Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Касаначиликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун "Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум" ташкил этилган.

Мазкур Консорциум келтирилган рўйхатга мувофиқ замонавий машина, асбоб-ускуналар, хом ашё ва материалларни харид қилишга касаначи ва (ёки) касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи корхоналарга қарзларни ажратади. 

«Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум» МЧЖ томонидан қарз бериш тартиби схемага биноан амалга оширилади.

Касаначиларга касаначилик фаолияти учун замонавий машина ва асбоб-ускуналарни сотиб олишга қарзлар сотиб олинган товарларни гаровга қўйган ҳолда берилади.

Қарз касаначига ёки буюртмачига заём шартномаси асосида 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йил муддатга берилади.

Бир нафар касаначига ёки буюртмачига бериладиган қарз суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг
100 бараваридан ортиқ бўлиши мумкин эмас

Қарз бериш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Қарз олиш учун касаначи қоидага кўра, қуйидаги ҳужжатларни тақдим этган ҳолда Консорциумнинг ўзи яшаш жойидаги филиалларидан бирига мурожаат қилади:

  • заёмнинг мақсади, таъминоти, муддати ва суммаси кўрсатилган ҳолда, заём бериш тўғрисида ариза;
  • касаначи паспортининг нусхаси (фуқаролиги бўлмаган шахслар – яшаш учун гувоҳномасининг нусхаси);
  • заёмдан фойдаланишнинг бутун даври учун бизнес-режа;
  • касаначи ва буюртмачи ўртасида тузилган тегишли меҳнат шартномасининг нусхаси;
  • шунингдек, паспортнинг (фуқаролиги бўлмаган шахслар учун яшаш учун гувоҳномасининг) аслини ҳам тақдим этади.

Қарз олиш учун буюртмачи, қоидага кўра, Консорциумнинг буюртмачи давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги филиалига мурожаат қилади ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • заёмнинг мақсади, таъминоти, муддати ва суммаси кўрсатилган ҳолда заём бериш тўғрисида ариза;
  • хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг 2-картотека бўйича қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотномаси;
  • заёмдан фойдаланишнинг бутун даври учун бизнес-режа;
  • заёмдан фойдаланиш даври учун бизнес-режа.

Касаначи ёки буюртмачи томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида таъминотнинг қуйидаги турларидан бир тақдим этилади:

  • сотиб олинадиган товарлар (замонавий машина ва асбоб-ускуналар сотиб олишда);
  • кўчар ва кўчмас мулк гарови;
  • қимматли қоғозлар;
  • тижорат банки ёки суғурта ташкилотининг кафолати;
  • учинчи шахснинг кафиллиги;
  • олинган заёмнинг касаначи ёки буюртмачи томонидан қайтарилмаслик таваккалчилигининг Консорциум фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисида суғурта полиси.

Заём бериш ёки заём беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш муддати ушбу ариза тушган кундан бошлаб 3 иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Қуйидагилар заём беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:
  • зарур тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилиши;
  • тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ва ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;
  • илгари берилган заёмлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорликнинг мавжудлиги;
  • буюртмачида солиқлар, шунингдек, тижорат банкларининг кредитлари ва хизматлари бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорликнинг мавжудлиги.

Chat