Ҳуқуқий ахборот портали

Кўп квартирали уйларда умумий ва индивидуал ҳисобга олиш асбоби ўрнатилади.

Истеъмолчининг ҳисобга олиш асбобларини сотиб олиш, ўрнатиш, давлат қиёсловидан ўтказиш, фойдаланиш (таъмирлаш, алмаштириш):

  • етказиб берувчи томонидан истеъмолчининг маблағлари ҳисобига бажарилади;
  • нафақа олувчи кам таъминланган оила учун - етказиб берувчи ҳисобидан (унинг қийматини кейинги 12 ой мобайнида оила тўлаб бериши шарти билан) бажарилади.

Умумий ҳисобга олиш асбобига қўйиладиган талаблар
  • Ўзбекистон Республикаси ўлчов воситаси давлат реестрига киритилиши;
  • қиёслашдан ўтказилиши;
  • индивидуал паспортига, қиёсловдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатга ва текшириш тамғаларига эга бўлиши;
  • лицензияланган лойиҳа ташкилоти ишлаб чиққан лойиҳага мувофиқ ўрнатилиши;
  • етказиб берувчи тамғалаган бўлиши;
  • муддатида қиёсловдан ўтказилган бўлиши керак.

Умумий ҳисобга олиш асбобларини қиёслашдан ўтказиш оралиғи
  • босимнинг ўзгарувчан даражаси электрон сарфларни ўлчагичлар (дифманометрлар) учун — 1 йилда 1 марта;
  • ультратовуш, электромагнит, оқимли ва шу каби сарфни ўлчагичлар учун — 2 йилда 1 марта.

Индивидуал ҳисобга олиш асбоблари учун қиёслашдан ўтказиш оралиғи
  • юридик шахслардаги иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоби учун — 2 йилда 1 марта;
  • жисмоний шахслардаги иссиқ сувни ҳисобга олиш асбоби учун — 4 йилда 1 марта.

Ҳисобга олиш асбоблари ўз вақтида қиёслашдан ўтказилмаганда қиёсловни ўтказиш вақтигача иссиқ сувни ҳисоблаш турар жой биноларида рўйхатдан ўтказилган (яшовчи) одамларнинг сони бўйича амалга оширилади.

Индивидуал ҳисобга олиш асбобидан фойдаланиш муддати тугаётганда:

  • етказиб берувчи 10 кун олдин истеъмолчига билдиришнома юборади;
  • истеъмолчи 3 кун ичида ҳисобга олиш асбобини текшириш учун буюртманома беради;
  • етказиб берувчи ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш санаси, унинг кўрсатгичи ва текшириш муддати кўрсатилган 2 нусхада далолатнома тузади.

Истеъмолчиларнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизими етказиб берувчи томонидан йил чорагида 1 марта текширилади.

Chat