Ҳуқуқий ахборот портали

Деҳқон хўжалиги — оилавий майда товар хўжалиги бўлиб, оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун оила бошлиғига берилган томорқа ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва реализацация қилишни амалга оширади.

Деҳқон хўжалигидаги фаолияти тадбиркорлик фаолияти жумласига киради ҳамда деҳқон хўжалиги аъзоларининг истагига кўра юридик шахс ташкил этган ҳолда ёки юридик шахс ташкил этмасдан амалга оширилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигида ёлланма меҳнатдан доимий асосда фойдаланиш мумкин эмас

Деҳқон хўжалиги аъзолари биргаликда яшаётган ва деҳқон хўжалигини биргаликда юритаётган оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари, шу жумладан, фарзандликка олинган болалари, тарбияга олган болалари, ота-оналари, меҳнатга қобилиятли ёшга етган бошқа қариндошлари ҳисобланади.

Деҳқон хўжалиги фуқарога белгиланган тартибда ер участкаси берилганидан ва деҳқон хўжалиги давлат рўйхатига олинганидан кейин ташкил этилган деб ҳисобланади.

Деҳқон хўжаликларига ер бериш шартлари:

  • Оилали ва қишлоқ жойларда камида 3 йил мобайнида яшаб турган фуқароларга, шунингдек туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашининг биргаликда берилган тавсиясига эга бўлган ёш фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга ер участкаси суғориладиган ерларда 0,35 гектаргача ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда 0,5 гектаргача ўлчамда, чўл ва саҳро минтақасида эса суғорилмайдиган яйловлардан 1 гектаргача ўлчамда берилади. Қишлоқ жойларда камида 3 йил яшаб турганлик тўғрисидаги талаб янги суғориладиган ер массивлари учун қўлланилмайди. Бунда деҳқон хўжалиги юритиш учун бериладиган ер участкасининг ўлчами якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга илгари берилган ёки бериладиган ер участкасини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Деҳқон хўжалигига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган томорқа ер участкасидан фойдаланганлик учун ҳақ ер солиғи кўринишида ундирилади.

Батафсил маълумот учун "Қишлоқ хўжалиги" бўлимини қаранг.