 150 депутатдан иборат.

Депутатлар ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида сайланади.

Депутатликка номзодлар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади.

Номзодлар сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон ҳудудида яшаётган бўлиши лозим.

16. Маҳаллий Кенгашларга сайловнинг ўзига хос хусусиятлари.
Маҳаллий Кенгашларга сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида 5 йил муддатга ўтказилади.

Сайлов кунигача 21 ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайланиш ҳуқуқига эга.

17. Сенатни шакллантириш тартиби. Олий Мажлис Сенати ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзоларидан таркиб топади.

Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда - олти кишидан сайланади.

Сенатга сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимият вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Сенатнинг ўн олти нафар аъзоси энг обрўли фуқаролар орасидан Президент томонидан тайинланади.

Сенатнинг ваколат муддати - 5 йил.

18. Сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш. Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатига киритилган шахслар сонини, бюллетень олган сайловчилар сонини ва сайлов қутиларидаги бюллетенлар сонини аниқлайди.

Округ бўйича сайлов натижалари фақат участка сайлов комиссиялари тақдим этган баённомалар асосида аниқланади.

Сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг 33 фоизи иштирок этган тақдирда сайлов ўтган деб топилади.

Сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади.

Сайлов натижалари сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади.

19. Муддатидан олдин овоз бериш. Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганида бошланади ва сайловга 3 кун қолганида тугалланади.

Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади.

 

Chat