Ҳуқуқий ахборот биз хоҳлаган пайтда эмас, ўзингиз хоҳлаган пайтда олинг

Олий таълим муассасалари битирувчилари тегишли таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштиргандан кейин давлат аттестациясидан ўтишлари мажбурийдир.

Давлат аттестацияси таълим йўналиши (мутахассислиги) ўқув режаларига мувофиқ қуйидаги турлардаги аттестация синовларидан иборат:

  • хорижий тил бўйича якуний давлат аттестация синови (олий таълим муассасаси Кенгаши қарорига асосан ўтказилиши мумкин);
  • таълим йўналиши бўйича фанлараро (умумкасбий ва ихтисослик) якуний давлат аттестация синови;
  • диплом лойиҳаси ҳимояси;
  • битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси) ҳимояси.

Давлат аттестациясини ўтказиш тартиби

Давлат аттестацияси синовлари ёзма, тест ёки оғзаки усулда ташкил этилади.

Давлат аттестациясига ўқув режада назарда тутилган барча синовлардан муваффақиятли ўтган талабалар қўйилади.

Давлат аттестацияси синовлари ва диплом лойиҳаси ёки битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси) ҳимояси ёхуд ихтисослик фанларидан якуний давлат аттестация синови якуний давлат аттестация комиссияларининг очиқ мажлисларида ўтказилади.

Давлат аттестациясига киритилган барча турдаги аттестация синовлари бўйича баҳолар шу куннинг ўзида эълон қилинади.

Давлат аттестациясига киритилган барча турдаги аттестация синовларида муаллифликни ўзлаштиришга (плагиатга) йўл қўйилмайди.

Бундай ҳолат аниқланганда давлат аттестация комиссияси томонидан битирувчига тегишли аттестация синовидан қониқарсиз баҳо қўйилади ёки қўйилган ижобий баҳо бекор қилинади.

Давлат аттестация натижаси

Давлат аттестация комиссияси битирувчиларнинг давлат аттестацияси синовлари натижалари асосида уларга таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича бакалавр (магистр) даражаси бериш ҳақида қарор қабул қилади.

Якуний давлат аттестация комиссияларининг қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан, мажлисда иштирок этувчиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

 Давлат аттестацияси синовидан ўта олмаган шахс ўқиш муддати тугагандан сўнг, якуний давлат аттестацияси синовини кейинги йилларда қайта топшириш ҳуқуқига эга.

Аппеляция

Давлат аттестацияси синовларида олган баҳосига эътироз билдирган битирувчиларнинг аризалари апелляция комиссиясида кўриб чиқилади.

Баҳодан норози бўлган битирувчилар 3 кун ичида апелляция комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Апелляция комиссияси ўз хулосасини битирувчига 1 кун муддат ичида маълум қилиши лозим.

Chat