Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича фуқароларга қуйидаги нафақалар берилади:

  • Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси

    Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси (шу жумладан, ҳомила тушган ҳолларда) 126 кун учун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — 140 кун) муддатга тўланади.

    Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун иш (ўқиш) жойига меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тақдим этиш лозим.

    Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси йўқолган ҳолларда нафақа унинг ўрнига такрорий берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (дубликат) асосида берилади.

    Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа иш ҳақининг (стипендия) 100 фоизи миқдорида берилади.

    Нафақа, аёл таътилга кетгунга қадар тўланади. Агар кетгунга қадар олинмаган бўлса, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мурожаат қилиш лозим. Ушбу муддат ўтгандан кейин нафақа тўланмайди.

  • Бола туғилгани учун бериладиган нафақа (суюнчи пули)

    Бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа (суюнчи пули) базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараварини ташкил этади.

    Мазкур нафақа:

    • ишлаётган аёлларга – иш жойидан;
    • таълим олаётган аёлларга – ўқиш жойидан;
    • ўқимайдиган ва ишламайдиган аёлларга – эри ишлайдиган ёки ўқийдиган жойидан;
    • ўқимайдиган ва ишламайдиган ота-оналарга – Пенсия жамғармаси томонидан тўланади.

    Нафақани олиш учун ФҲДЁ бўлими томонидан берилган боланинг туғилганлик ҳақидаги маълумотномасини топшириши лозим. Мазкур маълумотнома ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома билан бирга тақдим этилади. Нафақа олиниши учун маълумотнома нафақани тўловчи органга 6 ой ичида топширилиши керак. Ушбу муддат ўтгандан кейин нафақа тўланмайди. ФҲДЁ бўлимлари ҳақида маълумот олиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

    Агар маълумотнома йўқотиб қўйилса, иш, ўқиш жойидан нафақа олинмаганлиги тўғрисидаги маълумотномага асосан ФҲДЁ бўлимидан такроран маълумотнома олиш лозим бўлади.

    Ўлик бола туғилган холларда нафақа тўланмайди.

  • Қўшимча дам олиш куни учун бериладиган нафақа

    Нафақанинг мазкур тури ногиронлиги бўлган боласини тарбиялаётган ишловчи ота-онанинг бирига тўланади. Бунда нафақа миқдори бир кунлик иш ҳақи миқдорини ташкил этади. Нафақа қўшимча дам олиш кунига кетилишидан олдин тўланади.

  • Дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа

    Вафот этган шахсни дафн этиш учун уни қариндошларига, улар бўлмаганда эса дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахсга нафақа тўланади. Нафақа Пенсия жамғармаси ёки ишхона томонидан тўланади.

    Нафақа миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараварини ташкил этади.

    Нафақа олиш учун қуйидаги ҳужжатлар топширилиши лозим.

    а) пенсия жамғармасига:

    • ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ва ўлим тўғрисидаги маълумотноманинг асл нусхаси. Ўлик бола туғилганда перинатал ўлим тўғрисидаги маълумотноманинг асл нусхаси;
    • ариза берувчининг паспорти нусхаси.

    б) ишхонага:

    • ариза;
    • ўлим гувоҳномаси;
    • марҳумнинг ходим билан қариндошлиги даражасини тасдиқлайдиган ҳужжат (ходимнинг қарамоғидаги оила аъзоси вафот этган тақдирда).

    Нафақа ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган куни тўланади.

    Нафақани олиш учун ўлим қайд этилган кундан бошлаб 6 ой ичида мурожаат қилиш керак. Ушбу муддат ўтгандан кейин нафақа тўланмайди.

    Нафақа қуйидаги ҳолларда Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади:

    • давлат пенсияси олувчи пенсионер;
    • давлат ижтимоий нафақаси олувчи фуқаро;
    • бола ҳаётининг биринчи ҳафтаси мобайнида ёки ўлик бола туғилганда (перинатал ўлим);
    • тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар («Меҳрибонлик», «Саховат», «Мурувват» уйларидаги, жазони ўташ жойларида ва ҳ.к.) жисмоний шахслар  вафот этганда.

    Ҳудудий пенсия жамғармаси бўлимлари ҳақида маълумот олиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

    Ишлаб турган ходим ёки унинг оила аъзоси вафот этганда нафақа у ишлаб турган ташкилот томонидан тўланади. 

    Бунда, нафақа ходим ёки унинг қарамоғида бўлган қуйидаги оила аъзолари вафот этганда берилади:

    • турмуш ўртоғи;
    • 18 ёшга тўлмаган ёки вақтинча меҳнатга қобилиятсиз (ёшидан қатъи назар) болалари, ака-укалари ва опа-сингиллари;
    • ота-онаси;
    • бобоси ёки бувиси.

    Яшаш учун мустақил маблағ манбаига эга бўлган оила аъзолари қарамоғида турган деб ҳисобланмайди.

Chat