Ҳуқуқий ахборот - ҳаммага, ҳар доим, ҳамма жойда!

  • 5526 марта ўқилди

 

Кам таъминланган оилаларга маҳалла йиғини томонидан қуйидаги тўловлар тўланади:

  • болали оилаларга нафақа;
  • бола парвариши учун нафақа;
  • моддий ёрдам.

Нафақа ёки моддий ёрдам олиш тартиби

Нафақа ёки моддий ёрдам олиш учун доимий рўйхатда турган жойдаги маҳалла йиғинига ариза бериш керак. Ариза намунаси билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтинг. Алоҳида ҳолларда, оилада муомалага лаёқатли шахслар бўлмаганда нафақа ёки моддий ёрдам маҳалла раисининг тақдимномасига асосан ҳам тайинланиши мумкин. 

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари (бола парвариши ва болалар нафақаси учун).

► Моддий ёрдам сўралган аризага, ариза берувчининг хоҳишига кўра, оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.

► Ариза 13 кун мобайнида кўриб чиқилиб, нафақа, моддий ёрдам тайинлаш ёки тайинлашни рад қилиш ҳақидаги қарор қабул қилинади. Рад этилганда судга шикоят қилиш мумкин. Судга мурожаат қилиш тартиби билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

Нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш мезонлари

► Нафақа тайинлаш учун маҳалла йиғини оиланинг бир ойдаги даромадини аниқлайди.

Барча аниқланган 3 ойлик даромад ўша оиладаги аъзолар сонига бўлингандан кейин, ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган сумма меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 52,7 фоизидан кам бўлса, ушбу оилага нафақа тайинланади. Даромад кўп бўлса нафақа тўланмайди.


Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун оила таркибига:

  • болаларнинг отаси, онаси ёки никоҳдаги ҳар икки ота-онаси (фарзандликка олувчилар);
  • ота-оналар билан бирга яшайдиган ва уларнинг қарамоғида бўлган болалар, шунингдек ота-оналар билан биргаликда яшайдиган ва ўз оилаларига эга бўлмаган 16 ёшдан катта ёшдаги болалар (шу жумладан фарзандликка олинган болалар);
  • Оиланинг биргаликда яшовчи аъзолари таркиби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан белгиланади.

Болали оилаларга нафақалар, бола парвариши бўйича нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш учун ўртача ойлик жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда инобатга олинадиган оила таркибига қуйидагилар киритилмайди:

  • ота-оналари уларга нисбатан ота-она ҳуқуқларидан маҳрум этилган болалар;
  • тўлиқ давлат таъминотидаги болалар, шунингдек васийликка (ҳомийликка) олинган болалар;
  • чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ёхуд ҳарбий таълим муассасасида ўқиётганлиги сабабли оилада бўлмаган ота-она (фарзандликка олувчи);
  • суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш жойларида эканлиги муносабати билан оилада бўлмаган ота ёки она (фарзандликка олувчи).

Ўртача ойлик жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромадига, оила аъзолари томонидан олинган қуйидаги даромадлар киритилади:

  • меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар;
  • мулкий даромадлар;
  • якка тартибдаги тадбиркорнинг даромади;
  • чет элда ишлайдиган ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган оила аъзоларидан пул тушумлари суммаси;
  • пенсиялар ва нафақалар (ушбу Низомда назарда тутилган тартибда оила олаётган нафақа ёки моддий ёрдам, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги 731-сон қарори билан амалга киритилган нафақалар бундан мустасно);
  • шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинган даромад;
  • бошқа даромадлар.

    Бошқа даромадларга қуйидагилар киради:

    • стипендиялар;
    • донорлик учун пул мукофотлари;
    • алиментлар;
    • ҳайвонларни тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб, маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда, ипак қурти, чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинган даромадлар;
    • жисмоний шахслардан текин (шу жумладан ҳадя шартномалари бўйича) олинган мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқлар қиймати;
    • мусобақаларда, кўрикларда, танловларда совринли ўринлар учун бериладиган совринлар, пул мукофотлари;
    • ютуқлар;
    • грант берувчидан олинган грантлар, шу жумладан чет давлатлар грантлари бўйича олинган суммалар;
    • яратилган фан, адабиёт ва санъат асарлари (предметлари) учун жисмоний шахслар томонидан олинган даромадлар;
    • моддий ёрдам тариқасида:
    • вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган тўловлар;
    • ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги, касб касаллиги ёхуд соғлиғига бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар;
    • фавқулодда ҳолатлар муносабати билан бериладиган тўловлар;
    • бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан бериладиган тўловлар;
    • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловлар.
    • уй-жой-коммунал хизматлари ҳақини тўлаш бўйича ҳар ойлик компенсация пул тўловлари;
    • суғурта товони суммалари;
    • маънавий зарарни компенсация қилиш бўйича пул тўловлари.

► Меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар ҳисобланган сумма бўйича ҳисобга олинади (солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар чегириб ташлангунга қадар).

«Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида микрокредит олинган санадан бошлаб охирги 12 ой мобайнида оилавий тадбиркорликни амалга оширишдан олинган даромадлар ҳамда стипендиялар оиланинг жами даромадига киритилмайди.

Нафақа ва моддий ёрдам тўлашни тўхтатиш

Нафақа ва моддий ёрдам тўлаш қуйидаги ҳолатларда тўхтатилади:

  • тўловнинг муддати тугаган;
  • болали оилаларга нафақа бола 14 ёшга тўлганда ва бола парвариши бўйича нафақа бола 2 ёшга тўлганда;
  • бола парвариши бўйича нафақа олувчи она ишга чиққанда;
  • доимий яшаш жойи ўзгарганда;
  • оиланинг ушбу тўловларга эҳтиёжмандлиги йўқлигидан далолат берувчи ҳолатлар аниқланганда;
  • тегишли тўловларни тайинлаш тўғрисида чиқарилган қарорга таъсир кўрсатган бузилган ва ишончсиз маълумотлар аниқланган ҳолларда тўхтатилади. Ушбу ҳолатда асоссиз тўланган маблағ қайтарилиши керак.

  • Оиланинг шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалиги юритишдан оладиган норматив даромадини ҳисоблаш методикаси

Нафақа ва моддий ёрдам миқдори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4555-сон қарорига 2-ИЛОВА

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам миқдорлари

Т/р

Нафақа ва моддий ёрдам турлари

Миқдор

(сўм)

1.

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа

 
 

шундан:

 
 

битта болали оилаларга

131 000

 

иккита болали оилаларга

217 000

 

учта ва ундан ортиқ болали оилаларга

304 000

2.

Бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа

434 000

3.

Кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам

326 000 дан
653 000 гача

4.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам

434 000 дан
1 085 000 гача

Изоҳ: Кўрсатилган нафақа ва моддий ёрдам миқдорлари 2020 йил 1 февралга қадар тайинланган нафақа ва моддий ёрдамни тўлашда ҳам қўлланилади.


Аризани кўриб чиқиш тартиби ва муддати:

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш схемаси


Ҳаётий мисол: аризани кўриб чиқиш тартиби

Савол: З. исмли шахс кам таъминланган оила бўлганлиги сабабли, моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги аризаси маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги комиссия томонидан рад қилингани ҳақида маълум қилиб, кам таъминланган оилага моддий ёрдам тайинлашда нималар эътиборга олиниши лозимлиги ҳақида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради.

Жавоб: Моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,7 фоизидан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад, моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилинган ойдан олдинги охирги 3 ой учун ҳисоблаб чиқилган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромади суммасини оила таркибига киритиладиган оила аъзолари сонига бўлинган ҳолда аниқланади.

Бунда моддий ёрдам олиш учун оила таркибига болаларнинг отаси, онаси ёки никоҳдаги ҳар икки ота-онаси (фарзандликка олувчилар), ота-оналар билан бирга яшайдиган ва уларнинг қарамоғида бўлган болалар, шунингдек ота-оналар билан биргаликда яшайдиган ва ўз оилаларига эга бўлмаган 16 ёшдан катта ёшдаги болалар (шу жумладан фарзандликка олинган болалар) киритилади.

Ўртача ойлик жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда оила олаётган нафақа ёки моддий ёрдам, ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун ҳар ойлик пул компенсацияси, ногиронлиги бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, 16 ёшгача бўлган ногирон болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа, Пенсия жамғармаси орқали бериладиган бола туғилганлиги ҳамда дафн этиш маросими учун бир йўла тўланадиган нафақа, шунингдек «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида микрокредит олинган санадан бошлаб охирги 12 ой мобайнида оилавий тадбиркорликни амалга оширишдан олинган даромадлар ҳамда стипендиялар ҳисобга олинмайди.

Chat