Ҳуқуқий ахборот портали

Мамлакатимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманида, энг аввало, табиий-иқлим шароити оғир бўлган жойларда ва алоҳида ҳудудларда ҳар бир оилада барқарор даромад манбаини таъминлаш мақсадида "Ҳар бир оила-тадбиркор" дастури амалга оширилади. 

Дастур доирасида имтиёзли кредитлар қарздорларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ёки ривожлантириш учун ажратилади.

Кредитлар қуйидаги мақсадларда ажратилмайди:

  • илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;
  • алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
  • савдо-воситачиликни амалга ошириш;
  • умумий овқатланиш ташкилотларининг айланма маблағларини шакллантириш;
  • ишлаб чиқариш мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни сотиб олиш;
  • маъмурий харажатларни тўлаш, жумладан, хизмат автомобиллари таъминоти;
  • мебель, уяли телефон сотиб олиш, шунингдек, алоқа хизматларига тўлов мақсадлари учун ажратилмайди.

"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида имтиёзли кредитларни ажратиш шартлари.

Кредитларнинг фоиз ставкаси йиллик 7 фоиз миқдорида белгиланади.

Дастур доирасида тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари қуйидаги миқдорларда ажратилади:

33 450 000,00 сўмгача бўлган миқдорда — ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича раҳбарлари ва маҳалла фуқаролари йиғинлари тавсияномалари асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун;

223 000 000,00 сўмгача бўлган миқдорда — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ва қонунчиликда кўзда тутилган бошқа таъминот турлари кафиллиги, учинчи шахс кафиллиги, суғурта полиси, кредитга сотиб олинаётган мулк гарови асосида кичик бизнес субъектларига (якка тартибдаги тадбиркор, микрофирма ва кичик корхоналар);

223 000 000,00 сўмдан ортиқ миқдорда — қонунчиликда кўзда тутилган таъминот кўринишлари асосида тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини кредитлаш учун.

Микрокредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

Кредитлар ушбу кредит ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳанинг бизнес-режасига мувофиқ ўзини ўзи қоплаш жиҳатларидан келиб чиқиб 2 йилгача имтиёзли давр билан 5 йил муддатгача ажратилиши мумкин. Бунда берилаётган имтиёзли давр ва кредитни қайтариш муддати батафсил асослантирилиши керак.

Айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар 18 ой муддатгача ажратилади.

Жисмоний шахслар учун имтиёзли кредитларни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар.

Қарз олувчи - жисмоний шахслар кредитни олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

  • ариза;
  • паспорт нусхаси;
  • жисмоний шахсларга кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган имтиёзли кредитлаш бўйича тавсиянома.

Қарз олувчи — жисмоний шахсларга кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган имтиёзли кредитлаш бўйича тавсияномаси қабул қилинади.

Бунда тижорат банклари кредитнинг қайтмаслик хатарини суғурталайди.

Кичик тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзли кредитларни олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар.

Қарз олувчи — кичик тадбиркорлик субъектлари кредит олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • ариза;
  • бизнес-режа;,
  • тегишли давлат солиқ инспекциясига охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл), 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл), янги ташкил этилган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган деҳқон хўжаликлари бундан мустасно.

Қарз олувчи — кичик тадбиркорлик субъектлари кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида банкка қуйидаги таъминот турларидан бирини тақдим этади:

  • учинчи шахс кафиллиги;
  • суғурта полиси;
  • кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар;
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги;
  • қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари.