Ҳуқуқий ахборот портали

Газ етказиб бериш шартномаси – газ таъминоти ташкилотига газни истеъмолчига узатиш, истеъмолчига эса газ учун тўловни амалга ошириш мажбуриятини юклайдиган битим.

Маиший истеъмолчи – маиший эҳтиёж (овқат тайёрлаш, иссиқ сув ва иситиш каби) учун газдан фойдаланувчи шахс.

Маиший истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари 
  • газ етказиб берилишини талаб қилиш;
  • шартнома бекор қилинганда, фойдаланилмаган газ учун тўланган суммани қайтариб олиш;
  • шартномани бир томонлама бекор қилиш;
  • зарарни қоплашни талаб этиш;
  • газ таъминоти ташкилоти вакилини, қўшимча ҳақ тўламасдан, газ приборларини вақтинча ёки тўлиқ узиб қўйиш мақсадида чақириш.

Маиший истеъмолчилар мажбуриятлари 
  • газдан оқилона фойдаланиш;
  • газ таъминоти ташкилоти билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш;
  • газ ускуналарини соз ҳолатда сақлаш;
  • фавқулодда ва аварияда, куннинг исталган вақтида газ таъминоти ташкилоти ишчиларига хоналарга киришини таъминлаш;
  • мўрилар ва вентиляция каналларининг текширилишини ташкил қилиш;
  • мўрилар ва вентиляция каналларидаги носозликларни тузатиш учун ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар бериш;
  • газ таъминоти ташкилотини турар жойларнинг бузилиши ва қайта қурилиши ҳақида хабардор қилиш;
  • газ таъминоти ташкилотининг мажбурий кўрсатмаларини бажариш;
  • уй ичи газ қувурини мунтазам равишда бўяб туриш;
  • газ ҳиди сезилганда, авария хизматига “104” телефони орқали хабар бериш;
  • Мажбурий ижро бюроси вакилларига соат 08:00 дан 20:00 гача ҳисобга олиш приборларини кўздан кечириш учун кириш имкониятини таъминлаш;
  • газни ҳисобга олиш приборлари тамғаларининг бутунлигини таъминлаш.

Газ таъминоти ташкилоти – газни қабул қилиш, тақсимлаш ва истеъмолчиларга етказиб берувчи ташкилот.

Газ таъминоти ташкилоти мажбуриятлари:

  • газ тармоқларини соз ҳолатда сақлаш ва таъмирлаш-тиклаш;
  • газ тармоқларини даврий кўздан кечириш;
  • газ етказиб бериш қисқарган ёки тўхтаганда истеъмолчиларни хабардор қилиш;
  • газнинг рухсатсиз истеъмол қилинганлиги тўғрисида Мажбурий ижро бюросини хабардор қилиш;
  • шартномага мувофиқ истеъмолчиларга газ етказиб бериш;
  • истеъмолчиларга газ приборларидан хавфсиз фойдаланиш масалалари бўйича эслатмани топшириш.

Истеъмолчи газни ҳисобга олиш приборини қиёсловдан ўтказиш натижасидан норози бўлса, юқори турувчи ташкилотга ёки судга мурожаат қилиши мумкин.