Ҳуқуқий ахборот портали

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (кейинги ўринларда — вакил) томонидан амалга оширилади.

Вакил тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир тақдимнома вакил томонидан давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш юзасидан ваколат берилган раҳбарларига киритилади.

Вакил тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берган шикоятларини кўриб чиқади.

Тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низоларни, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, оилага, меҳнатга доир ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишга тааллуқли шикоятлар Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг кўриб чиқиш доирасига кирмайди.

Вакил судларнинг, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, тергов, суриштирув ва жазони ижро этиш органларининг ваколатига киритилган масалаларни кўриб чиқмайди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил шикоятларни кўриб чиқаётганда ўз ваколатлари доирасида:

  • масалани унинг моҳиятига кўра ҳал қилиши;
  • арз қилувчи ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун фойдаланиши мумкин бўлган воситалар ва шаклларни кўрсатиши;
  • шикоятни унинг моҳиятига кўра ҳал қилишга ваколатли бўлган ташкилотга ёки мансабдор шахсга юбориши;
  • арз қилувчини унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан таништириши;
  • сабабини албатта кўрсатган ҳолда шикоятни кўриб чиқишни рад этиши мумкин.

Вакил арз қилувчига ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан ёки арз қилувчи, агар у ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, ўз шикояти бўйича қабул қилинган охирги қарордан хабар топган пайтдан эътиборан 1 йил ичида берилган шикоятларни кўриб чиқади.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил веб-сайти