Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Хорижий фуқаролар Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари, коллежларда ва олий таълим муассасаларида таълим олиши, илмий фаолият билан шуғулланиши мумкин.

Таълим муассасаларида хорижий фуқароларни ўқитиш тегишли таълим муассасаларининг таълим дастурларида назарда тутилган тилларда олиб борилади.

Хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш бўйича барча ишларни ташкил этиш, ўқув-методик раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш умумтаълим мактабларида Халқ таълими вазирлиги томонидан, бошқа таълим муассасаларида — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистонда хорижий фуқароларни таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

  • а) халқаро шартномалар;
  • б) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги томонидан дастлабки экспертизадан ва рўйхатдан ўтказиладиган жамоавий ва шахсий шартномалар ҳамда контрактлар.

Ўқитиш турлари

Хорижий фуқаролар хоҳишларига кўра:

  • умумий ўрта маълумот;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар таълими;
  • олий маълумот;
  • олий таълим муассасасидан кейинги таълим олишлари мумкин.

Ўқитиш шартлари

Хорижий фуқаролар Ўзбекистон таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Тўлов-контракт асосида ўқиш қиймати асосида Ўзбекистон таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Тиббий кўрикдан ўтказиш

Ўқиш учун келган хорижий фуқаролар тиббий текширувдан ўтадилар.

Чет эл фуқароларини ўқишга қабул қилиш олдидан тиббий кўрикларни ўтказувчи тиббиёт муассасалари рўйхати

Т/р

Вилоятлар номи

Тиббий муассаса номи

1.

Қорақалпоғистон Республикаси

Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази

2.

Андижон

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази

3.

Бухоро

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази

4.

Жиззах

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази

5.

Навоий

Шаҳар тиббиёт бирлашмаси

6.

Наманган

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази

7.

Қашқадарё

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази

8.

Сурхондарё

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази

9.

Самарқанд

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази

10.

Сирдарё

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази

11.

Тошкент

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази

12.

Фарғона

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази

13.

Хоразм

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази

14.

Тошкент ш.

Шаҳар диагностика маркази

Таълим муассасаларига қабул қилиш учун рухсат берилмайдиган касалликлар рўйхати
  • 1. Сил касаллигининг очиқ формалари (актив ривожланувчи ўпка сили, трахеобронхиал, қоринорти ва переферик лимфа тугунлари, йирик суяклар, ҳалқум, ичак ва тери актив сили).
  • 2. Ривожланган ўпка-юрак етишмовчилиги (III-даража) билан кечувчи ўпканинг сурункали касалликлари.
  • 3. Барча босқичдаги хавфли ўсма касалликлари, икки йил олдин радикал даволанган ҳолатларидан ташқари.
  • 4. II ва III-даражали қон айланишининг бузилиши билан кечувчи юрак мушак ва клапанларининг органик ўзгаришлари (туғма ва орттирилган).
  • 5. Турғун буйрак етишмовчилиги билан кечувчи буйрак ва бошқа аъзолар касалликлари.
  • 6. Эндокрин касалликлар: ақлий фаолиятни пасайишига олиб келувчи туғма гипотериоз ва бошқа туғма касалликлар.
  • 7. Қон касалликлари: ўткир лейкозлар, апластик камқонлик.
  • 8. Туғма ва сурункали органик асаб касалликлари, шунингдек, ақл-заковатнинг чуқур ва турғун бузилишлари, психопатик бузилиши, яққол намоён бўлган неврологик белгилар ёки психопатик хулқ-атвор асоратлари билан ўтказилган оғир касалликлар (энцефалит, менингит, арахноидит, бош ва орқа миянинг ёпиқ жароҳатлари ва бошқалар).
  • 9. Тўхтовсиз ривожланиш билан кечувчи шизофрения (оддий, гебефреник, параноид турлари): а) хуружсимон ривожланиш билан кечувчи шизофрения (турлари: катотоник, галюцинатор, параноид); б) тўлқинсимон кечувчи шизофрения (турлари: циркуляр, депрессив-параноид, онейроид-катотоник) тез-тез хуружланувчи ва қисқа ремиссияли ҳолатларда; в) суст кечувчи шизофрениянинг хуруж даври.
  • 10. Тез-тез такрорланувчи тутқаноқли, тутқаноқсиз ва психоматор хуружлари билан, шунингдек, хушнинг хиралашуви ва оғир дисфория билан.
  • 11. Кам такрорланувчи хуружлар билан кечувчи эпилепсия, шахснинг чуқур ўзгариши ва ақл-заковат бузилиши билан, эпилептик психозлар, тез-тез хуружланувчи циклотимия, маниакал депрессив психоз, тез-тез такрорланувчи маниакал депрессив ҳолатлар.
  • 12. Шахснинг патологик ривожланиши ҳар хил турлари, меҳнатга қобилияти пасайиши билан, психопатиянинг яққол тури ёки тез-тез декомпенсацияланиши билан кечувчи турлари.
  • 13. Оғир, сурункали кечувчи, қайталанувчи тери касалликларининг ногиронликка олиб келувчи (пуфакчали эпидермолиз, слеродактилия, артропатик псориаз турлари, тарқок қизил тери сили (волчанка).
  • 14. Захмнинг юқумли босқичи.
  • 15. Трахоманинг I, II, III-даражалари.
  • 16. Гиёҳвандлик, токсикоманиянинг (тамакига тобеликдан ташқари) барча турлари.
  • 17. Орттирилган иммун танқислиги синдроми (ОИТС/ОИВ).

Тақдим этиладиган ҳужжатлар

Хорижий фуқаролар Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тегишли таълим муассасасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

  • ўқишга қабул қилиш ҳақида ариза;
  • ўрганилган фанлар ва улар бўйича имтиҳонларда олинган баҳолар (баллар) кўрсатилган маълумоти ҳақидаги ҳужжатларнинг асл нусхалари;
  • соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса;
  • миллий паспорт (амалдаги визаси билан) ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;
  • 4 х 6 см ўлчамдаги 6 та фотосурат.

Қабул қилиш тартиби

Мактабларга хорижий фуқаро маълумоти бор-йўқлигидан қатъи назар қабул қилинади. Агар мактаб таълимни олаётган бўлса уни мактабнинг тегишли синфидан таълимни давом эттиради.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига умумий ўрта таълим маълумотига мувофиқ бўлган маълумотга эга бўлган хорижий фуқаролар қабул қилинади.

Олий ўқув юртларига умумий ўрта ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумотига мувофиқ бўлган маълумотга эга бўлган хорижий фуқаролар қабул қилиниши мумкин.

Хорижий фуқаролар олий ўқув юртларига кириш тест синовлари натижаларига кўра қабул қилинади. МДҲ мамлакатларидан келган хорижий фуқаролар олий таълим муассасалари бакалавриатига олий таълим муассасаси томонидан белгиланадиган тартибда ўтказиладиган суҳбат натижасида қабул қилинади.

Хорижий фуқароларнинг тест синови (суҳбат) топшириши учун рухсатнома Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан берилади.

Тест синовлари (суҳбат) натижалари хорижий фуқароларни олий ўқув юртига ўқишга қабул қилиш юзасидан қарор қабул қилиши учун асос ҳисобланади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарори асосида олий ўқув юртлари ўқишга қабул қилиш тўғрисида тегишли буйруқ чиқарадилар.

 

Мажбуриятлар

Хорижий ўқувчилар қуйидагиларга мажбур:

  • Ўзбекистон қонун ҳужжатларига амал қилиш, маҳаллий урф-одат ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, республикада хорижий фуқароларнинг бўлиши ва ҳаракатланиши бўйича белгиланган қоидаларни бажариш;
  • интизомга риоя қилиш, машғулотларга қатнашиш, ўқув режалари ва дастурларида назарда тутилган ўқув ва ишлаб чиқариш ишларининг барча турларини бажариш, имтиҳон ва синовларни белгиланган муддатларда топшириш;
  • таълим муассасасининг ва талабалар ётоқхонасининг ички тартиб-қоидаларини бажариш;
  • таълим муассасаси раҳбарларининг кўрсатма ва фармойишларини бажариш.

Жавобгарлик

Ўқишда ўзлаштирмаслик, интизомни, таълим муассасаси ва талабалар ётоқхонасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлик учун, шунингдек Ўзбекистон қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа сабабларга кўра хорижий ўқувчиларга нисбатан таълим муассасаси рўйхатидан чиқариб юборишгача бўлган маъмурий чоралар кўрилиши мумкин;

Ўзбекистон ҳудудида бўлиш қоидаларини бузганлик учун улар белгиланган тартибда республикадан ташқарига чиқариб юборилади.

Ўқиш учун келган хорижий фуқароларнинг зарур маблағлари бўлмаган тақдирда уларни Ўзбекистондан чиқариб юбориш бўйича харажатлар тегишли таълим муассасаси томонидан амалга оширилади.

Таълим жараёни

Таълим муассасаларида ўқув йили 2 сентябрдан бошланади. Таътилларнинг бошланиш ва тугаш вақти, уларнинг давом этиш муддати муайян таълим муассасасининг ўқув режаларига мувофиқ белгиланади.

Ўқишни тугатгандан кейин хорижий фуқароларга маълумоти тўғрисида белгиланган намунадаги тегишли ҳужжатлар берилади.

Chat