Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Ташувчи томонидан багажни қабул қилиш тартиби:

  • багаж рўйхатдан ўтказилганидан сўнг, ташишга қабул қилинади;
  • ташиладиган буюмлар махсус ўрамга ўралиб, ташиш учун қулай бўлган ушлагичга эга бўлиши керак;
  • бошқа йўловчилар багажига ёки ташувчининг ускунасига зиён келтириши мумкин бўлган багажни ташишга қабул қилиш рад қилиниши мумкин;
  • ташувчи меъёрдан ортиқ багажни қабул қилмаслик ҳуқуқига эга;
  • ўрами талабга жавоб бермайдиган, йўқолиш хавфи бўлган, носоз ҳолатдаги багаж ташишга қабул қилинмайди.

Йўловчининг буюмларини ташиш хусусиятлари:

  • йўловчининг буюмлари рўйхатдан ўтказилган багаж ёки қўл юки сифатида ташилади;
  • ташувчи рўйхатдан ўтказилган багаж учун йўловчига багаж биркасини бериши шарт.;
  • салонда йўловчининг қўл юкидан ташқари унинг шахсий буюмлари (портфел, аёллар сумкачаси, соябон, ҳасса, гулдаста, газета, бола учун озуқа, ногиронлар учун аравача кабилар) ҳам ташилиши мумкин;
  • қатновда узилиш бўлганда, ташувчининг талаби билан йўловчи қўл юкини салондан олиб чиқади.

Қуйидагилар багаж ва қўл юки сифатида ташишга қабул қилинмайди:

  • мол-мулкка хавф солиши мумкин бўлган нарсалар;
  • багаж ташиш меъёридан ортиқ бўлганда;
  • ташиш амалга оширилаётган давлат ҳудудига олиб қириш ёки ҳудуди орқали ташиш ман этилган нарсалар.

Ташувчи қуйидаги багажларни ташишда алоҳида қоидаларни ўрнатишга ҳақли:

  • ҳайвонлар;
  • авторучкалар, флаконлар, сигаретлар учун ёндиргичлар ва газли бошқа идишлар;
  • суюқликлар, геллар ва аэрозоллар;
  • спорт анжомларининг алоҳида турлари;
  • ногиронлар аравачаси;
  • электрон ускуналар;
  • дипломатик багаж;
  • йирик ўлчамли ва катта оғирликдаги багаж;
  • қиммат ва мўрт багаж.

Тиббий гувоҳномалар, рентген суратлари, негативлар, пуллар, кредит карточкалари, қимматли қоғозлар, қимматбаҳо металлар, тошлар йўловчи кузатувида ташилади.

Миллий анъанавий кийимларга тақилган, илгари ёдгорликлар сифатида сотувда бўлган шамширлар ва пичоқлар багаж сифатида қабул қилинади ёки экипажга топширилади.

Багажларни ташувчидан қабул қилиб олиш:

  • йўловчи багажини ҳаво кемаси манзилга келгандан кейин олади;
  • кузатилмайдиган багаж йўловчига ёки вакилга юк хатини кўрсатганидан кейин берилади;
  • багажлар манзилга етиб келмаганда, шикастланган ва камчилиги бор багажлар бўйича далолатнома тузилади;
  • ташувчи ташиш шартномаси талабларини бузганда ҳам далолатнома тузилади;
  • далолатноманинг бир нусхаси йўловчига берилади.

Ташувчига нисбатан талаб билдириш тартиби:

  • багажнинг келмагани ёки шикастланганлигини тасдиқлаш учун далолатнома тузилади;
  • далолатнома тузилмаганлиги йўловчини талаб ва даъво қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди;
  • йўловчи шартнома тузилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни ҳамда далолатномани тақдим этиб, ташувчига нисбатан даъво қўзғатиш ҳуқуқига эга;
  • йўловчининг вафоти ёки соғлиғи ёмонлиги сабабли талаб ва даъво унинг меросхўри ёки вакили томонидан берилади;
  • ташиш битта ташувчи томонидан бажарилса, талаб йўловчи хоҳишига кўра парвоз бошланган ёки тугаган манзилда билдирилади;
  • ташишни бир нечта ташувчи бажарганда, талаб йўловчи хоҳишига кўра биринчи ёхуд охирги ташувчига билдирилади.

Ташувчи қуйидаги багажни жўнатилган манзилга етказиб бериши мумкин:

  • эгаси топилмаган;
  • талаб қилиб олинмаган;
  • янглиш юборилган.

Ташувчи бу каби багаж эгасини аниқлаш мақсадида тегишли хизмат вакиллари иштирокида уни очиши мумкин.

Эгасига топширилмаган буюмларни аэропортда сақлаш муддатлари:

  • ташувчи олиб келган, лекин эгасига топширилмаган багаж аэропортда 3 ой сақланади ва йўқ қилинади;
  • хорижий ташувчи олиб келган, лекин эгасига топширилмаган багаж аэропортда 7 кун сақланади ва олиб келган ташувчи орқали қайтариб юборилади;
  • багажлар йўқ қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, видео ва фото материаллар аэропортда сақланади.
Chat