Ҳуқуқий ахборотни биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил қилган ҳолда ёки юридик шахс ташкил қилмасдан туриб амалга оширилиши мумкин.

Юридик шахс ташкил этган ҳолда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш

Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхона ҳисобланади (кичик тадбиркорлик субъекти). Оилавий корхона иштирокчилари ва ёлланма ишчиларнинг умумий сони қонунчилик билан ўрнатилган кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг ўртача йиллик сонидан ортиши мумкин эмас. Оилавий корхона иштирокчиларининг минимал сони 2 нафардан кам бўлмаслиги керак.

Оилавий корхона тўлиқ ёки қисқартма фирма номига эга бўлишга ҳақли. Оилавий корхонанинг тўлиқ фирма номи унинг тўлиқ номи ва «oilaviy korxona» сўзларидан иборат бўлиши керак. Оилавий корхонанинг қисқартирилган фирма номи унинг қисқартма номи ва  “oilaviy korxona» сўзлари ёки «ОК» аббревиатурасидан иборат бўлиши керак.

Оилавий корхонани рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳақида бу ерда танишинг.

Оила бошлиғи, унинг рафиқаси (турмуш ўртоғи), фарзандлари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга лаёқатлилик ёшига етган бошқа қариндошлари (фарзандлар ва набираларнинг турмуш ўртоқлари, туғишган ёки ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, уларнинг турмуш ўртоқлари ва фарзандлари, амаки-тоға ва амма-холалари) оилавий корхона иштирокчилари бўлиши мумкин. Иштирокчилардан биригина оилавий корхона бошлиғи бўлиши мумкин, оилавий корхонанинг барча иштирокчилари бир овоздан унга уларнинг номидан иш юритиш ҳуқуқини тақдим этади.

Оилавий корхона иштирокчиларининг умумий йиғилиши оилавий корхонанининг олий бошқарув органи ҳисобланади.

Оилавий корхонанинг барча иштирокчилари томонидан тузиладиган таъсис шартномаси оилавий корхонанинг таъсис ҳужжати ҳисобланади.

Оилавий корхона устав фондининг энг кам миқдори лицензия талабларида белгиланиши мумкин.

Оилавий корхона турар-жой ва нотурар жой бинолари, жумладан, оилавий корхона иштирокчилари мулк ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосда эгалик қиладиган ишлаб чиқариш, хўжалик иморатлари ва бошқа биноларда фаолият юритиши мумкин.

Турар жой биноларини оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш учун нотурар жой биноларига ўтказиш талаб этилмайди. Алоҳида фаолият турлари учун қонунчилик билан белгиланган ҳолатлар бундан мустасно. Хусусан, кўп қаватли турар жойларда оилавий корхона томонидан саноат фаолиятини амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Оилавий корхона акциз маркали маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ер қаъри участкаларидан фойдалангани учун солиққа тортиладиган фойдали қазилмаларни қазиб олиш, шунингдек, юридик шахслар учун қатъий белгиланган солиқ ёки ягона ер солиғи тўлаш кўзда тутилган фаолият турлари билан шуғуллана олмайди. 

Оилавий корхона фаолиятида инсон ва атроф-муҳит учун юқори хавф туғдирувчи заҳарли, радиоактив моддалар ва материаллар, юқори босимли ва бошқа асбоб-ускуналардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Оилавий корхоналар фойдалана олмайдиган моддалар, материаллар ва асбоб-ускуналар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Оилавий корхона ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни нақд ва (ёки) нақд пулсиз ҳисоб-китоб орқали сотиши мумкин. Оилавий корхона маҳсулотини сотиш у ишлаб чиқарилган жойда амалга оширилиши мумкин.

Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш

Жисмоний шахсларнинг юридик шахс ташкил этмаган ҳолда биргаликдаги тадбиркорлик фаолияти эр-хотинга умумий биргаликдаги мулк ҳуқуқида тегишли бўлган мол-мулк ҳамда уларга ёрдам берувчи оила аъзолари (турмуш ўртоғи, ота-онаси ёки уни асраб олган ота-онаси, 15 ёшдан катта бўлган, жумладан, асраб олинган фарзандлари)нинг шахсий меҳнатига асосланган умумий мулк негизида амалга оширилади.

Оила аъзоси 15 ёшга тўлгач оилавий тадбиркорлик фаолиятида иштирок этиши мумкин.

Оилавий тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади, унда якка тартибдаги фаолият оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширилиши белгилаб қўйилади, шунингдек, биргаликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган оила аъзолари кўрсатилади.

Оилавий тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш, шунингдек, оилавий тадбиркорлик субъекти номидан рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда эр-хотинлардан бири, улардан бирининг нотариал тасдиқланган  розилиги талаб этилади.

Оилавий тадбиркорликни амалга ошириш жараёнида оила аъзолари ўртасидаги ўзаро меҳнат муносабатлари, жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш ва даромадни тақсимлаш масалалари улар томонидан мустақил равишда тартибга солинади.

Оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан доимий ишчиларни ёллашга йўл қўйилмайди. Айрим ҳолларда оилавий тадбиркорлик амалга оширилганда вақтинча бир марталик ишларни амалга ошириш учун уларнинг оила аъзоси бўлмаган фуқароларни жалб этишга йўл қўйилади. Бунда улар билан иш бажариш вақтида фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси тузилади.

Оилавий тадбиркорлик субъекти якка тадбиркорлар учун қонунчилик билан белгиланган рўйхат бўйича фаолият турларини амалга ошириши мумкин.

Бир нечта алоҳида объектларда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган оилавий тадбиркорлик субъекти томонидан қатъий солиқ ҳар бир алоҳида объект учун тўланади.

18 ёшгача бўлган шахснинг оилавий тадбиркорлик фаолиятида иштирок этишига умумтаълим мактаби, касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейга доимий қатнасагина йўл қўйилади.

Оилавий тадбиркорлик фаолиятида 18 ёшдан кичик бўлган шахслар меҳнатидан уларнинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқига путур етказиши мумкин бўлган ноқулай меҳнат шароитига эга ишларда фойдаланиш таъқиқланади.

Оилавий тадбиркорликда иштирок этаётган 16 дан 18 ёшгача бўлган шахслар учун иш вақти давомийлиги ҳафтасига 36 соатдан ошмаслиги, 15 дан 16 ёшгача бўлганлар учун эса ҳафтасига 24 соатдан ошмаслиги керак.

Chat