Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Нотариуслар қонунларда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди.

Нотариуслар ҳаракатлар турлари

Нотариуслар қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

  • 1) битимларни тасдиқлайди;
  • 2) васиятномаларни тасдиқлайди;
  • 3) эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар беради;
  • 4) меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради;
  • 5) мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради;
  • 6) ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди;
  • 7) ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди;
  • 8) ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;
  • 9) кўчмас мулк очиқ савдода сотиб олинганлиги ҳақида гувоҳнома беради;
  • 10) фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;
  • 11) фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;
  • 12) юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини тасдиқлайди;
  • 13) фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;
  • 14) ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;
  • 15) жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари ва (ёки) бошқа ҳужжатларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади;
  • 16) пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади;
  • 17) ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олади;
  • 18) пул тўлаш учун чекларни тақдим этади ва чеклар бўйича пул тўланмаганлигини тасдиқлайди;
  • 19) ижро хатларини ёзади;
  • 20) векселларнинг протестларини амалга оширади;
  • 21) денгиз протестларини амалга оширади;
  • 22) нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларини ҳамда реестрлардан кўчирмаларни беради.

Нотариуслар қонунларда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштириладиган васиятномалар

Қуйидагилар васиятномалар нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилади:

  • касалхоналарда, госпиталларда, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки қариялар ва ногиронлар уйларида яшаётган фуқароларнинг ушбу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош шифокорлари, уларнинг тиббиёт бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи шифокорлари, шунингдек госпиталларнинг бошлиқлари, қариялар ва ногиронлар уйларининг директорлари ва бош шифокорлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
  • Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи остида сузиб юрган кемаларда сафарда бўлган фуқароларнинг шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
  • – қидирув экспедицияларида ёки шунга ўхшаш бошқа экспедицияларда бўлган фуқароларнинг шу экспедициялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
  • ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий қисмлар жойлашган, нотариуслар бўлмаган пунктларда эса, шу қисмларда ишловчи ҳарбий хизматчи бўлмаган шахсларнинг, улар оила аъзоларининг ҳамда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
  • озодликдан маҳрум этиш жойларидаги ёки қамоқдаги шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари.

Нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштириладиган ишончномалар ва аризалар

Қуйидагилар ишончномалар ва аризалар нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилади:

  • ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий қисмлар жойлашган, нотариуслар бўлмаган пунктларда эса, шу қисмларда ишловчи ҳарбий хизматчи бўлмаган шахсларнинг, улар оила аъзоларининг ҳамда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган ишончномалари ва аризалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;
  • озодликдан маҳрум этиш жойларидаги ёки қамоқдаги шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган ишончномалари ва аризалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жойи

Нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларида амалга оширилади.

Фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра нотариал идорага бора олмайдиган айрим ҳолларда нотариал ҳаракатлар мазкур фуқаро турган жойда амалга оширилиши мумкин.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш ва тўхтатиб туриш муддатлари

Нотариал ҳаракатлар ҳақ тўланганидан сўнг зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган куни амалга оширилади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш қўшимча маълумотларни талаб қилиб олиш ёки ҳужжатларни экспертизага юбориш зарур бўлганида кечиктирилиши мумкин.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, манфаатдор шахслардан ушбу ҳаракатларни амалга оширишга эътироз бор-йўқлигини сўраш зарур бўлганда, кечиктирилиши мумкин. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш муддати бир ойдан ошмаслиги лозим. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг талабига кўра унга нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш ҳақидаги қарор берилади.

Манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашиш учун судга мурожаат қилиш истагидаги бошқа манфаатдор шахснинг аризасига кўра нотариал ҳаракатни амалга ошириш бир маротаба кўпи билан ўн кун муддатга кечиктирилиши мумкин. Агар бу муддат ичида ариза тушганлиги ҳақида суддан маълумот олинмаса, нотариал ҳаракат амалга оширилиши лозим.

Нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш

Нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш асослари:

  • бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;
  • бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;
  • муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;
  • юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;
  • битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;
  • нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради.

Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатни, нотариал ҳаракатни кечиктириш ёки нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги қарорни нотўғри деб ҳисоблаган манфаатдор шахс бу хусусда нотариал идора турган жойдаги судга шикоят қилишга ҳақлидир.

Нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларини бериш

Нотариус томонидан тасдиқланган ёки берилган, нусхалари нотариал идоранинг йиғмажилдларида сақланаётган ҳужжатлар йўқолган тақдирда номидан ёхуд топшириғига биноан нотариал ҳаракатлар бажарилган жисмоний ва юридик шахсларнинг ёки улар қонуний вакилларининг ёзма аризасига кўра йўқолган ҳужжатларнинг дубликатлари берилади.

 

Нотариал идоралар ҳақида маълумот олиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Нотариус қабулига ёзилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Нотариус ҳаракатларидан норози бўлсангиз Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки “1008” ишонч телефонига қўнғироқ қилинг.

Судга мурожаат қилиш тартиби билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг.

Chat