Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Болалар мусиқа ва санъат мактаби Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг қарори билан ташкил этилади.

Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларига кўра, уларнинг ижодий имкониятларини янада ривожлантиришга йўналтирилган мусиқа (фортепиано, торли чолғулар, эстрада чолғу ижрочилиги, халқ чолғулари, дамли ва зарбли чолғулар, анъанавий чолғу ижрочилиги, анъанавий хонандалик, академик хонандалик, эстрада хонандалиги) ва санъат (хореография, театр санъати, тасвирий ва амалий санъат) йўналишларида фаолиятини амалга оширади.

Болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқувчиларга таълим бериш якка тартибда ёки бир хил ёшдаги ва турли ёшдаги болалар гуруҳларида уларнинг қизиқишларига кўра бир ёхуд бир неча таълим йўналишлари бўйича амалга оширилади. Мусиқа ва санъат мактаблари рўйхати билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтинг.

Ўқишга қабул қилиш

Болалар мусиқа ва санъат мактаби раҳбарияти ҳар йили июнь август ойларида ўқишга қабул қилиш ишларини ташкил этади.

Ўқувчилар болалар мусиқа ва санъат мактабига Маданият вазирлиги томонидан белгиланадиган қабул квоталари доирасида ўқишга қабул қилинади.

Қабул квоталари болалар мусиқа ва санъат мактабининг қуввати, моддий-техника базаси, кадрлар билан таъминланганлик даражаси, таълим йўналишлари бўйича талаб ва эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда шакллантирилади.

Топшириладиган ҳужжатлар

Болалар мусиқа ва санъат мактабига ўқишга кириш учун ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб аталади) ҳар йили 1 август 25 август мобайнида қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • таълим йўналиши (йўналишлари) кўрсатилган ариза;
  • ўқувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
  • ўқувчига белгиланган шаклда берилган тиббий маълумотнома;
  • 3 х 4 ўлчамли 2 та фотосурат.

Имтиҳонлар

Имтиҳонлар ҳар йили 31 августгача ўқувчининг ижодий қобилиятини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Имтиҳонлар қабул комиссияси ҳузурида ўтказилади. Имтиҳонлар бир марта топширилади, қайта топширишга йўл қўйилмайди.

Имтиҳонлар ижодий қобилиятни аниқлаш ва махсус фанлар бўйича қабул синовига бўлинади

Ижодий қобилиятни аниқлаш

Қабул комиссияси ота-онанинг аризасида кўрсатилган таълим йўналиши бўйича ўқувчининг қуйидаги ижодий қобилиятини қабул синовларида аниқлайди:

  • мусиқа (фортепиано, торли чолғулар, эстрада чолғу ижрочилиги, халқ чолғулари, дамли ва зарбли чолғулар, анъанавий чолғу ижрочилиги, анъанавий хонандалик, академик хонандалик, эстрада хонандалиги) йўналиши бўйича мусиқа ритмига мослашиши, қўшиқ айтиши, мусиқани эшитиши ва эслаб қолиши;
  • хореография бўйича жисмонан маъқуллиги (тана ва оёқларнинг эгилувчанлиги), ритмга мослашиши, мусиқани эшитиши;
  • тасвирий ва амалий санъат мутахассисликлари бўйича тасаввуридаги нарса-буюм ёки манзарани чиза олиши;
  • театр санъати мутахассисликлари бўйича шеър ёки монологни ёддан ифодали ўқиши ва овоз ёки ҳаракатга нисбатан тақлид қила олиши.

Махсус фанлар бўйича қабул синови

а) мусиқа (фортепиано, торли чолғулар, эстрада чолғу ижрочилиги, халқ чолғулари, дамли ва зарбли чолғулар, анъанавий чолғу ижрочилиги, анъанавий хонандалик, академик хонандалик, эстрада хонандалиги) йўналиши бўйича — мутахассислик ва сольфеджио фани;

б) санъат йўналишлари бўйича:

  • хореография — мумтоз рақс, партер фани;
  • тасвирий ва амалий санъат — чизма тасвир, ранг тасвир, композиция фани;
  • театр санъати — актёрлик маҳорати, саҳна нутқи, саҳна ҳаракати фани.

Қабул қилиш

Ўқувчининг синовдан ўтган ёки ўтмаганлиги қабул комиссияси аъзоларининг очиқ овоз бериши йўли билан аниқланади. Қабул комиссияси аъзоларининг кўпчилиги ижобий овоз берган тақдирда ўқувчи қабул синовидан ўтган ҳисобланади.

Қабул комиссиясининг раиси барча аъзолардан сўнг овоз беради. Овозлар сони тенг бўлиб қолганда қабул комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Қабул комиссияси ўқувчини ўқишга қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилади. Қабул комиссиясининг ижобий қарорига асосан муассаса директори ўқувчини ўқишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.

Ўқувчиларни ўқув йили давомида ўқишга қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Мусиқа ва санъат мактабида ўқиш муддати

Т/р

Таълим йўналишлари

Қабул ёши

Ўқиш муддати

Мусиқа йўналиши

1.

Фортепиано

6 — 9

7 йил

2.

Торли чолғулар

6 — 9

7 йил

3.

Эстрада чолғу ижрочилиги:

фортепиано, торли чолғулар;

дамли ва зарбли чолғулар

6 — 9;

6 — 11

7 йил;

5 йил

4.

Халқ чолғулари

6 — 11

5 йил

5.

Дамли ва зарбли чолғулар

6 — 11

5 йил

6.

Анъанавий чолғу ижрочилиги

6 — 11

5 йил

7.

Анъанавий хонандалик

6 — 11

5 йил

8.

Академик хонандалик

6 — 11

5 йил

9.

Эстрада хонандалиги

6 — 11

5 йил

Санъат йўналиши

10.

Хореография

6 — 11

5 йил

11.

Тасвирий санъат

6 — 11

5 йил

12.

Амалий санъат

6 — 11

5 йил

13.

Театр санъати

6 — 11

5 йил

Таълим жараёни

Ўқув йили болалар мусиқа ва санъат мактабида 2 сентябрдан келгуси йилнинг 31 майига қадар давом этади ва тўртта чоракка бўлинади.

Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилинади:

  • ўқув йилининг давомийлиги — 34 ҳафта;
  • ўқув ҳафтасининг давомийлиги — 6 кун;
  • дарс машғулотининг давомийлиги — 45 дақиқа;
  • дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги — 5 дақиқа.

Баҳолаш

Ўқувчиларнинг билими ва ижодий маҳорати қуйидаги тартибда баҳоланади: 5 (аъло), 4 (яхши), 3 (қониқарли), 2 (қониқарсиз).

Болалар мусиқа ва санъат мактабида синфдан синфга ўтказиш ва битирув имтиҳонлари ҳар йили 10 май — 31 май мобайнида ўтказилади.

Болалар мусиқа ва санъат мактаби битирувчиларига июнь ойида ўқишни тугатганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.

Битирув имтиҳонларини топшира олмаган ўқувчиларга муассасада ўқиганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

Мактабдан четлаиш

Ўқувчилар қуйидаги ҳолларда мактабдан четлаштирилади:

  • ўз хоҳишига биноан;
  • ўқишнинг бошқа болалар мусиқа ва санъат мактабига кўчирилиши муносабати билан;
  • саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
  • академик ўзлаштира олмаганлиги (қарздорлиги) учун;
  • ўқув интизомини ва муассасанинг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;
  • ўқиш учун белгиланган тўловнинг ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўловдан озод этилган ўқувчилар бундан мустасно);
  • ўқувчининг суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
  • вафот этганлиги сабабли.

Директорнинг ўқувчини болалар мусиқа ва санъат мактабидан четлаштириш тўғрисидаги буйруғига қуйидагилардан бири асос бўлади: ота-онанинг аризаси, педагогик кенгаш қарори, ўқитувчининг билдиришномаси.

Тўловлар

Болалар мусиқа ва санъат мактабида таълим олиш тўлов асосида амалга оширилади.

Бунда бир оиладан икки ёки ундан кўп болалар ўқишга қатнаса тўлов миқдори белгиланган ставканинг 70 % миқдорида ундирилади.

Тўлов ўқув йили (сентябрь — май ойлари) учун тўланади. Тўловлар ҳар ойда келгуси ойнинг 5-санасидан кечикмасдан тўланади. Батафсил ҳавола билан танишинг.

Болалар мусиқа ва санъат мактабларида тўловлар миқдори

Мусиқа ва санъат мактаби жойлашган жой

Йил бошидаги энг кам иш
ҳақига нисбатан фоизларда

Мусиқа йўналиши

Тошкент шаҳри

75

Вилоят марказлари

50

Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа аҳоли пунктлари

30

Санъат йўналиши

Тошкент шаҳри

50

Вилоят марказлари

30

Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа аҳоли пунктлари

20

Тўловдан озод қилиш

Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳам болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқиш учун белгиланган тўловлардан озод этилади.

Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ўқиши учун тўловдан озод этишга халқ таълими туман (шаҳар) бўлимлари томонидан берилган маълумотнома асос бўлади.

Болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқувчилар умумий сонининг 25 фоизи доирасида болаларнинг қуйидаги тоифалари тўловдан озод этилади:

  • мусиқа ва санъат йўналишлари бўйича халқаро (1 — 3-ўринлар) ва республика (1-ўрин) танловларида ғолиб бўлган болалар — бир календарь йил мобайнида (ғолиб деб эълон қилингандан кейинги ойдан бошлаб 12 ой мобайнида);
  • кам таъминланган оилалардан бўлган болалар.

Мусиқа ва санъат йўналишлари бўйича халқаро (1 — 3-ўринлар) ва республика (1-ўрин) танловларида ғолиб бўлган болаларни бир календарь йил мобайнида ўқитиш учун тўловдан озод этишга уларнинг танловда ғолиб бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжати асос бўлади.

Кам таъминланган оилаларнинг болаларини тўловдан озод этиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:

  • а) ота-оналарнинг аризаси;
  • б) оиланинг кам таъминланганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган маълумотнома.

Оиланинг бир аъзосига бир ойда тўғри келадиган жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оилаларнинг болалари тўловдан озод этиладиган болаларнинг рўйхатига биринчи навбатда киритилади.

Рўйхатга кирмаган кам таъминланган оилаларнинг болаларидан захира шакллантирилади.

Тўловдан озод этиладиган болаларнинг рўйхати болалар мусиқа ва санъат мактаби директорининг буйруғи асосида тасдиқланади.

Chat