Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Логопедия шохобчаси мактаб бошланғич синф ўқувчиларининг фанлар бўйича ўқув дастурларини ўзлаштиришларига тўсқинлик қилувчи нутқ нуқсонларининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, жисмоний ва психик ривожланишидаги камчиликларни коррекциялаш, ўқувчиларнинг оғзаки нутқидаги нуқсонларини бартараф этиш учун ташкил этилади.

Логопедия шохобчасини ташкил этиш

Логопедия шохобчаси мактабларда ҳар йили шакллантириладиган логопед ёрдамига муҳтож болалар рўйхатига асосан халқ таълими туман (шаҳар) бўлими мудирининг буйруғи билан ташкил этилади.

Бунда ҳар бир логопедия шохобчасига бир ёки бир нечта яқин масофада жойлашган умумтаълим муассасалари бириктирилади.

Бир нечта умумтаълим муассасалари бириктирилган логопедия шохобчаси унинг учун жой ажратиш имкониятига эга бўлган ҳамда бошқа умумтаълим муассасаларига қатнаш учун қулай жойлашган умумтаълим муассасасида ташкил этилади.

Логопедия шохобчасида ўқитувчи-логопед лавозимида олий маълумотли ўқитувчи-логопедлар ва дефектологлар фаолият юритиши мумкин.

Логопедия шохобчасига ўқувчи қабул қилиш

Логопедия шохобчасига қабул қилинадиган ўқувчиларни аниқлаш ва саралаб олиш учун ҳар йили сентябрь ойининг 3-санасига қадар умумтаълим муассасаси директорининг буйруғига мувофиқ ишчи гуруҳ тузилади.

Нутқий ривожланишида камчилиги бўлган ўқувчиларнинг жисмоний ва психик ҳолатларига аниқлик киритиш мақсадида улар туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси мутахассислари (невропатолог, психоневролог, отоларинголог ва бошқалар) текширувига юборилади. Ушбу мутахассисларнинг хулосалари логопедия шохобчасида (ўқувчининг шахсий йиғмажилдида) сақланади.

Ишчи гуруҳ томонидан нуқсонлари аниқланган ўқувчилар рўйхати умумтаълим муассасаси директори томонидан тасдиқланади ва сентябрь ойининг 15-санасигача халқ таълими бўлимига тақдим қилинади. Мазкур рўйхатга киритилганлик ўқувчини логопедия шохобчасига қабул қилиш учун асос бўлади.

Chat