Ҳуқуқий ахборот портали

Республиканинг барча туман (шаҳар)ларида “Yoshlar — kelajagimiz” давлат дастури амалга оширилмоқда.

Дастур ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, умуман ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган.

Дастур ёшлар тадбиркорлиги субъектлари, 50 фоиз ва ундан кўпроқ муассислари ёшлардан иборат бўлган тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, яратиладиган иш ўринларининг 70 фоизидан кам бўлмаган қисмини 5 йил давомида ёшларни иш билан таъминлаш учун тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига оладиган тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хорижий инвесторларга татбиқ қилинади.

Дастур доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси ташкил этилган, Жамғарма маблағларидан қуйидагиларни амалга ошириш учун фойдаланилади:

  • тижорат банклари орқали ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун 2020 йил 1 январдан Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасида, 2021 йил 1 январдан эса тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда кредит ва мол-мулкни лизингга бериш;
  • Дастур доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш;
  • Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик Жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш;
  • тегишли кўникмаларга эга, банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш ва бошқалар.

Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳалари Савдо-саноат палатаси томонидан молиялаштирувчи тижорат банклари билан биргаликда ишлаб чиқиладиган намунавий бизнес-режалар асосида молиялаштирилади.

«Yoshlar — kelajagimiz» давлат дастури асосида кредит ажратилиш тартиби

Имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга 12 ойгача имтиёзли давр билан берилади.

Имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш АТ «Халқ банки», «Микрокредитбанк» АТБ ва «Агробанк» АТБ томонидан амалга оширилади.

Кредит ажратиш тартиби:

1-босқич – ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини реализация қилиш учун имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш талабномаларини бирламчи кўриб чиқиш ва танлаб олиш туман (шаҳар)ларда ташкил этилган комиссиялар томонидан амалга оширилади;

2-босқич – комиссиялар ҳар бир хонадонни уйма-уй юриш, мавжуд инфратузилмани инвентаризация қилиш, ёшлар шуғулланиш истагини билдирган меҳнат фаолияти турини таҳлил қилиш, шунингдек, имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш талабномаларини танлаб олиш натижалари бўйича тасдиқланадиган параметрлар доирасида тегишли туманлар ва шаҳарларда намунавий бизнес-режалар асосида реализация қилинадиган ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларининг манзилли рўйхатини шакллантиради;

3-босқич – Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича республика комиссияси 25 декабрдан кечиктирмасдан Давлат дастури доирасида тегишли туманлар ва шаҳарларда реализация қилинадиган ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ҳамда лойиҳаларининг манзилли рўйхатини тасдиқлайди. Тасдиқланган манзилли рўйхатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш Республика комиссияси билан келишилган ҳолда комиссиялар томонидан амалга оширилади;

4-босқич – тасдиқланган манзилли рўйхат имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга беришни молиялаштириш учун тижорат банкларига ҳамда Жамғармага тақдим этилади;

5-босқич – молиялаштирувчи тижорат банклари тақдим этилган манзилли рўйхат асосида имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш ҳақида ўрнатилган тартибда қарор қабул қилади. Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш талабномаларини тижорат банклари томонидан кўриб чиқиш муддати 3 иш кунидан ошмаслиги лозим;

6-босқич – комиссиялар инвестициявий ва ижтимоий комплекслар ҳудудий органларининг, шунингдек, молиялаштирувчи тижорат банкларининг бириктирилган ходимлари билан биргаликда молиявий маблағлардан мақсадли ва ўз вақтида фойдаланилаётганлиги устидан ҳар ойда мониторинг ўтказади, мониторинг давомида ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тўсқинлик қилаётган муаммолар ҳал этилади.

«Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплексларини қуриш

Давлат дастури доирасида давлат-хусусий шерикчилик асосида қуйидагилар қурилмоқда:

  • «Yosh tadbirkorlar» коворкинг марказлари (иш майдони) — ёшлар тадбиркорлиги субъектларига имтиёзли шартларда бинолар, офис техникаси ва сарфлаш материалларини ижарага бериш, уларни Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга бошқача кўмак бериш, жумладан, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, форумлар, маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил этишга мўлжалланган мажмуа;
  • «Yoshlar mehnat guzari» комплекслари  — чакана савдо ва маиший хизматлар кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига имтиёзли шартларда ижарага жой ажратиш орқали ёшларни иш билан таъминлашга мўлжалланган мажмуа.

Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кўрсатилган марказлар ёки гузарларни қуриш (жойлаштириш) истагини билдирган хусусий шерик туман (шаҳар) ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

  • юридик шахслар учун — давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, жисмоний шахслар учун — паспорт нусхаси;
  • коворкинг маркази ёки меҳнат гузарини қуриш (жойлаштириш) учун режалаштирилаётган ер участкаси ёки давлат мулки бўлган бўш турган объект тўғрисидаги маълумотлар;
  • ер участкасига (бинога) бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (агар коворкинг маркази ёки меҳнат гузари хусусий шерикнинг мулки негизида ташкил қилиш билан боғлиқ бўлса);
  • заруратга кўра, коворкинг маркази ёки меҳнат гузарини қуриш учун эскиз лойиҳавий таклиф ҳужжатлари.

Chat