Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилиши Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) томонидан назорат қилинади.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Йўл ҳаракати қоидалари билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

ДЙҲХХ ходими фуқарога мурожаат этганида:

  • ўз лавозимини, унвонини, фамилиясини, исмини, отасининг исмини айтиши;
  • фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини маълум қилиши шарт.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳолати аниқланганда, қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан ДЙҲХХ ходими ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида рақамланган махсус бланкда маъмурий баённома расмийлаштиради.

Жойида жарима олиш қатъиян ман этилади!


Белгиланган тезликни ошириш ва светофорнинг тақиқловчи ишорасига буйсунмаслик ҳолатлари махсус фото ва видео қайд этиш техникаси орқали қайд этилганда маъмурий баённома тузилмайди.

Рухсат этилмаган, сертификатга эга бўлмаган, сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ёки белгиланган тартибда ички ишлар органлари ҳисобида мавжуд бўлмаган махсус мосламалардан (радар) фойдаланиш мумкин эмас.


Қоидабузарлик суд томонидан кўриб чиқиладиган ҳолатлар
  • суд томонидан ҳал этилиши лозим бўлса (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш);
  • ҳуқуқбузар ҳуқуқбузарлик фактини инкор этса.


Ҳайдовчи (пиёда) ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатлардаги ҳуқуқлари
  • ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиш (тақиқланган ҳолат ва ҳудудлардан ташқари);
  • тўхтатиш асосларини, қоидаларнинг қайси бандларни бузганлигини тушунтиришини талаб қилиш;
  • транспорт воситасини тўхтатган ЙПХ ходимидан ўзини таништиришини, хизмат гувоҳномасини кўрсатишини ва кўкрак нишон белгисини маълум қилишини талаб қилиш;
  • хизматни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик;
  • транспорт воситаси кабинасидан чиқмасдан, ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатга киришиш;
  • радар (камера) натижалари билан танишиш;
  • ҳуқуқбузарлик ҳолатини аниқлашда фойдаланилган радар (камера) қиёслаш сертификатларини кўрсатишни талаб қилиш;
  • ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тушунтиришлар бериш;
  • асоссиз тўхтатиб турилмаслигини талаб қилиш;
  • ЙПХ ходими томонидан транспорт воситасини ёки ундаги юкни ташқи кўздан кечириш жараёнида иштирок этиш;
  • ўзи тўхтатилган ҳудудда ЙПХ ходими хизмат олиб бориши мумкинлиги ҳақидаги дислокация кўчирмаси билан шу жойнинг ўзида танишиш ёки махсус тадбирлар ўтказилаётганлиги ҳақида МАДХ — АДХдан маълумот олиш;
  • ҳуқуқбузарлик тўғрисида маъмурий баённома расмийлаштирилганидан сўнг ЙПХ ходимининг дислокацияси сақланаётган саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғидан дислокация ҳақида ёзма маълумот беришни талаб қилиш;
  • ўзига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатлари билан танишиш, улардан ўз ҳисобидан нусха кўчириш ёки уларни фотосуратга олиш;
  • ЙПХ ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, расмийлаштирилган ҳуқуқбузарлик тўғрисида маъмурий баённома ҳамда чиқарилган қарор устидан юқори турувчи орган (мансабдор шахс)га ёки судга шикоят қилиш;
  • ўзи гувоҳи бўлган ҳодиса ҳақида ЙПХ ходимига ҳаққоний маълумотни баён қилиш;
  • бошқа ҳуқуқлар.

ЙПХ ходимининг мажбуриятлари
  • хизмат вазифаларини амалга оширишда мобиль видеокамерадан фойдаланиш (01.07.2019 йилдан), бу ҳақда ҳайдовчига маълум қилиш ва келгусида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун видео ёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш;
  • визуал кузатув ва махсус мосламалардан фойдаланиб қоидабузилишни аниқлаш;
  • йўл ҳаракати қатнашчисини олдига бориш, ўзини таништириш, лавозими, унвони, фамилияси ҳақида маълумот бериш;
  • кўкрак нишон белгисини маълум қилиш ва хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда (бунда ЙПХ ходими томонидан хизмат гувоҳномасини йўл қатнашчиси ихтиёрига бериш тақиқланади) кўрсатиш;
  • йўл ҳаракати қатнашчилари билан вазмин, хушмуомала, одобли ва эътиборли бўлиш, уларга ҳурмат билан ҳамда «Сиз» деб мурожаат қилиш, муомала маданияти ва қонунийликка риоя қилиш;
  • тўхтатиш сабабини, содир этилган ҳуқуқбузарлик юзасидан аниқ, лўнда тушунтириш бериш;
  • йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаракатини чеклаш ёки тақиқлаш;
  • йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жой ҳолатини ўзгартириш, далиллар йўқотилиши ёки йўқ қилинишининг олдини олиш мақсадида ҳодиса жойини ўраб олиш чораларини кўриш;
  • қоидаларни бузган йўл ҳаракати қатнашчисига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштириш чоғида унга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;
  • белгиланган ҳаракатланиш тезлигини оширган ҳайдовчини радар кўрсаткичлари билан таништириш, радарнинг қиёслаш сертификатини кўрсатиш;
  • йўлда жабрланганларга, ҳаёти (соғлиғи) хавф остида қолган шахсларга, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган йўл ҳаракати қатнашчиларига ёрдам кўрсатиш;
  • йўл транспорт ҳодисаси оқибатида шикастланган транспорт воситаларини белгиланган жойга олиб боришда фуқароларга ёрдам кўрсатиш;
  • ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли чораларни кўриш;
  • ҳайдовчини маст ҳолда деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлган тақдирда, уни транспорт воситасини бошқаришдан четлатиш, мастлик ҳолатини аниқлаш учун белгиланган тартибда текширувдан ўтказиш, ҳайдовчи мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширув ўтказилишидан бўйин товлаган тақдирда тегишли маъмурий баённома расмийлаштириш;
  • ЙПХ ходими қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради.

Chat