Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Тўгараклар халқ таълими тизимининг таркибий қисми ҳисобланадилар ва улар таълим-тарбия беришга мўлжаллангандир.

Тўгараклар тегишли ҳокимликнинг қарорига мувофиқ очилади. Тўгараклар мустақил равишда ёки илмий-ишлаб чиқариш, ўқув-тарбия комплекси (маркази) таркибида фаолият кўрсатиши мумкин.

Тўгаракларда таълим бериш бепул амалга оширилади.

Тўгаракларга қабул қилиш

Тўгаракларда ўқувчиларнинг асосий фаолияти бир хил ёшдаги ва турли ёшдаги болалар гуруҳларида уларнинг қизиқишларига кўра (секция, студия, клуб, ансамбль, театр) амалга оширилади.

Машғулотлар бир ёки икки йўналишли дастурлар бўйича, шунингдек, комплекс, тўғридан-тўғри эстетика, театр, санъат, мусиқа, спорт йўналишлари бўйича ўтказилиши мумкин. Ногирон болалар билан якка тартибда ишлар турар жойларда олиб борилади.

Тўгараклар, дастурлар талабларига кўра, бутун ўқув йили учун ҳам, қисқароқ муддатларга ҳам ташкил этилади.

Тўгаракларни тўлдириш май ойида бошланади ва асосан мазкур йилнинг 10 сентябрида тамомланади.

Тўгаракларга қабул қилиш имтиҳонсиз ота-онанинг аризасига асосан амалга оширилади.

Тўгаракда таълим бериш

Тўгаракларнинг машғулотлари мазкур йилнинг 15 сентябридан кечикмай бошланади ва одатда кейинги йилнинг 25 майида тугалланади.

Тўгарак машғулотларининг жадвали ўқувчиларнинг меҳнат қилишлари ва дам олишлари учун қулайроқ кун тартибида, улар ёшининг ўзига хослигини, санитария-гигиена нормаларини ҳисобга олган ҳолда педагогик ходимларнинг тақдимномасига кўра тўгарак маъмурияти томонидан тузилади.

Тўгарак машғулотлари учун ҳамма ихтисосликларни ўқитишнинг биринчи йилида ҳафтада 4 академик соат, иккинчи ва кейинги йилларида ҳафтада 6 академик соат ажратилади. 6 ёшдаги болалар учун тўгарак машғулотлари 35 минут давомида ўтказилади ва у ҳафтада 2 академик соатдан ошмаслиги лозим.

Сайёҳлик-ўлкашунослик тўгараклари дастурининг ўзига хослиги сабабли, ўқувнинг биринчи, иккинчи йилида ва кейинги йилларида ҳафтада 6 академик соат кўзда тутилади.

Ўқувнинг биринчи йилида ҳар бир тўгаракдаги таркиб 10 нафар ўқувчидан кам бўлмаслиги лозим, ўқувнинг иккинчи ва кейинги йилларида эса ўқувчилар 8 нафардан кам бўлмаслиги керак.

Тўгарак ихтисосининг ўзига хослигига кўра (вокал-чолғу ансамбли, хор, рақс ва бошқалар) тўгарак аъзолари сонини кўпайтириш, шунингдек, чуқурлаштирилган муаллифлик дастурлари мавжуд бўлганда, алоҳида истеъдодга эга бўлган болалар якка тартибда машғулотлар олиб бориши мумкин.

Тўгаракни битирган ўқувчиларга қўшимча таълим ёки касб даражаси берилганлиги ҳақида ҳужжат берилади.

Chat