Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Ҳунармандчилик фаолияти (ҳунармандчилик) жисмоний шахсларнинг ҳунармандчилик буюмлари ёки товарлари (ишлари, хизматлари)ни ишлаб чиқариш бўйича фаолияти ҳисобланади.

Ҳунарманд (уста-ҳунарманд, уста) мустақил равишда ёки шогирдлари ёрдамида анъанавий технологиялар асосида ҳунармандчилик фаолияти буюмлари ёки товарлари (ишлар, хизматлар)ни тайёрлайди. 15 ва ундан катта ёшдаги шахс ҳунарманд шогирди бўлиши мумкин.

Ҳунармандчилик фаолияти субъектларини давлат  рўйхатидан ўтказишда шахсий тадбиркорга давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.

Ҳунарманд ҳунармандчилик фаолиятини  амалга  оширишда буюмлар  ва товарлар (ишлар, хизматлар)ни тайёрлаш учун 5 нафар шогирдларни жалб этишга ҳаққи бор. Шогирд бир нечта ҳунармандларда буюмлар ва  товарлар (ишлар, хизматлар)ни тайёрлаш бўйича фаолиятини  амалга  ошириши  мумкин. Бунда ҳунармандчилик  фаолиятида  иштирок этаётган 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахслар учун иш вақти  давомийлиги ҳафтасига 36 соатдан, 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига 24 соатдан ошмаслиги керак.

16 ёшга тўлган шахс  буюмлар ва  товарлар (ишлар, хизматлар)ни тайёрлаш учун ҳунарманд шогирди сифатида жалб этилиши мумкин. 15 ёшга тўлган шахс эса ота-онасидан биттасининг ёки унинг ўрнини босадиган шахснинг ёзма розилиги билан ҳунарманднинг шогирди сифатида жалб этилиши мумкин.

18 ёшгача бўлган шахс ҳунарманднинг шогирди сифатида ишлашга у умумтаълим мактаби, касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейда албатта ўқиши шарти билан қўйилади. 

Ҳунармандчилик фаолиятининг субъектлари  учун имтиёзлар

«Хунарманд» уюшмаси ҳунармандларга ҳар томонлама кўмак  кўрсатади ва Савдо-саноат палатаси таркибига киради.

Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги туман ва шаҳар Тадбиркорларга кўмаклашиш марказлари ҳунармандларга ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришга кўмаклашиш, жумладан, ўз бизнесини ташкил этиш ва ривожлантириш кўникмаларига ўргатиш, ҳунармандчилик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, янгитдан ўз фаолиятини бошлаётган ҳунармандчилик субъектларига кўргазмалар ташкил этиш бўйича хизматларни кўрсатади.

Ҳунармандчилик фаолияти субъектлари — «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари:

  • ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилади;
  • ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилади;
  • қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки 2 йили мобайнида Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлайди.

«Ҳунарманд» уюшмасига аъзо ҳунармандлар, шунингдек, касб-ҳунар коллежларининг махсус устахоналарида ҳунармандчилик бўйича таълим беришда якка тартибдаги тадбиркорлар каби шартнома тузиш ва кўрсатилган хизмат учун солиқ тўламасликлари мумкин.

Ҳунармандлар ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, шу жумладан, банк ҳисоб рақамидаги чет эл валютасини нақд шаклда олишлари мумкин. 

Хорижий мамлакатларда ўтказилган кўргазма, танлов, ярмарка давомида сотилган ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорт шартномалари тузилмасдан амалга оширилиши мумкин, бунинг натижасида олинган даромад эса экспорт тушуми ҳисобланмайди.

Ҳунармандларга имтиёзли кредит бериш

Уюшма аъзолари-ҳунармандларга  "Микрокредитбанк" АТБ, "Халқ банк" АТБ ва "Агробанк" АТБ томонидан миллий валютада имтиёзли микрокредитлар қуйидаги шартларда тақдим этилади:

  • имтиёзли микрокредитлар 6 ой имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 2 йил муддатга, базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 300 бараваридан ошмаган миқдорда;
  • 2019 йил 31 декабга қадар ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмлар харид қилишга бериладиган имтиёзли микрокредитларнинг фоиз ставкаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизини, айланма маблағларини тўлдириш учун эса Марказий банкининг қайта молиялаштириш фоиз ставкаси даражасини ташкил этиши;
  • имтиёзли микрокредитлар пул маблағларини қарз олувчининг ссуда ҳисоб рақамидан унинг тўлов топшириқномасига мувофиқ, тегишли ташкилот ёки жисмоний шахснинг талаби бўйича депозит ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан кейинчалик ушбу ташкилот ёки жисмоний шахсга хизмат кўрсатувчи банк тариф сиёсатига мувофиқ, нақд пул олиш имконияти билан тақдим этилади;
  • 2020 йил 1 январдан бошлаб ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмлар харид қилиш, ҳунардмандчиликни ривожлантириш марказлари ва "Устоз-шогирд" мактабларини ташкил этиш, уй-музейи ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш, айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган кредитлар Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган ҳолда 18 ой муддатга, БҲМнинг 250 бараваридан ошмаган миқлдорда;   
  • 2021 йил 1 январдан бошлаб барча кредитлар тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил ўрнатиладиган ставкаларда берилади.

Ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари рўйхати, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарлар (ишлар, хизматлар) кўринишлари

Ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширишда якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада белгиланган рўйхат бўйича ҳунармандчилик фаолиятининг йўналиши кўрсатилади.

Таъкидлаш зарурки, имтиёзли кредитлар  «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари ҳисобланган ва кўрсатилган рўйхатга мувофиқ  ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандларга тақдим этилади.

Chat