Ҳуқуқий ахборот портали

Фуқаро якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир. Якка тартибдаги тадбиркорлар  кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланадилар.

Якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) - кичик тадбиркорлик субъекти ҳисобланади.

ЯТТ ўз фаолиятини амалга оширишда шахсий иш ҳужжатлари бланкаларидан, муҳр, штамплардан фойдаланишга ҳақли.

Якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимларни ёллаши

Хусусий тадбиркор ходимларни ёллашни банкда ҳисоб рақами очилгандан кейин амалга ошириши мумкин. Ходимларни ёлламасдан фаолиятни амалга оширадиган хусусий тадбиркор фақат битта объектда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга. 

Хусусий тадбиркор ходимларни ёллашни фаолиятнинг амалга ошириладиган турига боғлиқ ҳолда бир нафардан уч нафаргача миқдорда амалга оширишга ҳақлидир. Бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган хусусий тадбиркор, фаолиятнинг турлари сонидан қатъи назар, уч нафардан кўп бўлмаган ходимларни ёллаш ҳуқуқига эга.

Меҳнат шартномаси уч нусхада тузилади, улардан биттаси хусусий тадбиркор солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органига берилади, иккинчиси хусусий тадбиркорда, учинчиси эса — ходимда қолади.

Хусусий тадбиркорда ёллаш бўйича ишлаган иш даврлари унинг учун ушбу даврларда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда ходимнинг меҳнат стажига қўшилади.

Хусусий тадбиркор ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисида ходим билан меҳнат шартномаси тузилган санадан бошлаб 3 иш кунидан кечикмай солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига белгиланган шакл бўйича ариза тақдим этади.

Давлат солиқ хизмати органлари ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза олинган санадан бошлаб 3 иш куни мобайнида хусусий тадбиркорга ёллаган ходимни ҳисобга қўйиш карточкасини беради. Амал қилиш муддати тугагач ҳисобга қўйиш карточкаси солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига топширилади ва йўқ қилинади.

Хусусий тадбиркорлар шуғулланадиган фаолият турлари

Хусусий тадбиркорлар қонунчилик томонидан белгиланган рўйхат бўйича маълум  фаолият турлари  билан шуғулланиши мумкин.

Хусусий тадбиркорлар мазкур фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин ва ходимларни ёллашга ҳақлидир.

Хусусий тадбиркорларни солиққа тортиш

Бир календарь йилда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 млн сўмдан ошмайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқни тўловчилар ҳисобланади.

Бир календарь йил давомида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 млн сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар қонун ҳужжатларида белгиланган миқдор ошган ойнинг кейинги ойидан бошлаб ягона солиқ тўловини тўлашга ўтади.

Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклида фаолият амалга оширилган тақдирда, оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш кўрадиган якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзосигина қатъий белгиланган солиқни тўловчи бўлади.

Қуйидаги якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқни тўловчилар ҳисобланмайди:

  • мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширувчилар;
  • Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрига киритилганлар.

Бир календарь йил давомида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми бир млрд сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни юридик шахсларга белгиланган тартибда тўлайди.

Қатъий белгиланган солиқни тўлаш

Якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ тўловчининг календарь ойида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, қатъий белгиланган солиқ тадбиркорлик фаолиятининг тури ва солиқ тўловчининг фаолиятни амалга ошириш жойига қараб белгиланган ставкалар бўйича тўланади.

Фаолиятнинг бир неча тури билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар қатъий белгиланган солиқни фаолиятнинг ҳар бир тури учун мазкур турдаги фаолиятга нисбатан белгиланган ставкалар бўйича алоҳида-алоҳида тўлайдилар.

Қатъий белгиланган солиқни ҳисоблаб чиқариш солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Қатъий белгиланган солиқ тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг 10-кунидан кечиктирмай ҳар ойда, солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган жой учун белгиланган ставкалар бўйича тўланади.

Агар фаолият амалга оширилган жой учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари давлат рўйхатидан ўтказилган жой учун белгиланган ставкалардан фарқ қилса, қатъий белгиланган солиқ энг юқори ставка бўйича тўланади.

Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик субъекти қатъий белгиланган солиқни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўлайди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолият тугатилган ёки фаолият уч ва ундан кўп ойга тўхтатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланади.

Агар якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини муайян муддатга тўхтатса, у ўз фаолиятини тўхтатгунига қадар тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказувчи органга фаолиятни вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида ариза бериш билан бир вақтда давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани топширади. Бунда ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳар бир ёлланган ходим учун белгиланган тартибда берилган ҳисобга олиш карточкаларини ҳам белгиланган муддатларда топширади.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти вақтинча тўхтатилганлиги ёки қайта тикланганлиги тўғрисидаги аризани олган тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи орган келгуси иш куни тугагунига қадар солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти вақтинча тўхтатилганлиги ёки қайта тикланганлиги тўғрисида ахборот тақдим этади.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисида давлат солиқ хизмати органлари томонидан олинган ахборот якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини амалга оширмайдиган давр учун қатъий белгиланган солиқни ҳисоблашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади..

Савдо фаолияти билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан қатъий белгиланган солиқни тўлаш

Савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрларида даромадларнинг ҳамда амалга оширилган товар операцияларининг ҳисобини юритишлари шарт.

Даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари қуйидагилардир:

  • чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш дафтари;
  • товар чеклари дафтари.

Даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари якка тартибдаги тадбиркорнинг аризаси асосида якка тартибдаги тадбиркорни солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари охирги ёзув киритилган пайтдан эътиборан беш йил мобайнида якка тартибдаги тадбиркорда сақланади ва улар рақамланган, ип ўтказиб боғланган ҳамда тегишли давлат солиқ хизмати органининг муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.

Якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига:

  • савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан, бундан тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарлар олиб кирадиган якка тартибдаги тадбиркорлар мустасно, – йилнинг ҳар бир чораги якунлари бўйича ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай;
  • тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб кирадиган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан – ҳар ойнинг якунлари бўйича ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тақдим этилади.

Ходимларни ёллаган ҳолда фаолиятни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ тўлаш

Ходимларни ёллаган ҳолда фаолиятни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқни белгиланган тартибда тўлайди.

Якка тартибдаги тадбиркор зиммасига ягона ижтимоий тўлов тўлаш мажбурияти юклатилади.

Агар якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини муайян муддатга тўхтатса, у ўз фаолиятини тўхтатгунига қадар тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказувчи органга фаолиятни вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида ариза бериш билан бир вақтда давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани топширади. Бунда ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳар бир ёлланган ходим учун белгиланган тартибда берилган ҳисобга олиш карточкаларини ҳам белгиланган муддатларда топширади.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан олинган якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳар бир ёлланган ходими учун ҳисобга олиш карточкалари якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини амалга оширмайдиган давр учун ҳар бир ёлланган ходимга ягона ижтимоий тўловни ҳисоблашни тўхтатиб туришга асос бўлади.

Агар ўз фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркор давлат солиқ хизмати органига якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳар бир ходими учун ҳисобга олиш карточкаларини белгиланган муддатларда тақдим этмаса, якка тартибдаги тадбиркорнинг мажбуриятлари бўйича қатъий белгиланган солиқни ва ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаш тўхтатилмайди.

Ягона ижтимоий тўловни тўлаш

Ягона ижтимоий тўлов солиқ тўловчининг календарь ойда ишлаган кунлари сонидан қатъи назар мажбурий тартибда қуйидагича тўланади:

  • 1) якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан — ойига энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда;
  • 2) якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан (бундан буён матнда якка тартибдаги тадбиркорнинг ходимлари деб юритилади) — ойига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;
  • 3) юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари томонидан:
  • якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзоси томонидан — ойига энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда;
  • оиланинг бошқа аъзолари томонидан (ўн саккиз ёшга тўлмаганлар бундан мустасно) — ойига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида.
  • 4) қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандчилик субъектлари — «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари томонидан – ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида ойига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;
  • 5) «Уста-шогирд» мактаби ўқувчилари томонидан уларнинг 25 ёшга тўлгунига қадар бўлган иш даврида — йилига энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5 бараваридан кам бўлмаган миқдорда. Белгиланган миқдордаги ягона ижтимоий тўловнинг тўланиши меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда бир йил деб ҳисобга олинади.

Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари, шунингдек, майдони тўрт сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу майдонда қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар йилига энг кам ойлик иш ҳақининг камида бир баравари миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўлайди. Бунда деҳқон хўжалиги раҳбари ягона ижтимоий тўловни мажбурий тартибда тўлайди, бошқа аъзолари ва кўрсатилган жисмоний шахслар эса ихтиёрий асосда тўлайди. Белгиланган миқдордаги ягона ижтимоий тўловнинг тўланиши деҳқон хўжалиги аъзосининг ва жисмоний шахснинг меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда бир йил деб ҳисобга олинади.

Ёшга доир пенсия ва нафақа олувчи ҳунармандчилик субъектлари — «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари Ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод этилади, ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахслар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногирони бўлган шахслар учун эса ягона ижтимоий тўловнинг миқдори унинг белгиланган энг кам миқдорининг камида 50 фоизини ташкил этиши керак. Мазкур имтиёзлар пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади. Имтиёзга бўлган ҳуқуқ календарь йил давомида вужудга келган ёки бекор бўлган тақдирда, ягона ижтимоий тўловни қайта ҳисоб-китоб қилиш ушбу ҳуқуқ вужудга келган ёки бекор бўлган ойдан эътиборан амалга оширилади.

Ягона ижтимоий тўловни тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

  • юқорида кўрсатилган шахслар томонидан — ҳар ойда, тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг 25-кунидан кечиктирмай;
  • юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари томонидан — ҳисобот йилининг 1 октябригача. Бунда ягона ижтимоий тўловнинг миқдори тўлов кунига белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари томонидан Ягона ижтимоий тўловни тўлаш улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади.

Ягона ижтимоий тўловни тўлаш мажбурияти қуйидагиларнинг:

  • юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга ошираётган оила аъзолари учун — оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш юритадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзосининг;
  • якка тартибдаги тадбиркорнинг ходимлари учун — ушбу ходимлар билан меҳнат шартномасини тузган якка тартибдаги тадбиркорнинг зиммасига юклатилади.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан олинган ҳар бир ёлланган ходим учун белгиланган тартибда берилган ҳисобга олиш карточкалари якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини амалга оширмайдиган давр учун якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳар бир ходимига ягона ижтимоий тўловни ҳисоблашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини имтиёзли кредитлаш

Имтиёзли  микрокредитлар қуйидаги шартларда берилади:

  • микрокредит суммаси – энг кам иш ҳақи миқдорининг 200 баробаригача;
  • асосий қарзни тўлашга олти ой муддатли имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда уч йилгача муддатга;
  • йиллик фоиз ставкаси миқдорлари: битта иш жойи яратилганда – 9 фоиз, иккита иш жойи – 8 фоиз, учтадан тўрттагача иш жойлари – 7 фоиз, бешта ва ундан ортиқ иш жойлари яратилганда – 6 фоиз миқдорда.

Микрокредитлар тадбиркорликни амалга ошириш учун тегишли  асосий фаолият турлари бўйича берилади.  

Тижорат банклари Савдо-саноат палатаси билан биргаликда мурожаат этувчиларга микрокредитларни расмийлаштириш ва бизнес-режаларни тайёрлашда ҳар томонлама ташкилий кўмак ва амалий ёрдам беради.

Мурожаат этувчи томонидан микрокредит бўйича қайтаришни таъминлай олмаслик ҳолати вужудга келганда, тижорат банклари томонидан микрокредитни таъминлаш сифатида:

  • энг кам иш ҳақининг юз баробаригача миқдорда микрокредитлашда – харид қилинадиган мулкни ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари кафиллигини;
  • энг кам иш ҳақининг юз баробаридан ортиқ миқдорда микрокредитлашда – учинчи шахснинг кафиллигини, суғурта ташкилотларининг суғурта полисларини ва қонун ҳужжатлари доирасида бошқа таъминлаш турларини қабул қилиб олишларига йўл қўйилади.

Қарз олувчиларга микрокредитлар беришда тижорат банклари кредитнинг умумий суммасида қарздорнинг гаров таъминотини расмийлаштириш билан боғлиқ сарф-харажатларни ҳисобга олишга ҳақлидир.

Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмаган оилавий тадбиркорлик субъектларини имтиёзли кредитлаш

Янги рўйхатдан ўтган юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига фаолиятини амалга ошириш учун олинган товарларни гаров сифатида ҳисобга олган ҳолда энг кам иш ҳақининг 20 баробаригача миқдорда микрокредитлар ажратилади.

Шунингдек, янги давлат рўйхатидан ўтган юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг кам иш ҳақининг 60 баробаригача миқдорда микрокредитлар кредитлашга оид қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъминот турлари билан бир қаторда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кафиллиги асосида ажратилади.

2021 йил 1 январга қадар тегишли фаолият турлари билан шуғулланадиган янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектлари юқорида кўрсатилган микрокредитларни расмийлаштиришда 6 ой муддатга қатъий белгиланган солиқ тўловларидан озод этилади.

Имтиёзлардан фойдаланадиган қатъий белгиланган солиқ тўловчилар улар давлат рўйхатига олинган кундан эътиборан ўн икки ой ичида тугатилса ёки уч ёхуд ундан кўп ой муддатга фаолиятини тўхтатса, фаолият кўрсатган даври учун қатъий белгиланган солиқларни тўлайди.

Тижорат банклари Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан бу ерда қайд этилган узоқ ва бориш қийин бўлган, шунингдек, меҳнат ресурслари ортиқча бўлган ҳудудларда янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда оилавий тадбиркорлик субъектларига энг кам иш ҳақининг 100 баробаригача миқдорда кредитлар ажратади.

Янги рўйхатдан ўтган юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар ажратиш бўйича батафсил тартиби билан шу ерда танишишингиз мумкин.

Chat